Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Оила аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 
 

Оилада фарзандларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган бўлиб, бу ҳуқуқлар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? деган саволга уламоларимиз қуйидагиларни зикр қиладилар:

  1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам наслу насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
  2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш. Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасдан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди. “Талхийс” номли китобда Оиша (р.анҳо)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган:

عَنْ عَائِشَةَ مَرْفُوعًا : { تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ ، وَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ ، وَانْكِحُوا إلَيْهِمْ }

“Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг”[1].

Оила қурилар экан ота-онанинг эътиқодлилиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби, улардаги хислат, фазилатлар, ёмон одатларнинг болага кўчиши – исбот талаб этилмайдиган ҳақиқат.

  1. Эмизиш. Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса онанинг вазифаси. Шаръий, узрли сабабга кўра она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло:

         وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ (233)

Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар[2], дейди.

Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдакнинг жисман ва руҳан ўсиши учун онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ровожланишига ҳам бу омил муҳим ўрин тутади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Ҳозирда олимлар ҳам  чақалоқнинг икки йил мутассил эмизилишини маъқуллашмоқда. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксар буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари фақат ҳалол луқма едиргани, оналари уларни бетаҳорат эмизишмагани манбааларда айтиб ўтилган. Бу эса уларнинг маънан етук бўлиб улғайишларига сабаб бўлган.

  1. Боланинг ота-она зимммасидаги ҳақларидан бири, унга муносиб исм танлашларидир.

Фарзандга маънодор, чиройли исм қўйиш лозим. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий ўзининг “Китобул бирри вас силати”сида Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда: “Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида кечган масалаларни эслаб, “Бас, бир киши: “Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига, мени исмсиз тарк қилдинг-ку!” дейди”, деди.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозим. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин. Балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

أحب الأسماء إلى الله ما تعبد به

Пайғамбар (с.а.в.) “Исмларнинг  Аллоҳ таолога  севиклиси, бандаликни билдирувчисидир”, деганлар. Шунинг учун, Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи, Абдуллоҳ, Абдурроҳман, Абдуссаттор ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи, Ҳамидуллоҳ каби номлар мақбул исмлар ҳисобланади.

 Бунга Пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг муборак исмларини мисол келтиришимиз мумкин. Қизларни ҳам ўтган аҳли иймон момоларимизнинг, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи номлар билан атаган маъқул.

  1. Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.

“Ақийқа” луғатда ёрди маъносини англатиб, аслида янги туғилган боланинг сочига  айтилади.  Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади.
Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун “ақийқа” дейилади. Шу муносабат билан қурбонликка жонлиқ сўйилиши шу маънони англатади.  Истеъмолда шу маънода кўп ишлатилгани учун “ақийқа” деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила қўй сўйиш амаллари  англанадиган бўлиб қолган.

عَنْ سَلْمَانَ بْنِ عَامِرٍ الضَّبِّيِّ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَعَ الْغُلَامِ عَقِيقَةٌ فَأَهْرِيقُوا عَنْهُ دَمًا وَأَمِيطُوا عَنْهُ الْأَذَى

Салмон ибн Омир аз-Зоббий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади.
”Набий (с.а.в.): “Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг” – дедилар”. Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ҳадисдаги бу жумлани, янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан, деб тушинилади. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир. “Бас, унинг учун қон чиқаринг”. Яъни, янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандоқ бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَقَّ عَنْ الْحَسَنِ وَالْحُسَيْنِ كَبْشًا كَبْشًا

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий (с.а.в.) Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларга  биттадан қўчқор сўйиб ақийқа қилдилар”. Сунан эгалари ривоят қилган.

  1. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.

عَنْ عُبَيْدِ اللَّهِ بْنِ أَبِي رَافِعٍ عَنْ أَبِيهِ قَالَ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَذَّنَ فِي أُذُنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ حِينَ وَلَدَتْهُ فَاطِمَةُ بِالصَّلَاةِ

Убайдуллоҳ ибн абий Рофеъ (р.а.)нин отасидан ривоят қилинади. “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим”[3].

Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандоқ ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.

Ривоятлардан бирида: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас”, дейилган. Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.

  1. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Менинг ўғлим туғилганда уни Набий (с.а.в.)нинг ҳузурларига олиб бордим. У зот уни Иброҳим, деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди”. Икки шайх ривоят қилган.

Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига олиб борар эдилар. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни аҳли солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган.
”У зот уни Иброҳим, деб номладилар” Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли “хурмо ила танглайини кўтардилар”. Ёш боланинг танглайини кўтариш, катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Пайғамбар (с.а.в.) деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир. “ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар”. Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.

  1. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
  2. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
  3. Нафақа. Болаларнинг нафақаси. Уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол пок бўлиши матлубдир. Фақир ёш боланинг нақафаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили. Аллоҳ таоло: “У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир”[4], деган.

Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди.

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ هِنْدَ بِنْتَ عُتْبَةَ قَالَتْ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ أَبَا سُفْيَانَ رَجُلٌ شَحِيحٌ وَلَيْسَ يُعْطِينِي مَا يَكْفِينِي وَوَلَدِي إِلَّا مَا أَخَذْتُ مِنْهُ وَهُوَ لَا يَعْلَمُ فَقَالَ خُذِي مَا يَكْفِيكِ وَوَلَدَكِ بِالْمَعْرُوفِ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ҳинд бинти Утба: “Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур”, деди.

“Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол”, дедилар у зот. Икки Шайх ривоят қилишган.

Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни, боланинг нафақси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.

  1. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота – онанинг вазифаси.

أَنَّ أَبَا هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَبَّلَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْحَسَنَ بْنَ عَلِيٍّ وَعِنْدَهُ الْأَقْرَعُ بْنُ حَابِسٍ التَّمِيمِيُّ جَالِسًا فَقَالَ الْأَقْرَعُ إِنَّ لِي عَشَرَةً مِنْ الْوَلَدِ مَا قَبَّلْتُ مِنْهُمْ أَحَدًا فَنَظَرَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ثُمَّ قَالَ مَنْ لَا يَرْحَمُ لَا يُرْحَمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: “Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Бас, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга назар солдилар ва: “Раҳим қилмаганга раҳим қилинмас”, дедилар”[5].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўта болажон зот эдилар. У зот болалар ичида ўз набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: томонларидан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.

عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَأْخُذُنِي فَيُقْعِدُنِي عَلَى فَخِذِهِ وَيُقْعِدُ الْحَسَنَ عَلَى فَخِذِهِ الْأُخْرَى ثُمَّ يَضُمُّهُمَا ثُمَّ يَقُولُ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُمَا فَإِنِّي أَرْحَمُهُمَا

Усома ибн Зайд (р.а)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: “Эй Аллоҳим! Иккисини раҳим қилгин, мен уларга раҳим қилурман”, дер эдилар”.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَدِمَ نَاسٌ مِنْ الْأَعْرَابِ عَلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالُوا أَتُقَبِّلُونَ صِبْيَانَكُمْ فَقَالُوا نَعَمْ فَقَالُوا لَكِنَّا وَاللَّهِ مَا نُقَبِّلُ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَمْلِكُ إِنْ كَانَ اللَّهُ نَزَعَ مِنْكُمْ الرَّحْمَةَ

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: “Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз”, деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғириб олган бўлса мен нима ҳам қила олар эдим”, дедилар”.

Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.

  1. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота – онанинг вазифасидир. Бир ривоятда: “Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар”, дейилган. Бешовлари ривоят қилган. Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду-ҳасад, фитна кучаяди. Агар шаръий узр ила, сабаб бўлса ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ бошқасига озроқ мол берса   бўлади :           
    Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
  2. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар.

Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.

  1. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ عَلَيْهَا مَلَائِكَةٌ غِلَاظٌ شِدَادٌ لَا يَعْصُونَ اللَّهَ مَا أَمَرَهُمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ (6)

Эй, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар”[1]. (Таҳрим сураси, 6-оят) деган.

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.
Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор.

قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلِّمُوا الصَّبِيَّ الصَّلَاةَ ابْنَ سَبْعِ سِنِينَ وَاضْرِبُوهُ عَلَيْهَا ابْنَ عَشْرٍ

Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса уринг” , деганлар.

Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг: “Эй, Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?” деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар”, деб жавоб берган эканлар.

Ҳазрати Али: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб айтганлар.

Кўрдикки, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳам улуғ экан. Болани дунёга келтириб қўйган билан иш битмайди. Ота-онанинг фарзандларига илм ва яхши ахлоқ тарбиясини, хусусан бадан тарбиясини ҳам бериш, жисмонан чиниқтириш, хусусан сузишни ўргатиш каби вазифалари бор. Ота-она болани одобли, ахлоқли қилиб вояга етказганлари учунгина олқишга сазовор бўладилар.

            Сўзимиз ниҳоясида Аллоҳ таолодан етмларга ва камбағал ночор оила фарзандларига ғамхўрлик ва меҳрибонлик қилаётган  ва  уларнинг ҳатто таълим олишларида ҳам ёрдам бераётган инсонларнинг қилаётган хайрли ишлрида яна бардавом қилиши, ва хайрли ишларда бош бўлиб юришларини  муяссар этишини ва  ўз фарзандларидан воз кечаётган ота ва оналарга  ҳам инсоф беришини  ва ота –оналарининг ҳолидан хабар олмайдиган ва уларнинг ҳурматларини жойига қўймайдиган, ота-онасининг  иззат икром қилиш уларнинг яхши сўзлар билан кўнгилларини олиш ўрнига уларнинг хўрлайдиган  ва турли хил таҳқирлов сўзларни айтиб уларни ранжитадиган ноқобил фарзандларга ҳам ўзи инсоф-у тавфиқ ато этишини ва ота оналарининг тириклик чоғларида  уларга доимо иззат икром кўрсатган ва яхши сўзларни  айтиб ота оналарини кўнгилларин кўтарган ва ота-оналари  вафот этганларидан сўнг ҳам ота-оналарининг дўст ва яқин кишиларини ҳурматларини жойига қўйган солиҳ фарзандларнинг қиладиган яхши амалларини зиёда қилишини ва уларга ҳам халқига миллатига динига хизмат қиладиган солиҳ фарзандларнинг ота-онаси бўлишдек бахтга   етиштиришини сўраймиз. Омин!

[1] Ибн Можа ва Дора Қутний ривоят қилган.

[2] Бақара сураси, 233-оят

[3] Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган

[4] Бақара сураси, 233-оят

[5] Имом Бухорий, Абу Довуд ва имом Термизий ривоят қилган

Нажмиддин Ҳамзаев - Ургут туман "Ғўс" жоме масжиди имом-хатиби 


Киритилган вақти: 07/03/2020 14:12;   Кўрилганлиги: 1861
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/oila-azolarning-huquq-va-majburiyatlari
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 11:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг