Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

ИСЛОМ ШАРИАТИДА ФАРЗАНД АСРАБ ОЛИШ

 
 

Жоҳилият даврида фарзанд асраб олиш масаласи Қуръони Каримнинг “Аҳзоб” сурасида:

وَمَا جَعَلَ أَدْعِيَاءَكُمْ أَبْنَاءَكم  (  سورة الأحزاب-4)

“…ва асранди болаларингизни сизга фарзанд қилган эмас[1]

дейилмоқда. Арабларда бола асраш, хусусан ўғил болани асраб ўзига ўғил қилиб олиш одати бор эди. Бу ҳолат айниқса урушда асир тушганларни ўғил қилиб олиш борасида кўпроқ содир бўлар эди. Жоҳилият арабларидан ҳар бири бошқа бир одамнинг ўғлини ўзиники қилиб олиши мумкин бўлиб, бу ҳолат жуда кенг тарқалган эди. Бир одам бировнинг боласига “Сен менинг ўғлимсан, мен сенга меросхўрман, сен менга меросхўрсан” деса ва бола буни қабул қилса иш битди ҳисоб. Бола унга ўз сулбидан бўлган ўғлидек бўлар, мерос, никоҳ, талоқ ва бошқа ҳукмларда ўз ўғлига нима муомала қилинса, асранди болага ҳам шу муомала қилинар эди.

Аллоҳ таоло иродасидаги ҳикматга биноан Муҳаммад (с.а.в.) ҳам пайғамбар бўлишларидан олдин араблар одати бўйича Зайд исмли болани асранди ўғил қилиб олган эдилар. Бу воқеанинг ҳам ўзига яраша тарихи бор, уламоларимиз бу қиссани батафсил ёзиб қолдиришган:

Зайд онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганларида улар устига араб қабилаларидан бири бостириб келиб қолади, ўшанда Зайд ҳам асирга тушганлар билан бирга Маккага келтирилади. Уни Хадича бинти Хувайлид хоним сотиб оладилар. У киши Расулуллоҳ (с.а.в.)га турмушга чиққанларидан сўнг, ул зотга Зайднинг заковати ва етуклиги ёқиб қолганлигини мулоҳаза қилиб ҳадя қиладилар. Зайд Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хизматларини қилиб юради.

Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шарҳабил ўғли асирга тушганидан сўнг унинг фироқида кечаю-кундуз йиғлар эди, унинг ҳақида шеърлар айтар эди. Кунларнинг бирида Ҳорисага ўғли Зайд Маккада Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурида эканлиги хабари етди. Дарҳол укаси билан Маккага келиб Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.)ни излаб топди ва:

“Эй Муҳаммад, албатта сизлар Байтуллоҳнинг аҳлисизлар, асирга тушганларни озод қиласизлар, асирга таом берасизлар. Менинг ўғлим сизнинг ҳузурингизда экан, уни бизга беринг, унинг тўлови ҳақида бизга яхшилик қилинг. Албатта сиз ўз қавмининг улуғи бўлган зотнинг зурриёдисиз. Унинг тўловига нимани истасангиз берамиз” деди.

Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен сизларга бундан ҳам яхшироқ нарсани бераман” дедилар. Улар “У нарса нима?” деб сўрашди. У зот (а.с.):

“Ҳузурингизда уни ўз ихтиёрига қўяман, агар у сизларни ихтиёр қилса уни тўлов бермай олиб кетаверасизлар, агар у мени танлайдиган бўлса, мен ўзимни ихтиёр қилган киши учун тўлов оладиган одам эмасман” дедилар. Улар:

“Жуда яхши қиласан, Аллоҳ сенга яхши мукофотлар берсин” дейишди.

Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайдни чақириб:

“Эй Зайд, анавиларни танийсанми?” деб сўрадилар. У:

“Ҳа, буниси отам, анавиниси амаким” деди. Расулуллоҳ (с.а.в.):

“Эй Зайд, бу отанг, бу амакинг, мен ўзинг билган одамман, биздан кимни хоҳласанг танла” дедилар. Шунда Зайднинг кўзларидан ёш оқа бошлади ва:

“Мен сиздан бошқа ҳеч кимни ҳеч қачон ихтиёр қилмайман. Сиз мен учун ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз” деди. Отаси билан амакиси:

“Ҳой Зайд, ҳурликни қўйиб қулликни танлайсанми?” дейишди. Зайд уларга: “Албатта мен бу одамдан шунчалар яхшилик кўрдимки, энди ундан ажрай олмайман, мен ҳеч қачон ундан бошқа одамни ихтиёр қила олмайман” деди. Сўнгра Расулуллоҳ (с.а.в.) одамлар ҳузурига чиқдилар ва:

“Гувоҳ бўлинглар Зайд менинг ўғлимдир, мен унга меросхўрман ва у ҳам менга меросхўр” дедилар.

Зайднинг Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурларида қанчалик икром, эъзозга эга эканлигини кўрган отаси ва амакиси кўнгиллари таскин топиб ортга қайтдилар. Қуръони Карим оятлари тушиб асранди ўғил бекор қилингунча “Зайд ибн Муҳаммад” деб чақирилиб юрди.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) Зайд ибн Ҳорисани аввал айтилганидек Аллоҳ таоло ирода қилган бир ҳикмат билан асранди ўғил қилиб олганларини ёдимизда тутайликда яна жоҳилият аҳлининг бошқа бировнинг боласини ўзига фарзанд қилиб олишдек номаъқул одатига қайтайлик. Аллоҳ таоло ушбу оят билан бу одатнинг ботил эканини баён қилди.

Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бировнинг боласини бошқа одам ўзига фарзанд қилиб олиш одатини бекор қилмоқда.

Аллоҳ асранди фарзандлар ҳақида қуйидаги йўлни кўрсатади:

ادْعُوهُمْ لِآَبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ فَإِنْ لَمْ تَعْلَمُوا آَبَاءَهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ فِي الدِّينِ وَمَوَالِيكُمْ وَلَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ فِيمَا أَخْطَأْتُمْ بِهِ وَلَكِنْ مَا تَعَمَّدَتْ قُلُوبُكُمْ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا (5)  ( سورة الأحزاب)

Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу, Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир. Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ. Аммо дилдан қасд қилган бўлсангиз, Аллоҳ ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зот[2].

Бу оятлар нозил бўлгунча, одамлар бировнинг боласини ўғил қилиб олиб юрганлар. Инсонлар жамиятдаги мавжуд тушунча, урф-одатлар билан иш тутишган. Энди эса, оят нозил бўлиб, бу одатни ботил қилди. Ўз-ўзидан, одамларда: нима қилиш керак, аввал асраб олинган фарзанд хусусида нима қиламиз, олдинги ишларимиз учун ҳам жавоб берамизми, каби саволлар пайдо бўлди. Ушбу ояти карима ана шу саволларга жавоб бермоқда. “Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу, Аллоҳнинг наздида тўғридир.[3]

Яъни, асраб олинган фарзандларни асраб олган одамнинг номи билан эмас, ўзининг ҳақиқий отасининг номи билан чақиринглар.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ўз китобларида Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا

أَنَّ زَيْدَ بْنَ حَارِثَةَ مَوْلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا كُنَّا نَدْعُوهُ إِلَّا زَيْدَ بْنَ مُحَمَّدٍ حَتَّى نَزَلَ الْقُرْآنُ

{ ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِنْدَ اللَّهِ }

 “Расулуллоҳнинг “мавло” – яъни дўстлари Зайд ибн Ҳорисани Зайд ибн Муҳаммад деб чақирар эдик. Қуръони Каримни “Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар, ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир” ояти нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ (с.а.в.) Зайдга “Сен Зайд ибн Ҳориса ибн Шарҳабилсан” дедилар.

Агар оталарини билмасангиз, улар сизнинг дин қардошларингиз ва дўстларингиздир”.

Мабодо асраб олинган боланинг ҳақиқий отаси ким эканлиги маълум бўлмаса “Улар сизга ислом дини бўйича қардош бўладилар. “Дин қардошим” деб мурожаат қилинглар, ёки мавло-дўстларинг бўладилар, “эй дўстим” деб мурожаат қилинглар. Аммо зинҳор “ўғлим, фарзандим” деб мурожаат қилманглар.

Ушбу оятлар тушгунча бировнинг боласини “ўз фарзандим” деб унга ўз сулбидан бўлган фарзандига қилган муомалани қилиб юрганлар бу ҳақидаги илоҳий ҳукмни билмаган эдилар.

“Билмасдан қилган хато нарсангиз учун сизга гуноҳ йўқ”.

Шунинг учун бу оятлар тушгунича қилган ишларингизни ўйлаб, хижолат бўлманг, энди ҳукмни билдингиз унга амал қилишга ўтинг.

Аммо ўша ишни билмасдан эмас, билиб туриб қилган бўлсангиз, гуноҳга қоласиз. Бировнинг боласини “ўз болам” деб даъво қилиш гуноҳ эканлигини билиб туриб шу ишни қилсангиз гуноҳ бўлади.

“Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир”.

Билмай қилинган хатоларни кечиради ва Ўзи тўғри йўлни лутф билан кўрсатади. Дилингиздан қасд қилган бўлсангиз ҳам, тавба қилсангиз Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир, кечиради. Яъни билмасдан қилинган хато учун Аллоҳ сизни гуноҳкор қилмайди. Аммо қасддан қилган гуноҳингиздан ҳам қайтишга йўл бор.

Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, биров бегона болани ўз номига ўтказиб олиши, уни “ўз болам” дейиши ҳаромдир. Шунингдек, бировни “отам” деб танлаши ҳам катта гуноҳдир.

Ислом шариатида фарзанд асраб олишга бўлган муносабат

عَنْ سَعْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَنْ ادَّعَى إِلَى غَيْرِ أَبِيهِ وَهُوَ يَعْلَمُ أَنَّهُ غَيْرُ أَبِيهِ فَالْجَنَّةُ عَلَيْهِ حَرَامٌ

Саъд (р.а)дан ривоят қилинади .У киши мен

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг “Ким ўзи билиб туриб отасидан бошқанинг боласиман деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир” деганларини эшитдим дедилар.

Чунки ислом кўзда тутган беш катта масаладан бири инсон наслини муҳофаза қилишдир. Шунинг учун ҳам никоҳ, талоқ, идда ва шунга ўхшаш кўплаб ҳукмлар жорий қилинган. Ҳамма нарса инсон наслининг тоза, пок, очиқ-ойдин бўлишига қаратилган. Агар шундай қилинмаса ҳаром ва ҳалол аралашиб ота боласини, бола отасини, она қизини, қиз онасини, ака синглисини, сингил акасини танимайдиган бўлиб кетади, инсоният ҳалокатга учрайди. Насли бегона бўлган болани ўз наслидан бўлган болалари қаторига қўшиш билан кўпгина ҳаром-ҳариш ишлар юзага чиқади. Маҳрамлик, номаҳрамлик қоидалари бузилади. Бир куни келиб ота ўз қизига ёки ака ўз синглисига уйланиб қолиши мумкин. Мерос масаласида ва бошқа кўпгина масалаларда ўнглаб бўлмас хатолар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун ҳам исломда бу иш ҳаром қилинган.

Аммо бу дегани етим болани, қийинчиликда қолган оиланинг боласини боқиб қараш, тарбия қилиш мумкин эмас дегани эмас. Аксинча бундай қилинса жуда ҳам савоб бўлади, бу ишларни қилиш керак, лекин болани ўз боласидек номига ўтказиб олиб эмас балки у аслида кимнинг фарзанди бўлса ўшанинг номида қолдириб, шариат ҳукмига мувофиқ қилиш керак.

Ислом оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берган, оила доимо пок, мустаҳкам бўлиши, шариат ҳукмига биноан яшаши учун барча чораларни кўрган, чунки оилалар пок бўлмагунича жамият покланмайди, оилалар мустаҳкам бўлмагунича жамият мутсаҳкам бўлмайди. Жамиятда эътиқодли инсонларнинг кўпайиши, оилада ҳамиятнинг устун қўйилиши оқибатида юзага келади. Ҳа, машойихлар айтгани сингари оила  барча хайрли амалларнинг бўсағасидир.

Исломнинг бола тарбиясига берган аҳамиятини қанча гапирсак шунча оз. Шу ўринда бир нарсага ишора қилишни лозим, деб ўйлайман. Маълумки, динимизда жонли нарсаларнинг ҳайкаллари ҳаром қилинган, айниқса уйларга сурат осиш, одам ёки ҳайвон шаклидаги нарсаларни қўйиш манъ этилади. Аммо тарбияга бўлган улкан эътибор туфайли қизларга қўғирчоқ ўйнашга рухсат берилган. Чунки улар келажакда она бўладилар...

Фарзанд – Аллоҳ берган улуғ неъмат. Ота-она бу неъматга шукр қилишлари лозим. Шукрнинг асосийси – фарзандни неъмат берувчи зот бўлмиш Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбия эса, эмизишдан бошланади. Бу ишда ота-онанинг келишмовчиликлари, ораларининг бузилиши узр бўла олмайди. Катталарнинг жанжали туфайли мурғак гўдак зарар тортмаслиги, унга Аллоҳ берган ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинмаслиги керак. Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ривожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Бу Қуръоний ҳақиқатни адашган инсоният бир минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг, гўдак бола учун энг яхши озуқа онанинг сути ва унинг тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда. Мусулмонларга Аллоҳнинг Ўзи буни Қуръони Каримда айтиб қўйган.

 وَالْوَالِدَاتُ يُرْضِعْنَ أَوْلَادَهُنَّ حَوْلَيْنِ كَامِلَيْنِ لِمَنْ أَرَادَ أَنْ يُتِمَّ الرَّضَاعَةَ

سورة البقرة  (233)

Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар[4].

Оналар фарзандларини икки йил эмизар эканлар, албатта, оталарига ҳам ўзига яраша вазифа юклаган. Улар: онаси билан ажралиб кетганман, деб ўзини четга олиб туришга ҳақлари йўқ, балки:

وَعَلَى الْمَوْلُودِ لَهُ رِزْقُهُنَّ وَكِسْوَتُهُنَّ بِالْمَعْرُوف  سورة البقرة  (233)          

Уларни яхшилаб едириб, кейинтириш отанинг зиммасидадир[5].

Бу ишни яхшилаб адо қилиш керак, номига эмас. Аммо ҳаддан ҳам ошмаслик керак..Зеро

 لَا تُكَلَّفُ نَفْسٌ إِلَّا وُسْعَهَا سورة البقرة  (233)

Ҳеч бир жонга имкондан ташқари таклиф бўлмас[6].

Яъни, бу нафақа ишида ҳам, отанинг иқтисодий ҳолига қаралади. Унинг имконидан ташқари, ортиқча таклиф қилинмайди. Демак, она болани эмизсин, ота уни боқиб, кийинтирсин, ҳаммаси имконига яраша бўлсин:

Онанинг боласи сабабидан зарар тортиши – эр томонидан унга емоқ-ичмоқ ва кийинмоққа нафақа бермаслиги ёки оз бериши, шунингдек, эмизишга қўймасдан болани ундан тортиб олиш каби ишларни қилиши мумкин эмас. Боласи сабабидан отанинг зарар кўришига онанинг қўполлиги, ҳаддан ташқари кўп нафақа сўраши, бола сабабли турли ёмонликлар қилиши киради.

وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلَاقٍ نَحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُمْ إِنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْئًا كَبِيرًا  سورة الإسراء(31)

Болаларингизни фақирликдан  қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни  ҳам, сизларни  ҳам ризқлантирармиз. Уларни ўлдириш,  катта хатодир[7].

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 544 бет. “Шарқ”, Тошкент 2008

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 546 бет. “Шарқ”, Тошкент 2008

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 546 бет. “Шарқ”, Тошкент 2008

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз, 234 б. “Шарқ”, Тошкент 2008

[5] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз, 234 б. “Шарқ”, Тошкент 2008

[6] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз, 234 б. “Шарқ”, Тошкент 2008

[7] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 3-жуз, 416 б. “Шарқ”, Тошкент 2008

Нажмиддин Ҳамзаев - Ургут туман "Ғўс" жоме масжиди имом-хатиби 


Киритилган вақти: 04/03/2020 15:28;   Кўрилганлиги: 231
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/family/islom-shariatida-farzand-asrab-olish
Чоп этилган вақт: 04/06/2020 20:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг