Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Фарзанд тарбиясида одоб-ахлоқнинг ўрни

 
 

Маълумки ҳар бир ота-она фарзандини баркамол бўлиб вояга етишини чин дилдан хоҳлайди ва бу борада барча машаққат ва қийинчиликларни бартараф этиш учун ҳаётини бахш этади. Фарзандларини соғлом бўлиб ўсишга, уларнинг таълим-тарбиясига аҳамият қаратади, уларни келажаги порлоқ, солиҳ инсонлар бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имконияттларини сарф қилади. Зеро, ёшлар юртнинг келажагидир. Келажак тўғрисида қайғурмаслик, келажак уммат тўғрисида ўйламаслик юртнинг келажагига бепарво бўлишликдир.

Ҳар бир жамиятнтнг фуқароси шу жамиятнинг келажаги тўғрисида эътибор, аҳамият бериши, бу жамиятнинг келажагини ўйлаши лозимдир. Муқаддас динимизда ҳам ёшлар, фарзандлар, уларнинг одоб-ахлоқи, келажаги тўғрисида жуда катта аҳамият берилган. Жумладан Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг”, деб буюрган (Тахҳим, 6). Демак, аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларида, ёшларларга ҳар жиҳатдан яхшилик қилишга чақирилади: Мен сизларга ёшлар ҳақида яхшиликни васият қиламан”. Бу Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматига бўлган васиятларидир.

Соғлом бола деганда нафақат фарзандларимизнинг жисмоний соғлигига эътибор, балки уларнинг юксак маънавий ахлоқли бўлиб вояга етиши ҳам назарда тутилаётганини ҳис қилишимиз керак. Уларнинг маънан ва жисмонан соғлом, ватанини севувчи, ота-онасини ҳурмат қиладиган, халқнинг кориҳолига манфаатли бўлиб ўсишига эътибор қаратишимиз  лозим.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Киши учун ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ  садақа қилганидан яхшироқдир”, дедилар.Термизий ривояти.

Кўпчилик кишилар савоб умидида пешона териси билан топган маблағини хайри-эҳсон қилишади. Баъзида бу сарф-харажатлар фарзандлар ҳисобидан бўлиши ҳам мумкин. Яъни, уларга ишлатилиши керак бўлган маблағлар савоб умидида хайр-эҳсонга сарфланади.

      Аслида эса боланинг одобли бўлиши учун қилинган хизматнинг ўзи худди садақа қилганнинг савобига тенг. Ота-она фарзандига одоб берар экан, уларга садақа қилганлик савоби ёзилиб туради.

      Айюб ибн Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дедилар.Термизий ривоти.

Ислом дини бола тарбиясига у ҳали дунёга келмасдан олдин, оила қуришга тайёргарлик кўриш пайтидан бошлаб қайғура бошлайди. Оила қурилгандан сўнг одоб ва ахлоқ муомаласига янада эътибор кучаяди. Оилада ота ва онадаги ҳар бир хислат, у хоҳ мақталадиган ёхуд ёмон илатлар бўлсин болага кўчиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Зеро, фарзандлар маънавий соғлом бўлиб ўсиши учун ота-она ўртасида гўзал муносабат бўлиши шарт.

Шундай экан болаларга одоб беришда ғайратли бўлишимиз кераклигини унутмайлик. Агар ҳар бир оила ўзининг боласини одобли қилиб тарбияласа, жамиятдаги барча оилалар тарбияли бўлади. Бундай одобли оилалардан барпо бўлган жамият ҳам одобли, обод жамият бўлади. Бу эса жамиятни гуллаб яшнаши учун, озод ва обод ватанни пойдеврини қуришга асос бўлиб қолади.   

 Абдуманнон МУРОДОВ – Булунғур тумани “Оломон” жоме масжиди имом хатиби   вазифасини бажарувчи


Киритилган вақти: 15/02/2020 11:26;   Кўрилганлиги: 1521
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/family/farzand-tarbiyasida-odob-axloqning-orni
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг