Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Зиё манбаи (китобхонлик ҳақида)

 
 

Бутун оламларни йўқдан пайдо қилган Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлигига муносиб ҳамду санолар ҳамда охират умматига улкан илм-у ҳикмат ва бемисл гўзал ахлоқ ила юборилган, севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат-у саломларимиз бўлсин. Аллоҳ таоло инсонни фитратан, илмга муҳтож қилиб яратган. Шу сабабли инсонлар умри давомида кимдандир, ниманидир ўрганиб, ёки кимгадир ҳаёт тажрибаларида тақлид қилиб яшашга ҳаракат қилади. Бу ҳаётни илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Илмсиз кишининг ҳаёти доим зулматда бўлади. Илм бу нурдир. Қоронғудаги инсонга чироқ қанчалар зарур бўлса, бу ҳаётда истиқомат қилаётган инсонга ҳам илм шу қадар зарурдир. Буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Ибн Исмоил Ал-Бухорий айтганларидек “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмайди ҳам!”

Биз истиқомат қилиб турган ҳаётимизда илмлар кўп, уларнинг орасида фойдалиги ҳам ва аксинча зарарлиги ҳам мавжуд. Инсон қайси илм, икки дунё саодатига етказишини билишдан ожиздир. Шу боис инсонга тўғри йўл кўрсатадиган мураббий устоз керак. Бахт-у иқболли бўламан деган инсон ҳаётини устозсиз тасаввур қила олмайди. Аллоҳ таолонинг ҳақиқий зиё манбаи бўлмиш улуғ каломуллоҳи Қуръони каримнинг бошида келган, “Уммул қуръон” деб номланмиш “Сураи-фотиҳа”нинг илк ояти “Алҳамду лиллаҳи роббил аъламин”, яъни барча мақтов, шукурлар оламларнинг Роббиси Аллоҳга бўлсин, деб бошланади. Бунда Аллоҳ таоло ўзининг гўзал исмларидан Роб исмини келтиришининг ҳикмати бутун бандаларига мураббий устоз, тарбия берувчи аввало ўзи эканини таълим берган. Аллоҳ таоло бандаларининг икки дунёда ҳам бахтга етказадиган илмни, бандалар орасидан энг омонотдор ва гўзал ҳулқ ила тарбияланган ўзининг ҳабиби ва улуғ бандаси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади. Бутун олам жаҳолат ботқоғига ботиб, инсон илмсизлик сабабидан ўзлигини унутиб, ҳатто ўз қиз фарзандларини беайб норасида гўдаклигидаёқ тириклайин кўмишгача борган бир замонда, жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ муаллим бўлиб келиб, бутун оламни зулматдан ёруғлик сари етаклаб чиқарди. Инсон жамиятда ўзлигини англади. Илмсизлик туфайли қилган хатоларига қаттиқ пушаймон бўлди. Илм олиш натижасида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам замонидаги инсонлар то қиёмат кунигачан, бутун халққа ўрнак бўладиган шахсларга айланди. Дарҳақиқат жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва ул зоти шарифнинг илм-у маърифатидан ўзларини ислоҳ қилиб яшаб ўтган инсонларнинг ҳаёт йўллари то бугунгача бутун эл-у халққа сўнмас зиё маёғи бўлиб келмоқда. Илм-маърифатдан узоқ бўлган инсон, ким бўлишидан қатъий назар у қадрсиздир. Унинг қалби, онги ҳақиқатни кўришдан ожиздир. У ҳақдан тўсилгандир. Аллоҳ таоло каломи қуръонда ҳам, ўқиган илм ўрганган банда билан, ўқимаган ўрганмаган банда ҳеч қачон тенг бўлмаслигини зикр қилган.

Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким дўзахдан озод қилинганларга қарашни яхши кўрса, илм олувчиларга қарасин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, қайси бир таълим олувчи олимнинг эшигига келса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир қадамига бир йиллик ибодатни ёзади ва ҳар бир қадамига жаннатда бир бино барпо қилинади. Ерда юрса, унга истиғфор сўрашади. Кечаси ва кундузидаги гуноҳлари кечирилган ҳолда бўлади. Унга малоикалар гувоҳ бўладилар ва: “Ана улар Аллоҳнинг дузахдан озод қилган бандаларидир”, деб айтадилар. Бу муборак ҳадисдан маълум бўладики, илм инсонга нур зиё бўлиш билан бирга, Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бандаларнинг ҳузурида ҳам инсонга улуғ шараф бўларкан. Ҳазрати Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан илмни қандай топдингиз, нима билан эришдингиз?  деб сўраганларида, у киши - Чарчамайдиган саволли тил ҳамда эшитганини сақловчи қалб билан – деб жавоб берганлар.

Ҳа, мазкур ажиб ҳислатлар инсондаги зеҳн, фаҳму-фаросатни камол топишида зарур бўлган омиллардандир. Инсон қалби доим илм-у ҳикмат, маърифат учун очиқ бўлмоғи лозим. Мана шундай илм-маърифат, зиё-ю ҳикмат соҳиби бўлиш учун жаннатмакон юртимизда барча шароитлар муҳайёдир. Жумладан бугунги кунда ўз фуқароларини илмли, зиёли бўлиш учун барча имконият эшикларини кенг очиб бериб, ҳамда китоб севар, сермутоолали ёшларга улкан мукофотлар таъсис этилаётганлиги мухтарам юртбошимиз томонидан ўз фуқаролари учун чексиз олий жанобликдир. Бундай ажиб ҳолатларни бошқа мамлакатларда учратиб бўлмайдиган, биз учун Аллоҳнинг улуғ неъматлари десак муболаға бўлмайди. Мана шундай обод ва озод, илмлилар қадрланаётган бир диёрда китоб ўқишликка рағбат қилмаслик, инсонни ношукурлигидан бўлади.

Ҳасанхон ТЕМИРОВ - Иштихон туман "Муҳожирлар" жоме масжиди имом ноиби,  ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 17/12/2019 15:07;   Кўрилганлиги: 231
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/ziyo-manbai-kitobxonlik-haqida
Чоп этилган вақт: 02/06/2020 04:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг