Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Ёшларни асрайлик

 
 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек,  “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”. Зеро, жисмоний тарбия болани жисмонан бақувват, кучли, соғлом этиб тарбияласа, маънавий тарбия орқали унда юксак ахлоқ, эзгулик, инсонпарварлик, шижоат, раҳмдиллик ва меҳнатсеварлик сифатлари шаклланади.

Маънавий тарбия фарзаднинг ўзлигини сақлашга, унинг ботиний оламини маърифий бойитишга хизмат қилади. Буюк аллома, ватандошимиз Абу Райҳон Беруний айтганидек, “Инсон табиатнинг энг олий зоти, камолотидир, инсон зоти барча ҳайвонлардан юқори туради. Инсонга катта шараф кўрсатилган унга ақл-заковат ва куч берилган. Шу сабабдан, инсоннинг маънавий олами унинг олдига қўйилган вазифаларга мос бўлиши учун у юксак ахлоқли, билимли, маърифатли бўлмоғи даркор”. Демак, фарзанд тарбияси аввало, унинг маънавий пойдевори қанчалик мустаҳкамлиги билан белгиланади. Дарҳақиқат, гўзал хулқ ила тарбияланган бола ҳаётда ақл-идрок билан иш тутади, имон-этиқодида собит туради, эркин ва мустақил фикрлайди, ҳар хил алдовларга учмайди ҳамда ғаразли ташвиқотларга берилмайди. Бугунги кунда экстремизм ва терроризмга қарши нафақат бир давлат ёки минтақа, балки жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалага айланди. Шу жумладан, бизнинг юртимизда ҳам бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилиши, обод жойларнинг вайрон бўлиши, аҳоли ўртасида ваҳима, парокандалик келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида бу каби ишларни амалга оширмоқчи бўлганларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунга келиб минтақада, хусусан, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳанинг ривожланиши мутаассиблик хавфнинг олдини олишда муҳим омил бўлиб қолмоқда. Аммо ғаразли кучлар ҳам ўз мақсадларига эришиш йўлида янги-янги услубларни, ҳийла-найрангларни ўйлаб топишлари ҳам табиий. Бу каби салбий ҳолатларнинг пайдо бўлиши ва ривож топишига йўл қўймаслик эса доимий ҳушёрликни талаб этади. Юқоридаги мулоҳаза ва далиллар, экстеримизм ва мутаасибликнинг асл қиёфасини очиб бериб, мазкур ҳаракатларнинг нафақат дунёвий қонун-қоидалар, балки ислом дини асосларга қарши муросасиз кураш, террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган мутаассиб кучларнинг ислом динига мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама асослаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича интернедан энг кўп фойдаланувчилар айнан 21 дан 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланар экан. Бунда экстремистик оқимлар ўз мақсадларини амалга ошириш учун замонавий ахборот коммуникацияларидан кенг фойдаланиш, интернет орқали турли тилларда тарғибот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал жамоатлар тузиш аосий вазифага айланган. Масалан, бугунги кунда бир неча йирик террочи ташкилотлар ўз сафларига фаол тарзда ижтимоий тармоқлар орқали асосан 17-35 ёш оралиғида бўлган кишиларни ёлламоқда. Минг афсуски, бундай манфур кучлар асосан илм ва маърифатдан йироқ, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаган кишиларни, асосан ёшларни жалб этишга интилиб, ижтимоий тармоқлар орқали “жиҳод”, “такфир”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” тушунчаларини нотўғри талқин этган ҳолда ўз Ватанларини тарк этишга ундамоқда. Шунингдек, айрим кимсалар томонидан мақсадли равишда ислом моҳиятига зид бўлган турли хил асоссиз ахборотлар, манбаси аниқ бўлмаган диний тусдаги хабарлар ёки кишиларни ваҳимага солувчи фото ва видеолавҳалар кенг тарғиб этилмоқда. Бу борада Қуръони каримда инсонлар учун муҳим кўрсатма келган бўлиб, унда турли воситалар орқали олинаётган хабар ва маълумотларга кўр-кўрона эргашишдан қайтарилди:

“(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилниг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36).

Демак, инсон кўрган, эшитган ҳар бир маълумотига ишониши, унга эргашиши оқибатида Аллоҳ олдида ҳам сўралади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом)дан ривоят қилинган бир неча ҳадисларда ҳам шундай дейилади: “Хабарни текшириш Аллоҳдан, (унда) шошқалоқлик қилиш шайтондандир”, - деганлар. Шуниндек, Абу Ҳурайра (озияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса, Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Кишининг ёлғончи эканлигига унинг эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кифоя қилади”,- деганлар.

Ахборот кураши авж олган XXI асрда дин ниқоби остидаги турли хил кўринишдаги мафкуравий хуружлардан ҳимоя этишда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ҳаётимизда содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида чуқур таҳлилий маълумотларни ёш авлодга етказиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, бунда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамиятга касб этади.

 Баҳодир ШАРИПОВ - Самарқанд туман бош имом хатиби, “Хўжа Аҳрор Валий” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 21/10/2019 16:07;   Кўрилганлиги: 1416
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/yoshlarni-asraylik
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 20:38
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг