Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ЁШИ УЛУҒЛАРНИ ЭЪЗОЗЛАШ ИСЛОМ ШИОРЛАРИДАН

 
 

“Имом Ашъарий айтадилар: Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини ва адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир” (Имом Бухорий ривояти).

Ёши улуғ одам ҳар бир ишнинг оқибатини теран ҳис қила олади. Унда донишмандлик, оқиллик зоҳир бўлади. Инсон навқирон пайтида оловга ўхшайди. Марраларга тезроқ эришгиси келади, муаммоларни куч билан осонгина ҳал қилишни истайди. Натижада хатолар кетидан хатони пайдо қилади. Аммо кексалик мақомига етганида бамисоли сокин уммонга айланади. Унинг бағри кенг бўлиб, ақли ҳикмат жавоҳирларига тўлади. Ҳар қандай чигалликни босиқлик ва ақл билан ечишни яхши билади. Кўзлар нури қувватини юқотади, лекин қалб назари дунё ҳақиқатларини кўраверади, чунки унда маърифат ёғдуси порлайди.

Анас ибн Молик (розияллоҳ анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилган:“Бир катта ёшдагиқария Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни йўқлаб келди. Қавм унга йўл очишда кечикиб қолди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Кичикларимизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган биздан эмас”, дедилар”.

Демак, ёши улуғларга ҳурмат кўрсатишни, уларни қадирлашни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амр қилмоқдалар.

Шундай экан , бу - биз уммат учун шиордир.

Қолаверса, Халқимиз фарзандларини ҳамиша ёши улуғларни ҳурмат қилиш ҳисси билан тарбия қилган. Савобли амаллар билан умр кечирган ёши улуғ кексаларимиз, барчамиз учун файзу ҳикмат конига айланадилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар:“Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар ёмғирдек ёғилган бўларди”. Демак, Аллоҳ таоло ёши улуғ кексаларимизнинг ҳурмати уларни бизга қилган дуоси ва гўдакларнинг бегуноҳлиги туфайли юртимизни ўз паноҳида асрайди.

Умрини халқ хизматига бағишлаб, бугунги кунда ёшларимизга тўғри йўлни кўрсатаётган ёши улуғ кексаларимизни эъзозласак, бу гўзал ибрат улароқ келажак фарзандларимизга ҳам мерос бўлиб қолади. Инша Аллоҳ.

Тожиев Ҳамидулло Ургут туман Имоми Ҳасан масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 11/06/2020 10:45;   Кўрилганлиги: 1290
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/yoshi-uluglarni-ezozlash-islom-shiorlaridan
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг