Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Уламолар қадри

 
 

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала сураси 11 оят)

Имон келтирганлар Аллоҳнинг ва унинг Расулининг буйруқларига итоат қилганликлари учун дунёда нусрату улуғланиш билан, охиратда жанннат боғлари билан даражаларга кўтарилганлар. Оятда илм берилган зотлар хоссатан зикр этиляпти. Чунки улар илм ва амални жамлаган зотлардир. Илм зотида улуғ бўлиши билан бирга амал билан янада улуғ мартабаларга кўтарилади. Амалсиз илм эса бунинг тескарисидир.

Оятдаги Уламоларнинг даражалари борасида икки хил фикр бор. Биринчиси даража дуёда шараф, мартаба, ҳурмат каби нарсалар билан бўлади. Иккинчиси даража охиратда бўлади. Тафсир китобларида шу фикр рожиҳроқдир дейилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Олим оддий мўъминдан етти юз даража юқорига кўтарилади. Ҳар бир даражанинг ораси осмон билан ер орасича”.

Оятнинг маъноси борасида тафсир уламолари шундай дейдилар: “Аллоҳ мўъминларни битта даражага, илм берилганларни даражаларга кўтаради”.

Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Олимнинг обиднинг устидан фазли ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлар устидаги фазли кабидар”. “Олимнинг бир кун ибодат қилиши обиднинг қирқ йил ибодат қилишига тенг”, яъни бу ерда илмсиз обид назарда тутилмоқда. “Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қиладилар: анбиёлар, уламолар ва шаҳидлар”. Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг гувоҳликлари билан бўлган, нубувват ва шаҳидлик орасида турган бу мартаба қандай ҳам улуғ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Сулаймонга алайҳиссалом илм, мол ва подшоҳлик орасида ихтиёр берилди. У илмни танлаган эди, илм билан бирга мол ҳам подшоҳлик ҳам берилди”. Расулулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ Иброҳимга: “Эй Иброҳим! Мен Алийм зотман ва ҳар бир билимлини севаман”, деб ваҳий қилди”.

Устоз шогирдга ота-онасиданда меҳрибонроқдир. Чунки, ота - онаси уни дунё олови, офатларидан ҳимоя қилади. Устоз бўлса охират олови ва қийинчиликларидан ҳимоя қилади.

Набий саллолоҳу алайҳи васаллам яна шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ ва унинг фаришталари инсонларга яхшилик ўргатувчига саловат айтадилар”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар”. (Табароний ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари - уламоларимизни Аллоҳ таоло ҳифзу ҳимоясида сақласин.


Киритилган вақти: 03/12/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1033
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/ulamolar-qadri
Чоп этилган вақт: 05/07/2020 18:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг