Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ТЎҒРИ ЙЎЛДАН АДАШМАЙЛИК

 
 

Бутун  оламга довруғи таралган мустақил ҳур диёрда, ҳар бир қаричи барокотли, олтинга тенг заминда тинчлиги, осойишталиги барқарор юртда умр гузаронлик  қилиш бахтини муяссар этган меҳрибон Роббимизга  чексиз шукроналаримиз бўлсин.

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда асл яратилишда инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратганлигини, уларни қурикликда, денгизда ва ҳавода, уловларда сайр қилиб, сафар қилишларини, уларга ақл бериб бошқа махлуқотлардан фазилатли этганлигини, ризқларнинг энг яхшисини  инсонга тайин этганлигини ва бу неъматлар Ўзи томонидан бандаларигаинъом эканлигини бизга баён қилган.

  Ҳозирги  асримизда бутун дунёда янги кашфиётлар, фан техника тараққий этаётган даврда мустақил Ватанимизда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмокда. Қўшни давлатлар билан ҳар бир соҳада дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш учун бўлаётган келишувлар, халқимизнинг бугун дардлари тингланиб, уларнинг моддий-маънавий эҳтиёжлари қондирилиши, уларнинг ҳаётга шукроналик, умид билан боқиши учун имкониятлар яратилиб берилиши, маҳбусларнинг озодликка чиқарилиб оиласига, бахтли ҳаётга қайтарилиши, кўнгли ярим бева бечоралар, етим-есирлар, меҳрибонлик уйларидаги меҳрга муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр бахш этиш каби хайрли, савобли амаллар бўлаётгани бунга мисол бўла олади. Бу хайрли ислоҳотлар ва оқилона сиёсатнинг ташуббускори муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович  эканликлари нафақат юртимимз аҳолиси, балки дунёдаги машҳур сиёсатчилар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро учун миллати, динидан қатъий назар ғамхўрликлари таҳсинга сазовордир. Зеро Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида: “Кимки бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Кимки ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилади” -деб айтганлар.

Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек юртимизда яшаётган баъзи ношукр  инсонлар тинчликнинг қадрига етиш ўрнига бошқаларнинг тинчини бузмоқда. Ароқхўрлик, ўзгаларнинг ҳаққига, оиласига хиёнаткорлик, юриш, кийиниш, сўзлашдаги одобсизлик билан нафақат ўзларининг, балки келажагимиз пойдевори  бўлган ёш авлодни ҳам онгини заҳарламоқда. Билиб-билмасдан мурғак, покиза қалбли ёшларни ўз йўлларидан юришга тарғиб қилмоқдалар. Бунинг самараси ўлароқ ушбу иллатлар фарзандларимиз қалбларида илдиз отиб, мустаҳкам ўрнашиб бориши, куни келиб эса ҳеч тап тортмасдан бузғунчилик, итоатсизлик, ўз ота-онасини хўрлаш, умидсизликдан ўз жонига қасд қилиш каби хунук иллатларга дучор бўлаётганларини билмай қолмоқда.

Мен ўйлайманки, ёш авлодни бундай иллатлардан сақлаб қолишнинг  бир йўли аввало аждодларимизнинг илм, одамийлик,  меҳр булоғидан чанқоқларини қондириб, оиланинг муқаддаслиги, туғилиб ўсган Ватанининг муҳаббати, Яратганнинг ҳақлиги, соф динининг моҳиятини, дин нимаю динсизлик нима, суннат нимаю бидъат нима, хуш хулқлик нимаю одобсизлик нима, диний эътиқод нимаю, ёт ғояларга  мубтало бўлиш нима, Ватан туйғуси нимаю, ватанфурушлик нима, илм нимаю жаҳолат нима эканлигини  уларнинг онгларига сингдириб, қалбларига муҳрлаб боришдир.

Бунинг учун бизга соф динимизнинг кўрсатмалари, Расулуллоҳнинг гўзал хулқлари намуна бўлади. Акс ҳолда суннатнинг кўтарилган ўрнида  бидъат, хурофотлар томир отади ва буларнинг салбий оқибатлари ёшларимизни онгига таъсир этади. Яратганимиз ҳеч биримизни Ўзининг ҳидоят йулидан адаштирмасин. Юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин. Омин. 

   

Саидаҳмад САЛОМОВ, Нарпай туман “Янги Саловат” жоме масжиди имоми хатиби


Киритилган вақти: 07/10/2019 15:00;   Кўрилганлиги: 410
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/togri-yoldan-adashmaylik
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 08:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг