Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

КИТОБ ВА ИЛМГА МУҲАББАТ ҚЎЙИШНИНГ ФАЗЛИ

 
 

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган фармойиши”нинг қабул қилиниши жамиятимизда илмнинг аҳамиятини оширишга қаратилган юксак одим бўлди. 

Инсоният тарихи давомида нима ютуққа эришган бўлса илм сабаб эришган. Нима йўқотиш ва тушкунликка юз тутган бўлса жоҳиллик сабаб бўлган. Ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимизнинг мисоли бугунга келиб аксарият ёшларимизга эртак каби бўлиб қолди. Бугунги техника асрида ёшларимиз илмнинг фазлини унутиб қўяётганлиги, китобхонлик даражаси сусайиб бораётганлиги ҳаммамизни ташвишга солмасдан қўймайди. Ана шуларни инобатга олган ҳолда ёш авлод онгида заррача бўлсада  илмга муҳаббат уйғотиш мақсадида илмнинг фазилати ҳақидаги улуғларимизнинг қимматли ўгитларини эътиборингизга ҳавола қилишни ният қилдик:

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Китобларни (хотирангизда) сақловчи ва илмнинг булоғи бўлинг”.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Инсонларнинг қиймат жиҳатидан энг пастги ўриндагиси, илми саёз кишилардир”.

Ва яна (улуғларимиз) айтадилар:

“Илмнинг улуғ фазилат эканлигига кифоя қиладиган сифат шуки, кимни илмга чорласангиз у илмнинг яхшилигини инкор этмаслиги ва унга олимлик нисбати берилса хурсанд бўлишидир”.

“Жоҳиллик учун кифоя қиладиган сифат эса, ҳар ким ундан ўзини четга олишга уриниши ва жоҳиллик нисбати берилган кишиларнинг ғазабланишидир”.

Ва яна (Улуғларимиз томонидан) айтилди: “Илм талаб қилгин. Агар молинг бўлса, илм сен учун чирой бўлади. Агар молинг бўлмаса, илм сен учун мол бўлади. Илм билан туғишганлар ораси яқинлашиб, ҳақ билан ботил, ҳалол ва харом ўртасидаги фарқ танилади”.

“Илм билан Аллоҳ танилади. Илм билан итоат ва ибодат қилинади. Илм ақлнинг пешвоси ва юксалтиргувчисидир. Аллоҳ таоло саодатманд бандаларини илм билан ризқлантиради, бахтсиз бандаларини эса илмдан маҳрум қилади.

Ва яна айтилдики: “Олим жоҳил кишинининг ҳолатини билади, чунки у (олим бўлишдан олдин) жоҳил бўлган. Жоҳил эса олимни билмайди чунки у олим бўлмаган. Олим диннинг табибидир, жоҳил эса ўз нафсининг душманидир. Қандай килиб у бошқаларга дўст бўлсин”.

“Олим нур таратувчи чироқ кабидирки, ким унинг ёнидан ўтса баҳраманд бўлади”.

“Жоҳил кишининг бешта белгиси булади: 1. Ноўрин ғазаб. 2. Бефойда сўз. 3. Ноўрин сарф-харажат. 4. Ҳар кимга ишониб кетаверишлик. 5. Дўстни душмандан фарқлай олмаслик”.

Бузаржумуҳрга айтилинди: “Илм афзалми ёки мол? У айтди: “Илм афзалдир”. Унга яна айтдилар: “Биз нима учун уламоларни бойларнинг эшиги олдида кўрамизу, аммо бойларни уламоларнинг эшиклари олдида кўрмаймиз?”. У киши айтдилар: “Бу ҳолат уламоларнинг бойлик манфаатини билишликларидан, бойларнинг эса илм фазилатини билмасликларидандир”.

Баъзи уламолар айтдилар: “Илмга киришувчи киши гўёки денгизда сузувчи кабидир. У ерни ҳам, узоқликни ҳам, кенгликни ҳам кўрмайди”.

Ва айтилди: “Олимнинг адашуви ғарқ бўлаётган кеманинг адашуви каби бўлиб, у ўзи билан кўплаб одамларни ғарқ қилади”.

Ҳакимларнинг баъзиларидан ҳикоя қилинади: “Илмни яхши кўрадиган ва уни ўрганишдан Ҳаё қиладиган бир кекса отахонни кўрдилар ва у кишига: “Сиз қолган умрингиз ўтмишингиздан афзалроқ бўлишини истамайсизми?!” дедилар.

Ҳакимларнинг кўплари олим (устоз)нинг  ҳаққини отанинг ҳаққидан устун қўйдилар. Ҳатто баъзилари шундай деди: “Ким инсонга илм ўргатса у энг яхши отадир. Чунки у руҳиятнинг отасидир, жасаднинг эмас”.

Айтилди: “Олим гўёки Каъба кабидир-ки, унга узоқ-узоқлардан келишади. Яқинидагилар эса уни тарк қиладилар”.

Уламоларга лозим бўлган ва уларга энг муносиб хулқларнинг асосийси камтарлик ва ўзига бино қўйишдан сақланишдир. Чунки камтарлик одамларни яқинлаштиради, ўзига бино қўйиш эса нафратлантиради. Ўзига бино қўйишлик нафақат уламоларга, балки ҳар бир оддий киши учун ҳам ёмон хислатдир. Уламоларга эса одамлар эргашадилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм ўрганинглар ва илм учун сакийнат, мулойимликни ҳам қўшиб ўрганинг. Ва сиз илм ўрганаётган кишиларга нисбатан тавозеъли бўлинг, шунда сиздан таълим олаётганлар ҳам тавозеъли бўладилар”.

Айтилди: Агар илм ўрганаётган бўлсанг ҳеч қачон сендан бошқа илмсизлар ҳам кўплиги ҳақида фикр қилмагин. Балки сендан олимроқ кишиларнинг кўплиги ҳақида фикр қилгин”.

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қалб учун энг роҳатбахш нарса сиздан бирор билмайдиган нарса сўралганда, у “Аллоҳ билувчироқдир” дейишидир. Албатта ҳақиқий олим билмаган нарсалари билган нарсаларидан кўп эканлигини англаган кишидир.

Айтилди: “Билмайман, дейишликни тарк қилган киши ҳалок бўлди”.

Ҳакимларнинг баъзилари айтдилар: “Илмнинг фазилатини мен ҳеч нарса билмаслигимни тушуниш билан англадим”.

Дунёга довруғи кетган буюк аждодларимиз ҳаётида илмнинг аҳамияти юксак бўлганки, биргина устоз шогирдлик анъанасининг ўзиёқ илмнинг жамиятда ўрнини оширган. Устозлар ўзлариданда кучлироқ шогирдлар қолдиришга уринишган. Шогирдлар эса устознинг назарига тушишга ошиқишиб, бу назардан қолишни оғир мусибат деб билишган.

Биргина мисол: Мирзо Улуғбекнинг Алоуддин Али ибн Муҳаммад Али Қушчи исмли шогирди бўлиб, у йигит Улуғбек саройидаги Муҳаммад исмли овчи қушларга қаровчи оддий хизматкор одамнинг ўғли бўлган. Муҳаммад вафотидан кейин етим бўлиб қолган  бу норасидага Мирзо Улуғбек бобомиз бор меҳрини бериб илм ўргатди. Улуғбек вафотидан кейин унинг асарлари хавф остида қолганда, Самарқанд яқинидаги Ҳазрати Башир қишлоғига олиб бориб асраб қолган ҳам, унинг асарларини бутун дунёга маълум ва машҳур бўлишида ҳам Али Қушчининг хизмати беқиёс бўлган. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ихлос билан илм ўргатиш учун босилган ҳар бир қадам учун ҳам, илм истаб босилган ҳар бир қадам учун ҳам, шахс ва жамият ҳаёти улуғ муваффақиятларга эришар экан.

 Аллоҳ таоло азиз юртимиздан кўплаб соҳаларда бутун дунёга муаллимлик қилган буюк аждодларимизнинг муносиб издошлари етишиб чиқишини насиб айласин!     

 Манбалар асосида Самарқанд шаҳар “Лоҳутий” жоме масжиди имом хатиби ЎТКИР  УМИРҚУЛОВ тайёрлади.


Киритилган вақти: 10/10/2019 14:30;   Кўрилганлиги: 1665
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/kitob-va-ilmga-muhabbat-qoyishning-fazli
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 02:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг