Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Интернет ва уяли телефон алоқалари одоби

 
 

Аллоҳ таоло биз инсонларга берган  неъматларини санаб саноғига етолмаймиз. Қанча шукронасини қилсак оз. Илм-фан ва техника тараққиёти туфайли эришилаётган қулайликлар билан бирга, муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Уларни ҳал этиш янги ихтиро этилган ускуналардан фойдаланиш одобларига риоя этишимизга боғлиқ.

Бизнинг беминнат хизматчимиз бўлиб қолган уяли телефондан фойдаланиш одоблари ҳақида тўхталар эканмиз , улар қуйидагилардан иборат:

  1. Уяли телефонда сабабсиз кўп гаплашмаслик керак. Бу соғлиққа зарарли бўлиши билан бирга вақтнинг исрофи ҳамдир. Шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаргани маълум.
  2. Масжидга кирганда телефоннинг ўзини ёки овозини ўчириш. Шунда намоздаги хушуъга ҳалақит қилмайди ва намозхонлар ҳаёли чалғимайди.
  3. Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик. Бундай қилиш мажлис ҳайбатини сақлашга, таълим фойдасининг мукаммал бўлишига ва обрўли инсонлар ҳурматини жойига қўйишга хизмат этади. Агар сўзлашувга қаттиқ зарурат бўлса, узр сўраб ташқари чиқиб сўзлашиш керак.
  4. Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефон овоз кучайтиргичини ёқиб қўймаслик. Бундай қилиш оқил кишига хос иш эмас, айниқса, суҳбат хос ва махфий бўлса. Чунки бу ҳам омонатга хиёнат ёки чақимчиликнинг бир кўринишидир.
  5. Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. Бундай қилинса телефонидан кимдир қинғир йўлда фойдаланиши ёки биров кўриши мумкин бўлмаган хатлар ўқилиши, айниқса бузуқ суратлар тарқаб кетиши мумкин. Натижада бугун ўткир муаммо бўлиб турган нохуш ҳолатлар юзага келади.
  6. Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш. Оммавий тадбирларда, тўй-зиёфатларда кераксиз ҳолатларни тасвирга тушириш обрў тўкилишига, оилалар бузилишига ҳамда бошқа кўпгина хунук ҳолатлар ва фитналарга сабаб бўлади.

7.Бошқалар телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига назар солмаслик. Бундай қилинса, бировнинг шахсий ҳаётига аралашиш, айбини очиш бўлади, хиёнат ва ёмон гумон каби оғир гуноҳларга йўл очади. Аслида-ку, телефон эгаси ўзини хунук аҳволга соладиган маълумот, хат ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. Чунки телефони йўқолиб қолса, унутиб қолдирса ёки бировнинг қўлига тушса, ўзи қийин вазиятда тушиб қолади.

  1. Одамлар орасида телефоннинг мусиқа ва қўнғироқларини ёқиб-ўчириб ўйнайвермаслик. Бу иш одобдан эмас.
  2. Телефондан турли фитналар, туҳмат-қабиҳликларда фойдаланмаслик. Чунки телефон кўп қулайлик келтириши билан бирга ёмон ниятли кишиларга бировларни лақиллатиш, обрўсини тўкиш йўлларини ҳам осонлаштириб қўйди.
  3. Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Акс ҳолда бегона кишига хат жўнатиб, қийин аҳволга тушиб қолиш, танимаган одамга озор бериб қўйиш мумкин. Бировга озор бериш динимизда қораланган.
  4. Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига яқин, маҳрам кишилар билан бўлиши, номаҳрамлар билан фақат зарурат юзасидангина гаплашиш керак. Бундай қоидага амал қилмаган одам шубҳа-гумонларга, жанжаллар, ҳатто фожиаларга сабабчи бўлиши, гуноҳга қолиши мумкин.

“Яхши хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар севимли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам). У зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар бир инсонга юқорида саналган одобларга амал қилиши, ҳар бир ҳаракат ва амалида Ислом таълимотларига мувофиқ иш тутиши лозим. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг имони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганларини унутмайлик. Вақт бебаҳо неъмат. Ёшлар вақтни ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланишлари лозим. Вақт нечоғли қадрқимматга эгалигини билмаган ёшлар, илм олиб, хунар ўрганадиган, одоб ва ҳусни хулқни ўзида жамлаб камолот ҳосил қилинадиган фурсатларни интернет кафеларда, турли-туман виртуал ўйингоҳларда ўтказмоқда. Соатлаб уяли телефонларда беҳуда гаплашиб, умрни зое қилмоқда.

Ота-она фарзандини тарбия қилишнинг биринчи босқичида унинг бекор қолмаслигини таъминласин! Чунки, бекорчилик энг зарарли иллат, инсон ҳаётини барбод қилувчи офатдир. Бекорчи одам ўзига, на оиласига, на қўни-қўшниси, маҳалла-кўйи, эл-юрти, халқи, ватанига фойдаси тегади. Бир бекорчи бутун жамиятга зарар келтиради. Интернет, виртуал ўйинлар ва замонавий уяли телефонлар ёш авлоднинг дангаса ва ишёқмас бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда. Албатта, бир чўпни икки учи бўлганидек, мазкур воситаларнинг фойдали жиҳатлари ҳам кўп. Ота-оналар фарзандларига интернет ва уяли телефонлардан унумли фойдаланиш ва уни одобларини ўргатиши ҳамда доимо фарзандларни назорат қилиб туриши керак. Муқаддас динимизда ҳар бир амални ният билан ибодатга айлантириш мумкин. Шунинг учун интернетдан ислом шариатида кўрсатилганидек, ҳалол бўлмаган нарсалардан тийилишни ният қилиб фойдаланиш керак.

Ж.Жамуратов Ислом нури жоме масжиди ноиб имоми (“Ҳидоят” журналининг 2010 йил, 2-сонидан тайёрланди.)


Киритилган вақти: 10/06/2020 18:32;   Кўрилганлиги: 180
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/internet-va-uyali-telefon-aloqalari-odobi
Чоп этилган вақт: 12/08/2020 03:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг