Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Илмнинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти

 
 

“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ , ва ҳечқачон бўлмагай”

Имом Бухорий

Биз илм ҳақида, унинг моҳияти хусусида сўз юритишдан олдин, илм олгувчи шахснинг моҳияти ҳақида суҳбалашиб олсак. Чунки илм ушбу шахсни комилликка етказиш учун тақдим этилган илоҳий инъомдир.

Инсон ким эканини биламизми? Инсон Аллоҳ таоло яратган махлуқотлари орасида энг олийси бўлиб, ақл билан сийлангандир. Ер юзидаги барча нарсалар унга хизмат қилиш учун буйсундириб қўйилган ва у барча нарсалардан афзал этилган ва бутун замин, обод этсин деб, инсоннинг қўлига топширилган. Қуръони каримда шундай дейилади:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Инсоннинг борлиғи жисм ва руҳдан ташкил топган. Киши ушбу икки унсур учун берилган неъматлар ичида яшайди. Жисмоний неъматлар сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.Руҳоний ёки маънавий неъматлар имон, ахлоқ, инсофу-тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади. Бу иноятга бизни элтувчи ягона восита эса ҳақиқий асосга таянган илмдир.

Аллоҳ инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:

“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деган эканлар.

Инсон вужудидаги моддий тарафни ислоҳ қилиш билан биргаликда маънавий жиҳатни ҳам ёддан чиқармаслиги лозим.Агар моддий томон маънавий томондан устунлик қилса, киши ҳақиқатни англамай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, яъни мустаҳкам билимга суяниш, уларни ўрганиб,қатъий амал қилишдир.

Юқорида зикр этилган инсонийлик моҳиятига муносиб бўлиш учун кишининг табиий ақли қосирлик қилиб қолиши мумкин. Шунинг эътиборидан ақлни сайқаллаш, руҳни буҳронлардан ҳимоя қилиш, маънавий юксалтириш учун илм воситасидан фойдаланишга буюрилганмиз. Илм маънавиятнинг муҳим таркибий қисмларидан бўлиб инсонни камолотга етаклайди, унга ҳурмат ва эътибор келтиради. Билимли кишилар самарали ижодий ва илмий ишлари билан эл орасида ҳурмат топадилар, жамиятнинг ривожланишига ҳисса, халқининг ва ватанининг обрўсига обрў қўшдилар.

Имом Бухорий бобомизнинг шоҳ асари, Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба сифатида кўрилувчи “Суҳиҳул Бухорий” асарининг “Илм китоби” қисми биринчи боби “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”(Мужодала сураси, 11 оят) ояти билан бошлаган бўлиб, мазкур оятда имон сўзи илмдан муқаддам келтирилган. Бу эса имон ва илм бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, илм олишдан мақсад жамиятнинг тараққиёти ва охират саодати экани, имонсиз илм эса инсониятга зарардан бошқа нарса келтирмаслиги баён қилинган.

“Илм” сўзи луғатда “билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш” каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга “ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир” деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади.

Кишилик ҳаётини илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Илм – энг фазилатли амалдир, чунки у икки дунё саодатининг калитидир. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, тўғри йўлга етакламаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганигаамалқилмаган одам буилмнингҳаммолибўлади, холос. ШунингучунПайғамбаримизсоллаллоҳуалайҳивасалламманфаатсизилмданпаноҳсўраганлар.

Илм инсонларга дунё ва охиратда энг тўғри йўл кўрсатувчидур. У толиби илмни сахий, жувонмард, камтарин, журъатли, шикастадил, иффатли бўлиш бахтига эриштиради. Бахиллик, қизғанчиқлик, қўрқоқ ва журъатсизлик, манманлик, исрофгарчилик каби ёмон ахлоқлардан ўзини сақлаб, кишилар кўрганларида суҳбатига ошиқадиган гўзал ҳулқ эгаси бўлиб камол топишига сабаб бўлади. Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради. Инсон орзу мақсадларига илм орқали етишади.

Кишининг билим олиши, салоҳиятли фуқаро бўлиб улғайиши, эл-юрт манфаати учун хизмат қилиши ва илм фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши ҳамма замонларда долзарб саналган масалалардан ҳисобланади.

Қайсики бир жамият илм йўлидан бориб, унинг воситаларини тўғри танлаган ҳолда тараққиётини қурган бўлса, юксак чўққиларга эришган. Бунга замонавий дунё гувоҳдир.


Киритилган вақти: 24/03/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1947
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/ilmning-mohiyati-va-uning-inson-hayotidagi-ahamiyati
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 05:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг