Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Илм олиш учун дастлабки қадамлар

 
 

Ҳамма нарсанинг аввали бўлганидек, илмнинг аввали гўзал ниятдир. Киши олмоқчи бўлган илми билан элу-юртга хизмат қилишни, ота-онаси, яқинлари, қолаверса бутун халқнинг корига ярашни ният қилмоғи лозим.

Ҳадиси шарифда “Амаллар фақатгина ниятлар билан эътиборлидир ва ҳар бир киши учун унинг  ният қилган нарсасигина берилади”, (Имом Бухорий ривояти) дейилган. Шунга биноан, илмга киришишни ният қилган киши биринчи ўринда чиройли ният қилиши, мансабга эришиш, обрў-эътибор топиш, фақат дунё ҳою-ҳаваси, нафс истаклари сингари мақсадлардан йироқда бўлиши керак. Шу ўринда бобомиз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратларининг шогирдларига насиҳат тариқасида айтган ушбу шеърларини келтиришимиз ўринлидир:

Илмни ким воситаи жоҳ[1] этар,

Ўзини-ю халқни гумроҳ этар.

Олим агар жоҳ учун ўлса залил[2],

Илми анинг жаҳлига[3] бўлгай далил.

Мисраларнинг маъноси шуки, кимки илмни молу давлат орттириш учун восита қилган бўлса, ўзини ҳам халқни ҳам адаштиради. Олим киши агар молу-дунё учун ўзини хор қилса, бу унинг аслида илмсиз, жоҳиллигига далолатдир.

Илмга етишнинг кейинги босқичи тўғри йўналиш танлашдир. Биринчи галда маънавиятни бойитадиган, имон-эътиқодни мустаҳкамлайдиган илмларни танлаш, йиллар давомида манфаатли экани исботланган, тарихи чуқур илдиз отган, мустаҳкам манбааларга таянган илмларни олишга интилиш лозим.

Илм йўлидаги яна бир муҳим босқич устоз танлашдир. Бу борада қуйидагиларга аҳамият қилиш керак:

  • Илмлироқ, яъни бошқаларга нисбатан илми зиёдароқ;
  • Юксак маънавиятли ва гўзал одобли;
  • Ёши нисбатан улуғроқ ва кўпроқ тажрибага эга кишиларни устозликка ихтиёр қилмоқ лозим.

Шу ўринда мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларига эътиборимизни қаратамиз. У киши устозлари Ҳаммод ибн Сулаймонни кўп фикр ва тааммул юритганларидан кейин танлаган экан. Бу ҳақда у кишининг ўзи шундай дейди: “Мен у кишини улуғ, мўйсафид, салобату-виқорли, юмшоқ кўнгил, хушмуомала, сабру матонатли кўрдим. Шунинг учун у зотнинг ҳузурида қолдим, мустаҳкам ва собит турдим. Натижада устозимнинг файзу барокотлари билан ўсдим, етуклик пиллапояларида илдам қадам ташладим”.

Илмга қадам қўйишда навбатдаги босқич маслакдошлар танлашдир. Яъни, илм йўлида атрофдаги дўстларимиз бизнинг феъл-атворимизга таъсир қилиши эътиборидан, уларни танлашда жуда эҳтиёткорлик билан йўл тутиш керак. Ёнимиздаги дўстимиз, ҳамхонамиз, ҳамдарсимиз бизнинг хулқимизга ижобий таъсир кўрсатиши, ёмон хулқ билан зиён етказмаслигига эътибор қаратиш лозимдир.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Яхши суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош худди атир сотувчи билан темирчининг дам урадиган босқонига ўхшайди. Атир сотувчининг ёнида ўтирсанг ё атиридан сенга ҳадя қилади ёки сен ўзинг ундан атир сотиб оласан ёхуд атрининг хушбўй ҳидини ҳис этасан. Темирчининг босқони эса ё кийимингни куйдиради ёки ундаги бадбўй ҳидни ҳис этасан”. Муттафақун алайҳ.

Ҳадисдан шуни тушуниб оламизки, икки суҳбатдош ўзаро фикр алмашиш оқибатида бир бирларига яхши сўзлар, ҳаётлари учун манфаатли сўзларни айтишади. Бу   “сен ўзинг ундан атир сотиб оласан” деган гапга мос тушади. Дўстлардан бирининг одоб-ахлоқи, инсоф-диёнати иккинчисидаги ушбу хислатлар билан уйғунлашиб, ўзаро бир бирини қувватлаб кетаверади. Ёмон суҳбатдошнинг эса, бирор ёмонлиги етиши мумкин. Бу “кийимингни куйдиради” жумласига мос келади. Агар ёмон суҳбатдошнинг ёмонлиги етмаган тақдирда ҳам у билан бирга ўтириб юрак сиқилади, инсон ундан тезроқ қутулгиси келади, қолаверса, ёмон киши билан ўтирган инсонга нисбатан одамлар ҳам ёмон гумонга боришади, уларнинг мазкур инсонга нисбатан ишончлари йўқолади. “Ундаги бадбўй ҳидни ҳис этасан” дегани мана шудир. 

Халқимиз қозонга яқин юрсанг қораси юқади, деб бежиз айтмаган.

[1] Обрў, мол дунё

[2] Ўзини хор қилса

[3] имлсизлигига

Дилмурод БЕКТАМИШОВ - Нарпай туман бош имом-хатиби, "Нақшбандий" жоме масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 13/12/2019 13:51;   Кўрилганлиги: 1455
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/ilm-olish-uchun-dastlabki-qadamlar
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 11:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг