Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ИЛМ-ҲУНАР ЭГАЛЛАШ ФАРЗДИР!

 
 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Ҳар бир мусулмонга илм-ҳунар ўрганиш фарздир деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадис ҳикматини теран англаган ота-боболаримиз ҳунармандчилик, деҳқончилик, савдо-сотиқ каби касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратишган. Фарзандларини ҳам илму ҳунар ўрганиб, тадбирли бўлишларига алоҳида эътибор беришган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, деган сўзлари ҳам юртимизда тадбиркорнинг мавқеи азалдан юқори бўлганини билдиради. Буюк олим Абдурраҳмон Жомий айтадилар: “Олтин топмагину ўргангин ҳунар, ҳунарнинг олдида хасдир олтин зар”. Данкасалик ҳар вақт инсонни хор қилур – дейдилар Абдулла Авлоний бобомиз.

Аллоҳ таоло каломида шундай марҳамат қилади: “Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик”. (Наба сўраси 10-11)

Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай дейдилар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиб, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўлдан ризқ топишга интилса, қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлиб йўлиқади”. Демак, кишини ҳалол ризқ учун ҳаракат қилиши ҳам ибодат ҳисобланар экан.

Муҳтарам юртбошимизнинг таклифлари билан жорий йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб эълон қилиниши айни кўнглимиздаги иш бўлди.

Инсон ўзига берилган ақл-фаросати, зеҳн-идрокини ишга солиб, яхши ниятлар билан касб-ҳунар, тадбиркорлик, деҳқончилик қилиб, оиласини боқиши, эл-юртга фойда келтириши зарур. Зеро, ҳалол меҳнат билан киши улуғ даражаларга етади.


Киритилган вақти: 14/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1496
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/eductaion/ilm-hunar-egallash-farzdir
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 10:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг