Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ФАРЗАНДНИНГ ОТА-ОНА ОЛДИДАГИ БУРЧИ

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, шукроналаримиз бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду- саловотларимиз бўлсин.

Аллоҳ таоло ўзининг сўнги илоҳий таълимоти бўлган Қуръони каримда мусулмон умматини гўзал ахлоқий сифатлар билан сифатланишга чақиради. Аввало, инсониятга Ўзининг яккаю ягона Зот эканлигини, бутун оламларни йўқдан бор қилганлигини, бу дунёни инсонни синаш учун яратганлигини, инсон бу ҳаётий дунёда Аллоҳ таолонинг имтиҳонидан ўтишини, муваффақият билан ўтган бандаларини охиратда гўзал масканларга киритмоқлигини баён қилди. Шунингдек, ўзига ибодат қилишга буюриб, исён қилмасликка чақирди. Ўзига итоат ва ибодатда бўлган бандалари учун дунё ва охиратда ҳеч бир хавфу хатар йўқлигини таълим берди.

Аллоҳ таоло бандасини аввало, ўзини танимоқликка, ўзига ибодат қилмоқликка, шунингдек, инсонни дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасини рози қилмоқликка буюради. Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилиш қанчалар олиймақом иш эканини баён этувчи оятлар кўплигини ҳозирги кунда мусулмон бўлмаган кишилар ҳам яхши билишади.

Аллоҳ таоло Анкабут сураси 8-оятида: “Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия қилдик” – деб марҳамат қилади.

Ота-она ҳар бир инсон учун ниҳоятда мўътабар, ҳар қанча эъзозга лойиқ кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатий назар уларни ҳурмат- эҳтиром қилишга буюради. Дунёда ислом диничалик ота-онани ҳурматини юқори даражага қўйган таълимот йўқ.

Абдуллоҳ ибн Умар р.а. дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Роббини ризоси ота-онанинг ризолигидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”, дейилади. Бизда “Ота рози-худо рози” деган гап бор. Худди мана шу халқ сўзи юқоридаги ҳадиснинг маъноси билан ҳамоҳангдир. Бунинг маъноси Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Аллоҳнинг норозилиги эса ота-онанинг норозилигидадир, деганидир. Демак, ким Аллоҳ таолони рози қилишни истаса, ота-онасини розилигига ҳаракат қилиши керак экан. Машҳур саҳобийлардан Ибни Аббос разиёллоҳу анҳу айтадилар: “Қайсики мўмин банданинг ота-онаси ҳаёт бўлиб, уларга яхшилик қилувчи бўлиб тонг оттирса Аллоҳ таоло у бандаси учун жаннатдан икки эшик очади”. Ҳеч қайси ота-она ўз фарзандидан норози бўлмайди. Шундай экан, ота-она рози экан Аллоҳ таоло ҳам у бандасидан рози бўлади. Минг афсуслар бўлсинки, орамизда ота-онанинг қадрига етмасдан, уларни беҳурмат қилиб, қариган чоғларида уст-бошига, кийимига, таомига ҳамда ёши улуғлар учун қариган чоғида зарур бўладиган эҳтиёжларига беэтибор бўлиб, гуноҳкор бандалар қаторига қўшилиб қоладиган кимсалар йўқ эмас. Бу борада Зайд Ибн Алий оталаридан, оталари эса боболаридан ривоят қилган ҳадисни келтириб ўтишни лозим тобдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агарчи Аллоҳ таоло менга “уф-ф” дейишдан ҳам озроғи оқ бўлиб қолишига сабаб бўлишини таълим берганида эди, албатта, ўшандан ҳам қайтарган бўлар эдим. Ота-онани норози қилиб оқ бўлган оқпадар фарзанд ҳар қанча хайрли амал қилмасин асло жаннатга кирмайди. Ота-онасини розилигини олган фарзанд ҳар қанча хато қилмасин асло дўзахга кирмайди” - деганлар.

Яна бир бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ота-онанинг лаънати фарзанднинг аслини кесади. Яъни ота-онанинг лаънати ота-она билан фарзанд ўртасидаги риштани узади. Агарчи фарзанд ота-онага оқ бўлса. Бас, ким ота-онасини рози қилибди, у Холиқини яъни Яратувчисини рози қилибди. Ким ота-онасини ғазаблантирибди, у Холиқини яъни Яратувчисини ғазаблантирибди. Кимки ота-онаси ёки икковидан бирлари тирик бўлатуриб, бас, уларга яхшилик қилмаса, дўзахга киради ва Аллоҳ таоло уни ўз раҳматидан узоқ қилади” деганлар.

Фурқод ас-Санжий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Баъзи китобларда ўқидим: Фарзанднинг ота-она ҳузурида уларнинг изнисиз гапирмоғи жоиз эмас. Бирга юрганларида эса фарзанд ота-онанинг олдидаларида ҳам, ўнг ва чап томонларида ҳам юрмайди. Фақатгина ортларидан эргашиб юради, гўёки қул ўзининг хожасига эргашиб юргани каби”. Агар фарзандлар бу ахлоқий фазилатлар билан безанганларида эди, қандай ҳам гўзал бўлур эди. Ҳишом Ибн Урва оталаридан ривоят қиладилар: “Ҳикматларда қуйидагилар битиб қўйилган: Ота-онасини лаънатлаган, йўлтўсарлик, қароқчилик билан шуғулланган, кўзи ожиз, кўр кишини йўлдан адаштирган, Аллоҳдан ўзгани номини айтиб жонлиқ сўйган кимсалар малъундирлар. Шунингдек, Қўшнисининг ерига эгалик қилмоқчи бўлиб, ўзлаштириб олган кимса ҳам малъундир”. Энди юқоридаги отасини лаънатлаган, онасини лаънатлаган-малъундир, деган иборага келсак, бу ўринда савол пайдо бўлиши мумкин: “киши ҳам ўз ота-онасини лаънатлайдими деган”. Бу иборани шундай тушунишимиз керак бўлади. Бир инсон ота-онасига, бобокалонларига лаънат келтирувчи қабиҳ, жирканч гуноҳни қилди, жиноят қилиб бутун эл-юртнинг, мўмин мусулмонларнинг лаънатига гирифтор бўлди. Унинг олган лаънатидан унга тарбия берган ота-она, бобокалонларига ҳам насиба етар экан. Шунинг учун фарзандларни гўзал тарбия қилмоқ, ота-онанинг ҳақларини уларга англатмоқ, Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ эканлигини тушунтирмоқ керак бўлади. Фарзандларни комил одобли этиб тарбияламоқ учун аввало, уларни ҳалол пешона тери эвазига топилган маблағ билан нафақасини адо этмоқ керак бўлади. Аллоҳ таоло бандасига фарзанд неъматини ато этар экан, шукрона сифатида таълим ва тарбия бермоқликни ҳам ота-онанинг зиммасига вожиб қилади. Қадимдан фарзандларга ота-онанинг ҳақини англатмоқлик борасида, гўзал услублар ила фарзандларга таълим ва тарбия бериб келинган. Шундай экан, бугун ҳам бу анъанани давом эттириб, қадимий урф-одатларимизни жонлантирмоғимиз муҳим аҳамият касб этади.

Мансуржон Абдухолиқов - Пайариқ тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 16/05/2020 10:48;   Кўрилганлиги: 216
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/farzandning-ota-ona-oldidagi-burchi
Чоп этилган вақт: 01/06/2020 11:35
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг