Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

ДИНИМИЗДА ОНАНИНГ ЎРНИ

 
 

Тарихда Ислом диничалик аёлни она сифатида улуғлаган бирорта дин ёки тузум борлиги маълум эмас. Муҳаммад алайҳиссалом олиб келган бу дин унинг мавқеини юксакларга кўтарди. Унга яхшилик қилишни энг асосий фазилатлар қаторида қилиб қўйди. Шунингдек, унинг ҳаққини отанинг ҳаққидан кўра буюкроқ деб белгилади. Чунки, ҳомиладорлик, туғиш, эмизиш ва тарбиялаш каби машаққатлар айнан онанинг зиммасидадир. Фарзандлар дунёга келгач тасодифан вояга етиб қолмаганлигини эслатиб қўйиш мақсадида Қуръони каримнинг бир қатор сураларида такрор-такрор сўз кетган.

Исломда оналарнинг ўрни қанчалик улуғ эканини кўрсатадиган далиллардан бири – бу, Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифдир:

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?”– деди.

“Онангга”, – дедилар.

“Кейин кимга?” – деди у.

“Кейин онангга” – дедилар.

“Кейин кимга?” – деди у.

“Кейин онангга” – дедилар.

“Кейин кимга?” – деди у.

“Отангга”, – дедилар у зот”.

Бир киши онасини елкаларида кўтариб олиб Каъбани тавоф қилдираётган эди. Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўриб қолиб: “Онамнинг ҳаққин адо этдимми?” деган эди у зот: “Йўқ! (Тўлғоқ вақти) бир марта оҳ тортганининг ҳаққини ҳам адо этмадинг”, дедилар.

Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Жиҳодга чиқишни истайман, олдингизга сиздан маслаҳат сўраб келдим”, деди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Онанг борми?” дедилар. “Ҳа”, деди бояги одам. “Сен онангни лозим тут, чунки жаннат унинг оёқлари остидадир”, дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

         Дарҳақиқат, ота-онага яхшилик қилиш мавзуси башарият ҳаётидаги энг асосий мавзулардан бири ҳисобланади. Чунки, ўз ота-онасига яхшилик қилмаган киши қолган одамларга ҳам яхшилик қилмайди. Шунинг учун ҳам биз ҳадиси шарифга оид барча адабиётларда ана шу мавзуга атаб алоҳида боблар ажратилганини ёхуд алоҳида бир асарлар ёзилганини кўрамиз. Улар орасидан қуйидаги асарлар энг машҳурларидир:

– Имом Бухорийнинг қаламига мансуб “Биррул волидайн” асари.

– Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Исҳоқ Ҳарбий Бағдодий Шофеий (ваф.285/898) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Абу Муҳаммад Қосим ибн Асбағ Қуртубий Моликий (ваф. 340/952) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Абуш шайх Асбаҳоний номи билан машҳур бўлган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳайён ваф. 369/980) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Абу Мусо Юмн ибн Аҳмад ибн Ямн Тужибий Тулайтилий (ваф. 390/1000) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Муҳаммад Халлол Бағдодий (ваф. 439/1048) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Абу Бакр Муҳаммад ибн Валид Туртуший Моликий Андалусий (ваф. 520/1126) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Жамолиддин Абулфараж Абдураҳмон ибн Али ибн Муҳаммад ибн Жавзий (ваф. 597/1200) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Тақийуддин Али ибн Абдул Кофий Субукий (ваф. 756/1355) нинг “Биррул волидайн” асари.

– Жамолуддин Муҳаммад ибн Абдуссалом Ноширий Зубайдий (ваф. 906/1501) нинг “Мувжибу дорис салом фи биррил волидайни ва силатил арҳом” асари.

– АбулФутуҳ Аҳмад ибн Муҳаммад Ҳалабий Ҳалавий (ваф. 1195/1781) нинг “Саодатуд даройни фи биррил волидайни” асари.

– Қутбиддин Абулвафо Умар ибн Муҳаммад Ёфий (ваф. 1233/1818) нинг “Рисолатун фил ҳаззи алаа биррил волидайни” асари.

– Ибн Сиддиқ Ғуморий номи билан танилган Абулфайз Аҳмад ибн Муҳаммад (ваф. 1380/1960) нинг “Биррул волидайн” асари.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини онага яхшилик қилишни ибодат даражасига кўтарган. Онасига яхшилик қилган фарзандга унинг имони баркамол, исломи гўзал бўлишини, кўкси ёруғ, қалби хотиржам юришини, мол-давлати ва ризқига баракалар киришини, исми икки дунёда яхшилик билан тилга олинишини, онасига қилган барча яхшиликлари ўзига фарзандларидан қайтишини ваъда қилган ва жаннатни оналарнинг оёқлари остида деб қўйган.

Алоуддин Ҳофий


Киритилган вақти: 10/06/2020 09:52;   Кўрилганлиги: 181
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/eductaion/dinimizda-onaning-orni
Чоп этилган вақт: 03/08/2020 14:06
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг