Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Давлат раҳбарининг нуронийлар, диний уламо ва зиёлилар билан суҳбатини тинглаб

 
 

31 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида иштирок этгандан сўнг хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, диний уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат қурди.

Суҳбат чоғида Юртбошимиз вазият кун сайин эмас, соат сайит ўзгариб тургани, лекин шу шароитда халқимизнинг манфаати, тинчлиги ва осойишталиги муҳим эканлигини таъкидлар экан, Ватанимизнинг эртанги кунига, мана шундай мустақиллик кунларимизга шоҳид бўлганлар, улар қандай машаққат кўрган, қандай шу кунларга интилган ва мана шу интилишларида адолатсиз қурбон бўлганларини юз карра тушунтириш, ҳар куни ёшларга етказишимиз кераклигини қайд этдилар.

         Давлат раҳбари масжидларда ўқилаётган намозларда, айниқса, жума намозларида, дуоларда элимизга шукроналикни ният қилиш кераклиги, мўмин-мусулмонларни оғирлик ва вазминликка даъват қилишни қўшимча қилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев диний масала, айниқса, муқаддас Ислом дини бўйича ва имом хатибларнинг ўқитиш тизими ишлаб чиқилаётгани, бундан буён имомлар ўзлари фаолият юритаётган ҳудуддаги мўмин-мусулмонларга масъул бўлишларини маълум қилди. Давлат раҳбари яна бир янгилик ҳақида сўз очиб, масжидларда мўминлар учун дарслар ташкил этилиши, имомлар ўз ҳудудидаги номақбул кишилар билан ҳар куни учрашиши, уларга диний билимларни етказиб, дунёвий илмларни эгаллашга чақиришларини йўлга қўйилишини айтиб ўтди.

Президентимиз кейинги йилларда мамлакатда диний соҳада амалга оширилган катта ислоҳотлар, диний эркинликнинг таъминланиши, диний таълим, ибодатларнинг мукаммал бажарилиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида ҳам эслаб ўтди.

Муҳтарам Президентимизнинг Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги фаоллар билан ўтказган қисқа мулоқотида айтилган сўзлар биз имомлар ва дин аҳилларининг олдига жуда катта вазифаларни яна бир бор белгилаб берди. Тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, шукроналик билан ҳаёт кечириш каби сифатлар неъматларнинг муттасил бўлиш омили эканлигини тушунтириш вазифаси юкланди.

Муҳаддислар султони Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, деганлар. Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини истайди. Илм аҳллари, имом ва зиёлилар адашганларга, залолатда юрганларга тўғри йўлни кўрсатиши, уларнинг ҳам икки дунё саодатига сазовар бўлишини исташи чин мўминлик аломатидир. Яратилган мана шундай кенг имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда халқимизнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, адашганларга тўғри йўл кўрсатиш, ёш авлодни буюк бобокалонларимизга муносиб меросхўр сифатида етук инсонлар бўлиб вояга етишларида  ҳиссамизни қўшиш диний мутахассис сифатида, қолаверса шу Ватаннинг содиқ фуқароси сифатида олдимизда турган бурч деб биламиз.      

 

ЗАЙНИДДИН ЭШОНҚУЛОВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили 


Киритилган вақти: 01/09/2019 13:51;   Кўрилганлиги: 1283
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/davlat-rahbarining-nuroniylar-diniy-ulamo-va-ziyolilar-bilan-suhbatini-tinglab
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 04:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг