Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Биз ёт ғояларга қаршимиз!

 
 

Аллоҳ таоло инсониятни азиз ва мукаррам қилиб яратди, унга ақл-идрок ва фаҳму фаросотни улуғ неъмат қилиб берди. Муқаддас ислом дийнимизнинг зиёси ер юзини чароғон қилганидан бошлаб бу дийнга турли хил қаршиликлар бўлди ва маломат тошлари отилди. Энг ачинарлиси бугунги кунга келиб мусулмонларнинг ўзаро ихтилоф қилишлари ва келишмовчиликлари ачинарли ҳолдир.           

 Истиқлолдан сўнг дийний эркинлигимиз ва ибодатларимизни мукаммал адо этишлигимиз учун барча шарт – шароитлар яратилди. Бу ҳам бизларга Парвардигорнинг улкан неъматидир. Аслида ислом дийни аҳликка, бирдамликка ва эзгуликка чақиришини, ислом дийнида бўлмаганлар ҳам жуда яхши билишади.  

Қуръоннинг Оли Имрон сураси 103-оятида (Эй мусулмонлар) “Аллоҳнинг арқонига (дийнига) бирлашинглар ва турли хил йўлларга бўлиниб кетманглар” дея марҳамат қилинди. Бу билан Роббимиз барчамизга аввало бирдамликни, иттифоқликни, илоҳий калом бўлмиш Қуръони карим атрофида бирлашишимизни буюрди, бу биринчи буйруқдир. Иккинчидан эса фирқаларга бўлинмасликни амр қилди. Аллоҳ Қуръонда бўлинманглар деса, нега мусулмонлар бўлиниб кетяпти деган ташвишли савол ситқидилдан ҳар бир иймон келтирган мусулмонни қийнамоқда. Биз Аллоҳнинг “Бўлинманглар” деган оятини ислом номини ниқоб қилиб олган, лекин ўзи исломга қарши бўлган гуруҳларга, ҳизбларга ва турли хил ёт оқимларга кирманглар деб тушунамиз ва шунга амал қиламиз. Соф ислом эса Аллоҳ рози бўладиган бирдан бир ҳақ дийндир. Маълумки кейинги даврда, хусусан ислом номи билан айтиладиган, лекин аслида мусулмонларнинг ораларига тафриқа соладиган, Қуръон ва ҳадисга бутунлай қарши бўлган фирқалар ўзини намоён қиладиган бўлди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўн тўрт аср аввал: “Менинг умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахий бўлади, фақатгина бир тоифа жаннатийдир” деган эдилар. Ўша дўзах азобидан нажот топгувчи қайси деб сўралганда “Мен ва саҳобаларимнинг йўлларида юрган умматларим” дея марҳамат қилганлар.

Шуни таъкидлаш жоизки, ислом дийнида исломий партиянинг бўлишини тасаввур қилиш мумкин эмас. Киши Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтириши билан мусулмон бўлади ва мусулмонлар қаторидан жой олади. Бунинг учун инсон қандайдир ўзини исломий деб даъво қилаётган, аслида эса сиёсий партиялардан бўлган турли хил оқим, гуруҳ ва фирқаларга аъзо бўлиши, уларга  байат қилиб, қасамлар ичиши мутлақо хатодир. 

Роббимизнинг ўзи барчамизни адашган ва инсонларни ҳам адаштирадиган турли хилдаги ёт мафкура ва ёт ғоялардан ўз паноҳида асрасин.

 Зайниддин Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилояти вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 19/03/2020 19:28;   Кўрилганлиги: 176
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/biz-yot-goyalarga-qarshimiz
Чоп этилган вақт: 04/04/2020 03:37
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг