Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”нинг фазилати (2-мақола)

 
 

Хабарда келтирилишича Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилганлар: ''Исро кечаси самога кўтарилдим, менга барча жаннатлар кўрсатилди. Мен жаннатда тўртта анҳор кўрдим. Бир анҳор сувдан иборат эди. Иккинчиси сутдан иборат эди. Учинчиси хамр-шаробдан иборат эди. Тўртинчиси асалдан иборат эди.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифи бўлмиш Қуръони каримда бу ҳақида бундай деб марҳамат қилади: ''Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли: ичида айнимаган сувли анҳорлари, таъми ўзгармаган сутли анҳорлари, ичувчиларга лаззатбахш хамр-шаробли анҳорлари, мусаффо асалли анҳорлари бор. Улар учун у ерда барча мевалар ва ўз роббиларидан мағфират бор. (Муҳаммад, 15).

     Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Жаброил алайҳиссаломдан ''бу анҳорлар қаердан оқиб келади ва қаерга оқади'', деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом ''бу анҳорлар Ҳавзи Кавсарга оқади. Лекин қаердан оқиб келишини билмайман. Аллоҳ таолога дуо қилиб Сизга билдиришини ва кўрсатишини сўрайман'', дедилар. Бас, Робби таолога дуо қилдилар. Бир фаришта келди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди-да: ''Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзингизни юминг'', деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''кўзимни юмдим'', дедилар. Бир оздан кейин: ''кўзингизни очинг'', деди. ''Кўзимни очдим. Мен бир дарахтнинг олдида турардим. Бир қубба кўрдим. Қубба оқ дурдан яратилган эди. Унинг бир эшиги бўлиб, зангори ёқутдан яратилган эди. Эшикка  қизил олтиндан қулф осиғлиқ эди. Агар дунёдаги аввали ва охирги барча инсон ва жинлар шу қуббанинг устига чиқарилса, худдики бир тоғнинг тепасига қўнган қушдек кўринар эди. Ёки бир дона бодомни денгизга ташлагандек бўлар эди. Кўрдим-ки мазкур тўртала анҳор шу қуббанинг остидан оқиб чиқар эди. Вақтики, орқага қайтмоқчи бўлган эдим ҳалиги фаришта менга ''қуббанинг ичига кирмайсизми?'',  деди. Мен ''у ерга қандай кираман эшиги қулф бўлса, уни қандай очаман'', дедим. Фаришта менга ''эшикни очинг'', деди. Мен: ''Қандай очаман, ахир менда калити йўқ-ку'', дедим. Фаришта: ''Калити сизнинг қўлингизда'', деди. ''Қани калити'', деб сўрадим. Фаришта: ''Унинг калити ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим'', деди. Вақтики мен қулфга яқинлашиб, ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим'', дедим. Шу пайт қулф очилди ва мен қуббанинг ичига кирдим. Кўрдим-ки оқаётган тўртта анҳор қуббанинг тўртта рукнидан оқиб чиқаётган эди. Қуббадан чиқмоқчи бўлдим. Фаришта менга: ''Кўрдингизми?'', деди. Мен: ''Ҳа, кўрдим'', дедим. ''Яна бир қаранг'', деди. Яна қарадим. Қуббанинг тўртта рукни устида ''Бисмиллаҳир роҳманир роҳим'' ёзилган эди. Кўрдим-ки сувдан иборат бўлган анҳор ''бисмиллаҳ''нинг ''мими''дан оқиб чиқаётган эди.  Сутдан иборат бўлган анҳор ''Аллоҳ''нинг ''ҳе'' ҳарфидан оқиб чиқаётган эди. Хамрдан иборат бўлган анҳор ''ар-Роҳман''нинг ''мими''дан оқиб чиқар эди. Асалдан иборат бўлган анҳор эса ''ар-Роҳим''нинг ''мими''дан оқиб чиқар эди. Мен билдимки, бу тўрттала анҳорнинг асли ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим''дан экан. Бас, Аллоҳ азза ва жалла деди: ''Эй, Муҳаммад умматингиздан кимки Мени шу исмим билан зикр қилса, холис қалб билан ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим'' деса, Мен у бандамни мана шу тўрттала анҳоримдан суғораман''. (Дақоиқул ахбор ва Руҳул баён).

Ривоят қилинишича жаннат аҳли шанба куни сувдан иборат бўлган анҳордан ичадилар. Якшанба куни асалдан иборат бўлган анҳордан ичадилар. Душанба куни сутдан иборат бўлган анҳордан ичадилар. Сешанба куни хамрдан иборат бўлган анҳордан ичадилар. Бас, бу тўртала анҳордан ичганларидан кейин маст бўладилар ва минг йил учадилар. Ҳаттоки, мискдан яратилган ўткир хушбўй ҳидли катта бир тоққа келиб қўнадилар. Тоғнинг остидан оқаётган Салсабил булоғидан чоршанба куни ичадилар. Кейин яна минг йил учадилар. Кейин жуда ҳам катта, баҳайбат бир қасрга келиб қўнадилар. У ерда кўтарилган сўрилар бор. Уларнинг ҳар бири биттадан сўрига ўтирадилар. У ерда уларга Занжабил шаробидан берилади. Улар Занжабил шаробини пайшанба куни ичадилар. Кейин жаннат аҳли устига оқ булутлардан ёмғир ёғади. Бу булутлар ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим''нинг ''бо'' ҳарфининг булоғидан ҳосил бўлгандир. Минг йил салқин ёмғир ёғади. Яна минг йил жавоҳир ёғади. Ҳар бир жавоҳир билан ҳурлар тушади. Ундан кейин яна минг йил учадилар. Ҳаттоки, ''Мақъади сидқ'' яъни ''Сидқлар ўрнига'' келиб тушадилар. Бу кун жума куни бўлади. У ерда улар мангу ёзиғлиқ дастурхон атрофида ўтирадилар. Кейин уларга ''муҳрланган, ниҳоятда пок шаробдан'' берилади. ''У (шароб)нинг хотимаси мискдандир''. Бас, жаннат аҳли  ушбу шаробдан ичурлар. Аллоҳ таоло ''Мутоффифун'' сурасида бундай деб марҳамат қилади: ''Улар муҳрланган, ниҳоятда пок шаробдан ичурлар. У (шароб)нинг хотимаси мискдандир. Ва шу нарса учун мусобақа қилувчилар мусобақа қилсинлар''.(25-26 оятлар).

  Бу мукофот ва кароматларнинг барчаси ''бисмиллаҳир роҳманир роҳим''ни ихлос билан айтгувчи ва солиҳ амаллар қилиб, гуноҳ ишлардан четланган бандалар учундир. (Ҳаётул қулуб).

    Ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан. Ул Зот ўзларининг муборак ҳадисларида бундай деб марҳамат қилганлар: ''Албатта, жаннатда бир тоғ бор. У тоғнинг номи ''Раҳмат тоғи'' деб  аталади. У тоғнинг устида бир қаср бор. У қасрнинг номи ''Ислом қасри'' деб номланади.  Қасрда бир уй бор. Уйнинг номи ''Улуғлик уйи'' деб номланган. Қасрнинг ўн икки минг эшиклари бор. Бир эшикнинг остонасидан иккинчи эшикнинг остонасигача беш юз йиллик йўлдир. Бу эшиклар очилмайди илло бисмиллаҳир роҳманир роҳим дегувчилар учун очилади''.

Муаллиф: Мансуржон Абдухолиқов – Пайариқ тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 09/08/2019 16:33;   Кўрилганлиги: 1192
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/bismillahir-rohmanir-rohimning-fazilati-2-maqola
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 19:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг