Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

Мусаффо эътиқод – саодат калити

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Билмоқ керакким, муқаддас Ислом динининг метинлиги ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларининг камоли учта илмга асосланади. Булар: Фиқҳ, Ақоид ва Тасаввуф. Ушбу илмларнинг мақоми улуғ ва даражаси юксакдир. Бунга далил сифатида Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган машҳур ҳадисни келтиришимиз мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

 “Биз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Олдимизга оппоқ кийинган, соч сақоллари тим қора бир киши кириб келди. У кишида мусофирлик аломатлари кўринмас эди. Бизнинг орамиздан ҳеч бир киши у зотни танимади. Келиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг тиззаларига тиззаларини теккизиб, рўпараларига ўтирди.  Кафтларини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига қўйиб, “Эй Муҳаммад, менга Исломдан хабар беринг”, деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом бу Аллоҳ таолонинг якка-ю ягоналигига ҳамда Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Унинг бандаси ва расули эканлигига гувоҳлик бермоқлигингиз, намозни тўкис адо қилмоқлигингиз, закотни бермоқлигингиз, рамазон рўзасини тутмоқлигингиз, агар йўлга қодир бўлсангиз Аллоҳнинг байтини ҳаж қилмоқлигингиздир”, дедилар. Ҳалиги киши: “Тўғри айтдингиз”, деди. Биз унга ажабландик. Ўзи сўраб яна ўзи тасдиқ қилар эди. “Менга имондан хабар беринг”, деди нотаниш киши. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:  “Аллоҳнинг биру борлигига, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирмоқлигингиздир”,  деб жавоб бердилар. У киши яна: “Тўғри айтдингиз. Энди менга эҳсондан хабар беринг”,  деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эҳсон бу - Аллоҳ таолога Уни кўриб турганингиздек ибодат қилмоқлигингиз. Агар Уни кўрмасангиз У сизни кўриб турибди”,  дедилар. Нотаниш зот: “Менга қиёматдан хабар беринг”,  дедилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўрагувчи сўралгувчидан бу борада билимлироқ...” , деб жавоб бердилар”.

Ҳадис давомида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қиёмат аломатларининг хабарини берадилар. Нотаниш зот кетганларидан кейин Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан: “Эй, Умар соил яъни сўрагувчи кимлигини билдингизми?”, деб сўрадилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дея жавоб бердим”, дедилар. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ул зот Жаброил алайҳиссалом эдилар. Сизларнинг олдингизга динингизни ўргатмоқ мақсадида келган эди”, дедилар.

         Ҳадисдаги Исломдан мурод – шаръий ва фаръий амал ва аҳкомларни ўз ичига олган Фиқҳ илми эди. Имондан мурод – эътиқодга доир масалалардан иборат усулул калом яъни Ақоид илми эди. Эҳсон – тасаввуфнинг аслидир. Тасаввуф нафс риёзатидан иборат. Шунингдек, тиришқоқлик билан қийин бўлган шариат амалларини адо этиш, шариатни башарият томонидан қилинган кирлардан тозалаш, танага машаққат бўлса ҳам Ҳозир ва Мангу зот Аллоҳ таолога сидқ бирла таважжуҳ (яъни юзланмоқ) қилмоқдир. Эҳсон (яъни Тасаввуф) тоат-ибодатда, зикрда қатъиятли, матонатли бўлиш, узлуксиз давом этиш ҳамда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннати санияларига амал қилишдир.

         Мана шу учта илм бирла дин камолга етади. Улардан бирини иштирокисиз диннинг комиллигини тасаввур қилиб бўлмайди. Тасаввуф илмининг камолини фиқҳ илмисиз тасаввур қилиш қийин. Чунки илоҳий аҳкомларни фиқҳсиз билиб бўлмайди. Худди шунингдек, фиқҳ илми ҳам тасаввуфсиз тамомий бўлмайди. Чунки амал ишонч бирла адо этилмаса тўғри бўлмайди. Бу иккаласи (яъни фиқҳ ва тасаввуф) имонсиз саҳиҳ бўлмайди. Мисоли руҳ билан жасад бири иккинчисисиз рўёбга чиқмаганидек.

         Шайх Розуқ раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тасаввуф қоидалари” китобида Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу сўзларини келтиради: “Кимки тасаввуфга берилса-ю илми фиқҳдан хабари бўлмаса, батаҳқиқ у зиндиқдир. Зиндиқнинг маъноси диндан чиқишдир. Кимки фиқҳ илмини билса-ю тасаввуфга амал қилмаса батаҳқиқ у фосиқдир (яъни гуноҳкордир). Кимки бу иккаласини жам қилибди, демак у ҳақ йўлни топибди”.

         Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг бу фикрларидан ирода қилинган мақсад шуки, кимки тоат ибодатга машғул бўлса, лекин ибодат борасидаги Аллоҳ таолонинг ҳукмларини билмаса, уни зиндиқлик ҳолатига тушиб қолишдан қўрқилади. Кимки Аллоҳнинг ҳукмларини билса-ю кейин унга амал қилмаса, бас у фосиқлик даражасига тушиб қолишдан қўрқилади. Кимки бу иккаласи ўртасини ўз амал ва ихлосида жам қилса, бас у муҳаққиқ комил инсонлик даражасига кўтарилади. Комиллик эса фиқҳ, ақоид ва тасаввуф илмларини жам қилишлик билан ҳосил бўлади.

         Аслида Тасаввуф илми мутлақ Фиқҳ илмига дохил бўлган илмдир. Шунингдек у, фиқҳ илмининг бир қисмидир. Шунинг учун мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа Кўфий раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ илми ва унинг ўз ичига олган илмлар тўғрисида таъкидлаб шундай деган эканлар: “Фиқҳ – нафс (яъни инсон) ўзига нима фойдали-ю нима зарарли эканини маърифатини ҳосил қилувчи илмдир”. Бу ўринда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ амални илм доирасига киритмадилар. Чунки фиқҳ илми барча эътиқодий, амалий, инсон ҳаёти давомида дуч келиши мумкин бўлган масалаларни ўз ичига олгандир.

                                                 (Давоми бор)           

Мансуржон АБДУХОЛИҚОВ - Пайариқ тумани “Ислом нури” жоме масжиди имом хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом Институти Модуль тизими 1-босқич талабаси


Киритилган вақти: 09/11/2019 15:48;   Кўрилганлиги: 2085
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/aqidah/musaffo-etiqod-saodat-kaliti-bismillahir-rohmanir-rohim
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 14:45
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг