Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

Катта гуноҳ мўминни иймондан чиқармас

 
 

Қуръони каримни биз учун икки дунё саодати қилиб нозил қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан қилиб яратган Аллоҳ таолога Унинг зотига муносиб ҳамду санолар бўлсин!

Ана шу Қуръони каримни бизларга ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан тушунтириб берган, ўз умматларини турли-туман фирқаларга бўлиниб кетишдан қаттиқ огоҳлантириб кетган Пайғамбаримиз Муҳаммадга ҳамда у зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига салавот-у саломлар бўлсин!

Минг афсуслар бўлсинки, муқаддас динимиз Ислом инсонларни ягона эътиқод ва ғоя остида бирлашишга, бошқаларнинг фикрларини ҳурмат қилишга чорлаган, турли хил фирқаларга бўлиниб кетишдан қайтарган, ҳатто фирқаларга бўлиниб кетган биздан олдинги умматларнинг оқибатларини баён қилиб берган бўлишига қарамасдан мусулмонлар орасида фирқаланишлар вужудга келди. Ўзидан бошқаларнинг фикрларини мутлақ қоралайдиган ва фақат ўзларининг қарашларини энг тўғри ва ҳақиқат деб биладиган кимсалар пайдо бўлди. Тўғри, ана шу фирқаларнинг ҳаммаси ҳам ботил йўлдалар. Улар Аҳли сунна вал жамоадан ажралиб қолган кимсалардир. Аммо уларнинг ичидан ҳижрий 38, милодий 658 санада хорижийлар деб аталмиш бир фирқанинг пайдо бўлиши ислом ва мусулмонлар учун улкан мусибат бўлди. Бошқа фирқалардан фарқли ўлароқ улар катта гуноҳларга қўл уриб қўйган мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришар, уларнинг мол-мулклари, хотинлари ва бошқаларни ўзларига ҳалол деб билишар эди. Ислом дини яшаб келаётган ўн тўрт асрдан ҳеч бири хорижийларнинг ақидасидек эътиқодда бўлган фирқа ёки гуруҳлардан холи бўлган эмас. Ҳатто ўзимиз яшаб турган ҳозирги давримизда ҳам мўмин-мусулмонларни кофирга чиқарадиган кимсалар ва гуруҳлар дунёнинг турли ҳудудларида, афсуски, кўплаб топиладиган бўлиб қолди. Турли хил замонавий ахборот воситалари, айниқса, интернет тармоғи уларнинг ана шу бузуқ қарашлари қисқа фурсат ичида диний билим савияси унча юқори бўлмаган ёки мафкуравий иммунитети шаклланиб улгурмаган кўплаб ёшларнинг нотўғри йўлга кириб кетишларига сабаб бўлмоқда.

Биз ушбу мақоламизда ана шу долзарб мавзу юзасидан сўз юритишни лозим топдик ва бунда ҳижрий 471, милодий 1078 йилда яшаб ўтган буюк ватандошимиз Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил Насафийнинг “Ал-ақоидун-насафийя” номли асарига Доктор Абдул Малик Абдур Раҳмон Саъдий тарафидан ёзилган шарҳдан кенг фойдаландик. Аллоҳ таоло бу мақолани барчамиз учун манфаатлик қилсин!

“Ал-ақоидун-насафийя”да муаллиф имом Абу Ҳафс Нажмиддин Насафий шундай ёзади:

“Катта гуноҳ мўминни иймондан чиқармайди ва уни куфрга киргизмайди”.

Хўш, катта гуноҳ нима ўзи? Ундан қайси гуноҳлар назарда тутилмоқда? Катта гуноҳ дейилганда куфрдан пастроқ даражадаги маъсиятлар тушунилади. Аслида катта гуноҳлар ҳақида турли хил қарашлар мавжуд. “Ортида бузғунчилик турган гуноҳ катта гуноҳдир”, “Шариат соҳиби тарафидан унинг учун таҳдид мавжуд бўлган гуноҳ катта гуноҳдир”, “Аслида зарари оз бўлган ҳар қандай гуноҳ катта ва зарари кўп бўлган ҳар қандай гуноҳ кичик гуноҳдир” каби фикрлар шулар жумласидандир. Катта гуноҳлар ичидан куфр энг катта гуноҳдир. Ноҳақ одам ўлдириш, эрлик покиза аёлга туҳмат қилиш, зино, жанг куни ортга қочиш, сеҳр, етимнинг молини ейиш, ота-онага оқ бўлиш, Масжидул ҳаромда кичик гуноҳ қилиш, ўғирлик, хамр (маст қилувчи ичимлик) ичиш ҳамда судхўрлик катта гуноҳлар сирасидандир.

Мусулмонлар куфрдан бошқа катта гуноҳларни қилган кишилар борасида турли хил фикрларни билдирганлар. У мўминми ёки кофир ёхуд бу иккаласи ўртасидаги мартабадами?

Аҳли сунна вал жамоа вакиллари гуноҳи кабира қилган киши ўзининг бу иши билан иймондан чиқиб кетмайди ва куфрга ҳам дохил бўлмайди, деганлар. Аммо у ўша гуноҳни ҳалол санаган ёки шариатнинг ундан қайтарганига беписандлик қилган бўлса ёхуд шариат уни фарз деб белгилаган бир ишни беписандлик билан тарк қилган бўлса, албатта, у муртад ва кофирдир.

Аҳли сунна вал жамоа вакиллари ўзларининг бу фикрларига қуйидагиларни далил-хужжат қилиб келтирадилар:

  1. Иймоннинг моҳияти – бу, қалбдаги тасдиқдир. Шундай экан, мўмин банда маъсиятга қўл урадиган бўлса-ю, қалбида мўминлигича қолса, шубҳасиз у ўша иймон билан сифатлангувчи бўлиб қолаверади.

Ҳа, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги мусулмонлар модомики очиқ-ойдин ширк ёки куфр келтирмас экан, мўмин-мусулмон одамни ҳеч қандай гуноҳи сабабли кофирга чиқармайди.

Шу ерда: “Бу гапдан келиб чиқадики, куфр гапни тилга олган ёки санамга сажда қилиш ёки Қуръон нопок жойларга ташлаб юбориш ёхуд шунга ўхшаш уни кофирга айлантириб қўядиган бирор амални бажарган кишини ҳам унинг қалбдаги инкори ва иймондан қайтгани бизга аён бўлмагунча кофирга чиқариб бўлмас экан-да”, деган ўринли бир эътироз пайдо бўлади.

Биз бу эътирозга: “Унинг амали ёки куфр гапни талаффуз қилиши қалбидаги инкорнинг аломатларидан биридир ва шунинг учун ҳам уни кофир деб ҳукм қилинади”, деб жавоб берамиз.

  1. Катта гуноҳ ва маъсиятларга қўл урган кишиларга нисбатан ҳам иймон лафзи ишлатилган. Бунинг далили Аллоҳ таолонинг:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِصَاصُ فِي الْقَتْلَى

Яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос (олиш) фарз қилинди”[1], деган сўзидир. Қасос ўлдириш ҳаром қилинган жонни қасддан ўлдирган кишилар учунгина фарз қилинган.

Яна:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَصُوحًا

Яъни: Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз”[2], деган сўзи ҳам.

Яна:

﴿وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا

Яъни: Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар[3], деган сўзи ҳам. Мусулмонлар ўртасидаги ўзаро урушиб қолиш катта гуноҳлар жумласидандир. Шунга қарамасдан Аллоҳ таоло бу оятда уларни мўминлар деб атамоқда.

Яна бир далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларидир:

"ما مِن عَبْدٍ قالَ: لا إلَهَ إلَّا اللَّهُ، ثُمَّ مَاتَ علَى ذلكَ إلَّا دَخَلَ الجَنَّةَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ قُلتُ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ؟ قالَ: وإنْ زَنَى وإنْ سَرَقَ علَى رَغْمِ أنْفِ أبِي ذَرٍّ وكانَ أبو ذَرٍّ إذَا حَدَّثَ بهذا قالَ: وإنْ رَغِمَ أنْفُ أبِي ذَرٍّ".

Яъни: “Бирон банда йўқки, “Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ)” деб айтиб, шунинг устида (иймонда) вафот этса, албатта, Жаннатга киради”, дедилар. “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?” – деб сўрадим. “Зино ва ўғирлик қилса ҳам”, дедилар. (Яна) “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?” – деб сўрадим. “Зино ва ўғирлик қилса ҳам”, дедилар. (Яна) “Зино ва ўғирлик қилса ҳамми?” – деб сўрадим. “Зино ва ўғирлик қилса ҳам, Абу Зар буни истамаса (мажбурликдан рози бўлса) ҳам!”[4].

  1. Яна бир далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бошлаб ҳозирги кунимизга қадар тавба қилмасдан вафот этган бўлишига қарамай мўминларга жаноза намози ўқиб келинаётганидир. Агар катта гуноҳ қилган мўмин кофир бўлганида унга жаноза намози ўқиш ҳам, унинг ҳаққига дуо ва истиғфор айтиш ҳам мумкин бўлмас эди.

Хорижийлар[5] эса катта гуноҳ қилганлар борасида қуйидаги фикрни илгари сурдилар:

У кофирдир. Чунки куфр билан иймоннинг ўртасида ҳеч бир восита йўқ. Қуръон ва ҳадисда келган лафзларнинг зоҳирий маъноларида катта гуноҳга қўл урган кишини кофир дейилган ва фосиқ деб зикр қилинган ўринда ҳам кофир назарда тутилган.

Ана шундай иборалардан бири Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир:

﴿وَمَنْ لَمْ يَحْكُمْ بِمَا أَنْزَلَ اللَّهُ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

Яъни: Аллоҳ нозил этган (оятлар) билан ҳукм қилмайдиганлар – ана ўшалар фосиқлардир”[6]. Бу “Аллоҳнинг ҳукми асосида амал қилмаган кишилар” маъносидадир.

Яна:

﴿وَمَنْ كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُولَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ

Яъни: “Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ўзлари фосиқлардир”[7]. Аллоҳ таоло бу оятда куфрни фосиқлик деб таъбир бермоқда.

Шунингдек, қуйидаги ояти билан фосиқликни иймонга муқобил қилиб қўйган:

﴿أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًا كَمَنْ كَانَ فَاسِقًا  لَا يَسْتَوُونَ

Яъни: Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?! Тенг бўлмаслар[8].

Яна:

﴿وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا  وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ

Яъни: Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ одамлардан беҳожатдир”[9]. Бу оятда Аллоҳ таоло ҳажни тарк қилувчи кишини кофир деб ҳисобламоқда.

Яна бир далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларидир:

مَن ترَكَ الصَّلاةَ متعمِّدًا فقَد كفرَ

Яъни: “Ким намозни қасддан тарк қилса, батаҳқиқ кофир бўлибди”[10].

Шунингдек, улар юқорида ўтган нақлий далиллардан ташқари ақлий далилларни ҳам келтирганлар. Жумладан, улар шундай хужжат келтирадилар:

Азоб бу, кофирларнинг ўзларига хос бўлган ишдир. Бинобарин, гуноҳи кабира қилган киши азобланадиган бўлса, бу ўша гуноҳга қўл уриб кофир бўлгани учундир, холос. Бунинг исботи Аллоҳ таолонинг ушбу сўзларидир:

﴿أَنَّ الْعَذَابَ عَلَى مَنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّى

Яъни: (Аллоҳнинг пайғамбарларини) ёлғончи қилган ва (иймон келтиришдан) юз ўгирган кимсаларга азоб бўлур”[11].

Яна:

﴿لَا يَصْلَاهَا إِلَّا الْأَشْقَى١٥ الَّذِي كَذَّبَ وَتَوَلَّى١٦﴾

Яъни: У(ўт)га бадбахтдан бошқа ҳеч ким кирмас. Ўша ёлғонга чиқарган ва юз ўгирган эди[12].

Яна бири:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا

Яъни: Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур”[13].

Катта гуноҳ қилган мўминлар кофир бўлишига далолат қиладиган булардан бошқа ҳам бир қатор оят ва ҳадислар ҳам бор.

Хорижийларнинг бу даъволарига биз қуйидагича жавоб берамиз:

Биринчи оятда келган куфр агар Аллоҳ нозил қилган нарсадан бошқаси билан ҳукм қилишни ҳалол деб эътиқод қилса бўлади ва бундай эътиқод қилган одамнинг кофир бўлишида ҳеч бир хилоф йўқ. Шунингдек, намозни тарк қилганлик ҳақидаги ҳадис ва ҳаж ҳақидаги оят ҳам худди шундай тушунилади. Иккинчи ва учинчи оятда зикр қилинган фосиқликдан мурод куфрдир. Чунки у фосиқликдан кўра каттароқдир.

Бир мўминни қасддан ўлдирган одамнинг дўзахда абадий қолиши ҳақидаги оятга келсак, ундан мурод у ерда абадий қолиш эмас, балки узоқ вақт қолишдир. Шунинг учун ҳам кофирларга азоб ваъда қилинган оятларда бўлгани каби бу ерда “абадий” сўзини зикр қилмаган.

Демак, хорижийлар далил сифатида келтирган оят ва ҳадисларни ижмоъга ва катта гуноҳга қўл урган кишилар ҳам мўмин эканига далолат қиладиган оят ва ҳадисларга мувофиқ келиши учун уларнинг зоҳирий маъноларидан буриб тушинишимиз лозим бўлади.

Муътазилийлар[14] эса қуйидаги фикрни илгари сурганлар:

Катта гуноҳга қўл урган киши мўмин ҳам эмас, кофир ҳам. У фосиқ бўлади. Мўминлик билан кофирлик ўртасидаги бир манзилда бўлади.

Улар ўзларининг бу қарашларига қуйидагиларни далил қилиб келтирганлар:

  1. Катта гуноҳга қўл урган кишини фосиқ деб аташ борасида барча уламолар ҳамфикрдирлар. Аммо у мўминми ёки кофир экани борасида турли хил фикрдалар. Аҳли Сунна уни мўмин деса, хаворижлар кофир дейди. Биз эса ҳамфикр бўлинган қарашни олиб, ихтилофли бўлган қарашни тарк қилдик ва у фосиқдир, мўмин ҳам эмас, кофир ҳам дедик.

Биз муътазилийларнинг бу даъволарига қуйидагича жавоб берамиз:

Бутун уммат икки хил инсон – кофир ва мўмин борлигига ижмоъ қилган. Шундай экан бу ўринда учинчи бир хилни ўйлаб топиш ана шу ижмоъдан четга чиқиш ҳисобланади.

  1. Муътазилийлар яна шундай далил келтирадилар:

У мўмин эмас. Чунки Аллоҳ таоло фосиқликни мўминликнинг муқобили қилиб белгилаган. Бунинг далили ушбу ояти каримадир:

﴿أَفَمَنْ كَانَ مُؤْمِنًا كَمَنْ كَانَ فَاسِقًا

Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одамдек бўладими?![15].

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади”[16], деган ҳадисларида катта гуноҳ қилган кишининг иймони бўлмайди деганлар. Шунингдек, “Омонатни сақлай олмайдиган кишининг иймони йўқдир”[17], деганлар. У кофир ҳам эмас. Чунки бутун уммат катта гуноҳ қилган кишига жаноза ўқиб келган, уни мусулмонлар қабристонига дафн қилган, унга нисбатан муртадлик ҳукмларини жорий қилиш орқали уни ўлдиришмаган. Демак, у куфр билан иймоннинг ўртасидадир.

Муътазилийлар далил қилиб келтирган оятга биз шундай жавоб берамиз:

Ҳақиқатан ҳам бу оятда зикр қилинган фосиқликдан куфр назарда тутилган. Чунки у энг катта фосиқликдир. Шунинг учун ҳам уни иймоннинг муқобилига қўйилган.

Аммо улар келтирган биринчи ҳадис юзасидан биз шундай жавоб берамиз:

Ҳақиқатан ҳам бу ерда зинокор зино қилаётган вақтида унинг иймони йўқ бўлиши назарда тутилган. Чунки, ўша вақтда иймон билан сифатланган ва Аллоҳ таоло бу иши учун унга ғазаб қилиши ҳамда азоблашига аниқ ишонган киши ана шу қабиҳ ишни қилмаган бўлар эди.

Иккинчи ҳадисга келсак, у ерда комил иймон бўлмаслиги назарда тутилган. Яъни, омонатни сақлай олмайдиган кишининг иймони комил эмас, деган маънода. Ёки қўрқитиб қўйиш маъносида айтилган бўлиши ҳам мумкин. Бунинг далили Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ўша машҳур ҳадисдир. Чунки, у ҳадисда зинокор ва ўғри ҳам жаннатга кириши аниқ айтилган.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўл ва ҳақ эътиқодда бардавом қилсин. Ўзгаларни кофирга чиқаришдек хатарли ишдан Ўзининг ҳимоясида сақласин. Гўзал ахлоқимиз, ҳикматли сўзларимиз ва юриш-туришимиз билан ҳали иймон ҳаловатини татиб кўрмаган инсонларнинг мўмин-мусулмон бўлишларига бизларни сабабчи қилсин.

 [1] Бақара сураси, 178 – ояти.

[2] Таҳрим сураси, 8 – ояти.

[3] Ҳужурот сураси, 9 – ояти.

[4] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

[5] Хорижийлар — (араб. - ажралиб чиққан, исёнчи) - исломдаги илк оқим тарафдорлари. Халифа Али билан умавийлар ўртасидаги кураш давомида 7-асрнинг 2-ярми бошларида вужудга келган.

[6] Моида сураси, 47 – ояти.

[7] Нур сураси, 55 – ояти.

[8] Сажда сураси, 18 – ояти.

[9] Оли Имрон сураси, 97 – ояти.

[10] Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти.

[11] Тоҳа сураси, 48 – ояти.

[12] Лайл сураси, 15-16 – оятлари.

[13] Нисо сураси, 93 – ояти.

[14] Муътазилийлар — муътазила (араб. - ажралиб чиққанлар, узоқлашганлар) -исломдаги илоҳиёт оқимларидан бири. 8-а. ўртасида Араб халифалигида вужудга келган. Асосчилари Восил ибн Ато ва Амр ибн Убайд. Улар ўз гуруҳи билан устозлари Ҳасан ал-Басрий  мактабидан ажралиб чиққан.

[15] Сажда сураси, 18 – ояти.

[16] Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривояти.

[17] Имом Аҳмад, Баззор, Абу Яъло ривояти.

Алоуддин Ҳофий, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кичик илмий ходими


Киритилган вақти: 30/10/2019 15:29;   Кўрилганлиги: 1645
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/aqidah/katta-gunoh-mominni-iymondan-chiqarmas
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 20:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг