Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Ақийда

ФОЛБИН ВА БАШОРАТЧИЛАРГА ИШОНМАНГ

 
 

Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тўғри деб билиши соф Ислом ақидасига зид эканлигини ҳар бир киши билиб олиши керак. Фолбин араб тилида “коҳин” дейилади, яъни келажакда бўладиган ишларни билишини даъво қилади. Башоратчи араб тилида “арроф” дейилади. Сўровчининг гапига қараб йўқолган нарсанинг жойини, олган шахснинг баъзи бир сифатларини айтиб беришини даъво қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким фолбинга борса ва унинг айтган гапига ишонса Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди”. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан қуйидаги ривоят келтирилади: “Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар ҳеч нарсага арзимайди”Ю дедилар. Одамлар, эй Аллоҳнинг Расули, баъзан уларнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқадику дейишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳақдан бўлган бир калима бўлиб, жинлардан бири уни илиб олади ва фолбиннинг қулоғига юздан ортиқ ёлғонни қўшиб етказади” -дедилар.

Динимизда фолбинликнинг қоралашини боиси, унинг жамият учун моддий, маънавий, ахлоқий, этиқодий зарарлари борлиги учундир. Фолбинликдан топилган мол ҳаром, фолбинга мол сарфлаганнинг пули исроф ва молда барака булмайди.         Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хадиси шарифларида: “Ва фолбиннинг олган ҳақи ҳаромдир”, деганлар. Айрим кишиларнинг иши юришмаса ҳам, бетоб бўлса ҳам, қизларга совчи келмаса ҳам, қўйингки, ҳар қандай муаммоси бўлса ҳам фолбинга боришини эшитиб қоламиз. Фолбин эса мурожаат қилганларга қариндошлардан, қўшнилардан ёки ҳамкасблардан кимдир илму амал қилган, дейди. Кўрибсизки қариндошларга, ҳамкасбларга, қўшниларга ёмон назар билан қарай бошлайди. Турли туман ёмон фикрлар ва гумонлар гирдобида қолади. Бу эса жамиятга катта зарар келтиради.

Восила ибн Аскаъ розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким фолбиннинг ҳузурига келса, ундан бирор нарса сўраса, қирқ кечага тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса кофир бўлади” деганларини эшитдим” деган.

Фолбинларга ишониб ақидамизни бузмайлик, имонимиздан ажраб икки дунёмизни куйдирмайлик.

Хайрулло ДЎСТМУРОДОВ - Каттақўрғон шаҳар бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 02/12/2019 15:19;   Кўрилганлиги: 382
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/aqidah/folbin-va-bashoratchilarga-ishonmang
Чоп этилган вақт: 30/05/2020 13:19
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг