Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Замонамиз хаворижлари

 
 

Ҳозирги глобаллашув даврида дунёнинг барча мамлакатлари аҳолиси замонавий технологик ютуқлардан қанчалик катта манфаат топаётган бўлса, худди шу сабабли содир бўлаётган офатлардан ҳам бирдек зарар кўрмоқда. Жумладан, экстремизм балосининг ҳозирги кунда бутун дунёга бирдек хавф солиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, дин ниқобидаги экстремистик ҳаракатлар тарихда ўтган хаворижларнинг жиноятларини такрорлаётганга ўхшайди. Улар интернет орқали бузғунчи ғоялар тарғиботига зўр бериб, ёшларни йўлдан уришяпти.

Хаворижлар Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган экстремистик руҳдаги оқим­лардан саналади. Гарчи уларнинг келиб чиқиши ҳазрат Али розияллоҳу ан­ҳунинг халифалик давридаги воқеа­лар билан боғлиқ бўлса-да, аслида уларнинг пайдо бўлиши ҳақида Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам олдин­дан огоҳ­лантирганлар. Бунинг ҳам сабаби бор.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ алайҳисса­лом Ҳунайн ғазотидан тушган ўл­жалар­ни тақсимлаётган пайтда Бани Тамим қав­мидан Зул Хувайсира деган кимса келиб: “Эй Расулуллоҳ, адолат қилинг!” деди. Ра­су­луллоҳ: “Мен адолат қилмасам, ким адо­лат қилади?!” дедилар. Шунда Умар розиял­лоҳу анҳу: “Рухсат беринг, мен уни ўл­дирай”, деди. Расулуллоҳ: “Йўқ, бу­­нинг биродарлари одамлар ихтилоф қилган вақтда юзага чиқадилар. Қуръон ўқий­дилар, аммо ҳалқумлари­дан нари­га ўт­майди. Улар худди камондан ўқ чиқ­қандай диндан чиқадилар. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир киши бўлади, унинг қўли аёл кишининг кўкрагидек дўппайган бўлади”, дедилар. Абу Саъид айтади: “Бу гапларни Расу­луллоҳдан Ҳу­найн куни ўз қулоғим билан эшитганман, Али розияллоҳу анҳу уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман”.

Демак, хаворижлар наздида ҳеч ким­нинг ҳурмати ва ҳеч нарсанинг қад­ри йўқ. Ҳатто пайғамбардек зотга ҳам бетгачопарлик қилган кимсадан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?!

Имом Насоий “Ас-сунанул кубро” аса­рида келтиришича, Абдуллоҳ ибн Аб­бос розияллоҳу анҳумо хаворижлардан олти минг киши Ҳаруриядаги бир ерга тўпланишганда, уларнинг нотўғри йўлда эканларини аниқ далиллар билан исботлаб берган эдилар. Шундан сўнг кўпчилик хаворижлар нотўғри йўлда эканларини англаб етиб, тўғри йўлга ўтганлар.

Хаворижлар тоифаси гарчи саҳо­балар даврида чиққан бўлса-да, ҳеч бир саҳобий улар тарафида бўлмаган. Аксинча, бу тоифа ҳақ билан ботилни аж­рата олмайдиган илмсиз, жоҳил кимса­лардан таркиб топган.

Ҳозирги кундаги экстремистик оқим­ларнинг бирортаси Ислом оламида мўъ­табар ва машҳур уламолар томонидан эътироф этилмаган, аксинча барча аҳли илмнинг муттасил танқидига уч­раб келаётгани айни ҳақиқатдир.

Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъдан Аб­дул­­лоҳ ибн Умарнинг хаворижлар ҳақида қандай фикрда бўлгани тўғ­рисида сўраш­ганида, у шундай деб жавоб берган эди: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятлар­ни мўминларга татбиқ этадилар”, дер эди».

Ҳақиқатан, замонамиз хаворижлари бўлмиш экстремистик тоифалар ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этиб, уларни кофирга чиқармоқдалар. Интернет тармоғи орқали тарқатилаёт­ган видеороликларнинг бирида бир тў­да экстремистик кайфиятдаги кимса­лар Мумтаҳана сурасининг 4-оятини мў­минларга татбиқ қилаётгани намойиш этилган.

Мазкур оятнинг мазмуни бундай: «Сиз­лар учун Иброҳим ва у билан бир­га бўл­ган кишиларда гўзал намуна бор­дир. Қайсики, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингизгача, сизлар билан биз­нинг ўртамизда мангу адоват ва наф­рат пайдо бўлди”, дедилар…»

Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом бутпарастликка муккасидан кетган қавм­га пайғамбар бўлиб келган эдилар. Ҳатто у зотнинг оталари Озар бут ва са­намлар ясовчи уста бўлгани тарих китоб­ларида баён қилинган. Бутларга сиғинувчи қавм­ни ёлғиз Аллоҳга ибо­дат қилишга чақир­ган Иброҳим алай­ҳиссалом ва у кишига имон келтир­ганлар ўз қавмларининг ҳи­доятга ке­лишидан умидлари узилгач, мазкур оятда баён қилинган сўзларни айт­ганлар. Ушбу оятни минг йиллардан бери мўмин-мусулмон бўлиб яшаб келаётган ўзбек халқига қарши талқин қилиш нақадар кулгили.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча бидъатчи фирқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманларининг қўли борлигига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, чин мусулмон инсон экстремистик тоифаларнинг жозибадор сўзларию мафтункор даъволарига алданмаслиги лозим.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ - Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан

Манба: hidoyat.uz


Киритилган вақти: 31/01/2020 16:08;   Кўрилганлиги: 1223
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/zamonamiz-xavorijlari
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 18:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг