Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ёшларимиз олдидаги бурчимиз

 
 

Аллоҳнинг ўзи яратган бандаларига берган неъматлари ниҳоятда кўп. Бу неъматларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Шудардан бири тинчлик-осойишталик, хотиржам яшашдир. Бусиз ҳаётнинг завқи, файзи йўқ. Аллоҳнинг инояти истиқлол шарофати туфайли халқимиз мана шундай осуда яшамоқда. Лекин, биз кундалик радио, телевидения, интернет сайтлари  ёки ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хабарларда жаҳоннинг кўпгина давлат ва мамлакатларида нотинчлик, бузғунчилик, табиий офатлар содир бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, қабиҳ ишлар, қўпорувчилик содир этилаётган жойларда халқ қийналмоқда. Уй-жойидан ватанидан жидо бўлиб, оғир аҳволда кун кечираётир.

Хўш юқоридаги бузғунчилик, зўрозонлик, қўпорувчилик, нотинчликнинг сабаби нима, кимларнинг бунда “қўли” бор? Албатта, оддий халқнинг эмас. Мол-дунё ҳирсига тушган, тинч-осойишта яшаб, мамлакатини гуллаб-яшнашига интилаётган халқларнинг тараққиёти юксалишини кўра олмайдиган ёвуз кучлар, соф ислом динини ниқоб қилиб олган террорчи гуруҳлар содир этмоқда. Уларнинг нияти халқ орасига нифоқ солиб шу давлат ривожини издан чиқаришдир. Шу боис ҳар биримиз тинч-хотиржам яшаш учун ўз уйимизни, оиламизни ҳимоя қилишимиз лозим. Айниқса ёшларимизни бу бало қазодан сақлашимиз ҳам фарз ҳам қарз.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз” деб такидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса, ёшлар талим-тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини қалбдан ҳис қилмоқлари лозим. Фарзанд  Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат ва ота – онага берилган катта омонатдир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга фарзанд туғулгани хабари берилганда “Фарзанд бир райҳонки мен уни ҳидлайман, у яқинда менга яхшилик қилувчи дўст ёки зарарли душманга айланади” деб айтган эканлар.

Ёшларимизнинг яхшилик қилувчи фарзанд бўлишларии учун уларни тарбиялашда имон-эътиқод ва она ватанга садоқат масаласи муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун тарбия бериш ўта нозик ҳисобланиб, у тўғри бўлса фарзанд камолга етиб, эл-юртга фойда келтиради.

Динимизга ёд бўлган оқимлар  дунёни бошқа жойлари каби юртимизда ҳам ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун интилмоқда. Улар айрим ёшларнинг соддадиллиги, эътиқоди сустлигидан фойдаланиб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш каби баҳоналар билан ўз тузоқларига илинтиришга ҳаракат қилишмоқда. Шу боис барчани ҳушёрликка, ҳар қандай ёт ғоя ва фирқаларга бефарқ бўлмасликка, мустақил она диёримиз халқига унинг тинч турмуши ва фаровонлигига таҳдид соладиган турли хавфлардан огоҳ бўлишга чақирмоғимиз керак. Биз шундай йўл тутамиз.

Зайниддин ДУСТОВ – Каттақўрғон туман “Хўжа Абдураҳмон ота” жоме масжиди имом хатиби  


Киритилган вақти: 31/10/2019 13:25;   Кўрилганлиги: 351
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/yoshlarimiz-oldidagi-burchimiz
Чоп этилган вақт: 13/07/2020 10:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг