Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЁШЛАР КЕЛАЖАГИМИЗ

 
 

Соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган эзгу ғоя асосида юксак замонавий талабларга жавоб бера оладиган, янгича фикрлайдиган, мамлакатимиз келажаги тақдирини ишониб топшириш мумкин бўлган ёш мутахассислар  тайёрланмоқда Ватанимизда.

Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта давлатларнинг етакчи кучлари ҳисобланмиш ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Буюк ўзбек халқи қадим-қадимдан фарзанд, ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб келган. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати эса қадимдан ота-боболаримиз томонларидан шаклланиб келган асл миллий ва диний қадриятларимизни бугунги кундаги аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатиб бермоқда. Зеро, ҳаётимизни мукаммал аҳлоқ тамойиллари асосида барпо қилиш ва албатта, таълим-тарбия бериб келаётган эртамиз ишончи бўлмиш ёш авлодларимизга боғлиқдир. Зотан мустақил давлатимиз истиқболи учун маънавияти юксак, баркамол инсонлар зарурдир.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида “Мафкура соҳасида бўшлиқ деган нарсанинг ўзи ҳеч қачон бўлмайди. Чунки инсоннинг қалби, мияси, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Демак, доимо маънавий озиқ керак. Агар шу озиқни ўзи яшаётган муҳитдан топа олмаса, бундай озиқни у аста-секин бошқа ёқдан излай бошлайди” дея таъкидлайди. Бу ўринда  давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, ёшларимиз ҳаётининг барча жабҳаларини, хусусан, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳатлар униб-ўсиб келаётган ёшларга давлатимиз томонидан қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. Маълумки, давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди.

Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.

Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.

Ҳадисда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дея келтирилади. Бундан кўриниб турибтики, ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғлиги керак. Чунки, ер юзида жамики инсоният ҳар неки ишни амалга оширмасин, унинг амалга ошираётган ишлари тарбия маҳсули ҳисобланади. Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зиммасидадир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз,- деб таъкидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса, ёшлар таълим ва тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини ҳис қилмоқлари лозимдир. Бир сўз билан айтганда, фарзандларимиз илм-маърифатли инсонлар бўлиб етишишларида бирортамиз четда турмаслигимиз лозим.

Бугунги кунда мустақиллигимиз шарофати билан оилада ва таълим ўчоқларида фарзандларимизнинг мурғак қалбларига одоб-ахлоқ, иффату-ҳаё каби тушунчалар билан ҳамоҳанг тарзда сингдириб борилмоқда. Шунга қарамасдан бугунги таҳликали замонда фарзандларимиз онгини турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш энг асосий вазифамиз бўлиб қолаверади. Чунки хозирги ўта глобал замонда, турли бузғунчи ғояларга асосланган фирқа ва гуруҳларнинг асосий мақсадлари ёшлар онгини заҳарлаб, ўз домига тортишдан иборат. Бундан мурод эса, ҳар доим жамиятнинг энг кўзга кўринган қатлами бўлиб келган ёшларни бузғунчи ғоялар шамоли чирмаб ўтиб, ҳаракатга келтириб, ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга оширишдан иборатдир.

 Б.Шарипов -  Самарқанд туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 18/05/2020 09:56;   Кўрилганлиги: 185
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/yoshlar-kelajagimiz
Чоп этилган вақт: 01/06/2020 11:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг