Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

СОФ ИСЛОМ ҒОЯЛАРИНИНГ ҒАРАЗЛИ МАҚСАДЛАРДА ТАЛҚИН ЭТИЛИШИ

 
 

Бугунги кунда ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган экстремистик ҳаракатларнинг инсон онги ва қалбини эгаллаш мақсадида ҳар кандай разил йўллардан фойдаланиш ҳоллари авж олаётганини афсус билан қайд этиш лозим.

Бундай кучларнинг динимиз асосларини, Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уриниши эса, уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради.вазият шуни кўрсатмоқдаки, улар ер юзидаги ҳар қандай давлатдаги тинчликни бузиш, мавжуд тузумни издан чиқариш йўлида ислом дини ғояларини ғаразли талқин этиш услубидан фаол фойдаланмоқда.

Бугунги кунда экстремистик ташкилотлар томонидан ислом дининг айрим тушунчалари шундай талқин қилинаётганини афсус билан айтиб ўтиш лозим. Жумладан, исломни ниқоб қилиб олиб, унинг номидан иш олиб бораётган экстремистик ҳаракатлар асосан “Жиҳод-мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас уруши”, деб талқин этмоқда. Бундай талқин динимизнинг гўёки, ёвузликка, жангу жадал, уруш, қон тўкиш,бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақидаги тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда. Аслида, “жиҳод” сўзи луғатда “жидду жаҳд”, “бирор нарсага эришиш учун бор имкониятини ишга солиш” каби маъноларни англатади. Масалан, талабаларнинг дарсини ўзлаштириши ёки шогирднинг бирор ҳунарни ўрганиши учун бор куч ғайратини сарфлаши-унинг жиҳоди бўлади. Истилоҳда эса, ушбу сўз бир қанча маъноларда ишлатилади ҳамда бу сўзнинг Қуръон ва ҳадисларда қўлланиши билан белгиланади. Жумладан, “Жиҳод” деганда ота-онага хизмат қилишни ҳамда Аллоҳ йўлида инсон ўз нафсига қарши курашини тушуниш мумкин. Бу маъноларга тегишли ҳадиси шарифлар ҳам келтирилган.

Юқоридаги келтирилган гаплардан билиниб турибдики, ўз билганича, илмсиз ёки ўз манфаати йўлида Қуръони каримнинг бирор оятини шарҳлаш ёки Расулуллоҳ (алайҳиссалом) номларидан ёлғон гапиришнинг оқибатлари очиқ-ойдин баён қилинган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Қуръони карим ёки ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ва унга маъно бериш учун бир қанча илмларни ўзида мужассам қилмоғи лозим. Бундан ташқари, Қуръон ёки ҳадисдан ҳукм чиқармоқчи бўлган киши муайян масалага тааллуқли бўлган барча оят, ҳадис, саҳобаларнинг ўша маслага муносабатлари ҳамда мужтаҳид уламоларнинг фикрларини яхши билмоғи шарт. Шу ўринда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким Қуръонни ўзича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин” деган ҳадис (таҳдид)ларини айтиб ўтишнинг ўзи кифоядир.

 Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили


Киритилган вақти: 27/03/2020 17:32;   Кўрилганлиги: 1064
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/sof-islom-goyalarining-garazli-maqsadlarda-talqin-etilishi
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 06:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг