Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ШУКР - НЕЪМАТЛАРНИНГ КЎПАЙИШИГА САБАБ БЎЛАДИ

 
 

Аллоҳ таоло бутун оламни барпо этгач, қуруқликда, ер ости ва сувда, ҳавода яшайдиган мавжудотларни яратди ва бутун мавжудотнинг яшаши, насл қолдириши учун ўзига хос неъматлар билан сийлаб, ҳар бирига ризқ-насиба улашди.

Мазкур мавжудотларнинг бир тури инсондир. Инсон сўзи бирликда банда, одам, киши, кўпликда эса эл, халқ, элат каби маъноларга эга. Инсон бошқа мавжудотлардан ўзининг ақли, фаросати, ҳис-туйғуси, тафаккури би-лан ажралиб туради.

Аммо, инсон сўзининг туб маъносига эътибор қилсак, баъзи манбаларда “инсон” сўзи арабчадан олинган бўлиб, “нисён”– яъни, унутувчи маъносини билдиради. Буни шундай изоҳлаш мумкин: инсон (банда) ларнинг баъзилари “неъмат” сўзининг маъносини тор маънода – фақат моддий неъматларнигина тушунишади. Сув, ҳаво, тансиҳатлик, эл-юрт тинчлиги, фаровонлик, серобчилик каби инсон ҳаётининг асоси бўлган нарсаларни унутиб қўядилар. Гўё бу нарсалар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар. Мол-дунё, мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш нарсаларнигина неъмат деб биладилар.

Ҳолбуки, кишининг ҳаёти учун манфаатли  бўлган барча нарсалар Аллоҳ таоло ҳадя этган неъматлардир. Зеро, бу  неъматларнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш, ундан тежамкорлик билан фойдаланиб, шукрини адо этиш инсонларга хос фазилатдир.

 Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи  васаллам ҳадисларининг бирида “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар му-жассам экан” (Имом Термизий ривояти), деб, неъматнинг Аллоҳдан эканини  кенг маънода тушунишга ундайди. Неъматлар – моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтилганлар моддий неъматлар жумласига кирса, имон, ислом, ҳуррият, ибодат каби кўзга кўринмайдиган маънавий неъматларлар моддий неъматларга нисбатан қадрлироқдир.

         Халқимиз дуога қўл очганда Яратгандан юртга тинчлик, хотиржамлик, фаровонлик, серобчилик, мўл-кўлчилик бўлишини бежизга тиламайди. Чун-ки бу неъматлар инсон ҳаёти учун энг олий неъматлардир. Бу неъматлардан  баҳраманд бўлган ҳар бир инсон шукронасини ҳам адо этиши мақбулдир. Неъматларнинг бардавом бўлиши унинг шукрини адо этилишига боғлиқ.

         Шукр сўзи луғатда “миннатдорлик”, “розилик” маъноларини англатади. Истилоҳда эса яхшилик қилган кишининг амалини эътироф этишни шукр дейилади. Шукр қилиш қалб билан, тил билан ва амал билан адо этилади.

         Инсоният тарихига назар солсак, аждодларимиз кўплаб уруш, қаҳатчи-лик, очарчилик, қурғоқчилик, талончилик йилларини бошидан ўтказган. Ам-мо,барчасига Аллоҳдан нажот сўраб, сабр-тоқат билан шукр қилиб, ҳаёт ке-чиришган.

Кўп узоққа бормайликда, 20-асрнинг охирлари ва Мустақиллигимиз-нинг дастлабки йилларини эсга олайлик.Тузум ўзгариши арафасида баъзи ношукур корчалон  мансабдорлар ўз манфаатини ўйлаб, савдо омборларидаги  ноз-неъматларни ғарамлаб ташиб олди. Натижада дўконларнинг пештахталари бўшаб қолди. Оқибатда, мамлакат ичкарисида танқислик вужудга келди. Шу туфайли бир неча йил қийналган халқ борига шукр қилиб, сабр-қаноат билан яхши кунларнинг келишини Яратгандан сўраб яшади.

Мустақиллигимиз туфайли орзу қилинган кунларга ҳам етдик. Ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракатлари билан юртимизда фаровонлик бошланиб, қимматчилик ва танқислик бартараф этилди. Шу билан тинчлик ва осойишталикка замин яратилди. Яратганнинг бу иноятига шукр демай бўладими? Бошимиздан кечирган танқислик, қимматчилик йилларини унутмаслигимиз лозим.

Ҳеч кимга сир эмаски, мўл-кўлчилик, тўқчилик, фаровон ҳаёт бошлангач, бир оз қорнимиз тўйиб, чорак аср муқаддам рўй берган танқислик туфайли бошимизга тушган қийинчиликларни унутдик. Маракаларда, тўйларда баъзи кимсалар томонидан ризқ-рўзимиз бўлган неъматларнинг исроф бўлиб, кўплаб ушатилган нонларнинг увол бўлаётгани бунинг исботидир.

Катта ва муҳташам тўйхоналарда сават-сават исроф бўлаётган нон ва бошқа моддий неъматларни кўрган киши ҳайратга тушиши табиий. Бу исроф бўлган неъматлар  кунжара, ем ўрнига молга берилаяпти. Наҳотки, Роббимиз ато этган чексиз ноз-неъматларнинг шукронасини демай, ношукурликка юз тутган бўлсак! Айтмоқчи бўлганимиз, ўша машъум кунларга тушмаслик учун неъматларни қадрлашимиз, уларнинг шукрини адо этишимиз лозим эмасми?

         Аллоҳ таоло “Иброҳим” сурасининг 7-ояти орқали “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” дегани  барчага тегишлидир.

         Аллоҳ таоло беҳисоб неъматларни ато этиб, барчамизга ризқ-рўз улашган экан, шуларнинг ичида инсон ҳаёти учун энг муҳими нондир. Аждодларимиз “Ноннинг увоғи ҳам нон, увол қилиш катта гуноҳдир”, “Нонни хор қилсанг, у сени кўр қилади”, –деб, сабоқ беришганини унутмаслик керак. Нонни азиз тутиб, бир увоғини ҳам исроф қилмаслик ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

         Аллоҳ таоло: “Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки У исроф қилгувчиларни суймас” (Аъроф сураси, 31-оят), деб марҳамат қилди.

Амр ибн Шуъайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исрофга йўл қўймай ва такаббурлик қилмаган ҳолда е, ич, кийин ва садақа қил”, деганлар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).       

Тўғри, халқимиз азал-азалдан ўзининг меҳмондўстлиги, саховтлилиги, бағри кенглиги билан бошқа элатлардан ажралиб туради. Шунга кўра урф-одатимиз бўйича ўтказилаётган диний маросимларимиз, миллий байрамларимиз, тўйларимиз жуда кўп. Бу анъаналар ҳозирги тўқчилик даврида яна-да авж олган. “Сендан мен камми” дегандек, ўтказилаётган маросимлар бирини иккинчиси “босиб” ўтаяпти. Шу туфайли исрофгарчиликлар юзага келаяпти. Афсуски, юқорида таъкидланганидек, ортиб қолган ноз-нематлар ҳайвонларга берилаяпти. Пайғамбар алайҳиссаломнинг “Тежамкор одам асло қашшоқлик кўрмайди” деб айтганларига амал қилсак, иншааллоҳ кўп ҳикматларга эга бўламиз.

            Кимки бўлса тежамкор

            Доим унга омад ёр.

            Бу мақолни унутманг,

            Ҳар сўзида ҳикмат бор.

         Аллоҳнинг яратган ноз-неъматларини  суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик билан исрофгарчиликнинг  олдини олсак нур устига аъло нур бўларди.

Бекназар Шомуродов – Каттақўрғон туман “Ризвон бобо” жоме масжиди имом ноиби


Киритилган вақти: 06/08/2020 13:58;   Кўрилганлиги: 880
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/shukr-nematlarning-kopayishiga-sabab-boladi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 18:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг