Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

РАМАЗОННИНГ САВОБИ ЧЕКСИЗ...

 
 

Ҳар бир мўмин киши муборак Рамазон ойи келишини интиқлик билан кутади. Қуръони каримнинг мазкур ойда нозил қилина бошланиши бу ойнинг нақадар улуғлигидан далолат беради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган.  (Бақара сураси, 185 оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бу муборак ойнинг ташрифи ҳақида марҳамат қилиб: Бу ойда  жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамнинг эшиклари эса беркитилади, шайтонлар кишанланади, деганлар. (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, аммо рўза Мен учун. Унинг мукофотини ўзим бераман, деб марҳамат қилади (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, рўза банданинг тақвосини оширади, инсонни улуғ мартабага кўтаради. Бой-камбағал, шоҳу-гадо, ҳамма-ҳаммани бир қаторга қўяди.  Албатта, Рамазон ойи хайру-эҳсон ойи. Гуноҳлар мағфират этилиб, Аллоҳ рози бўладиган амаллар эвазига  кўплаб савобларга эга бўладиган ой. Лекин, йиллар бир-бирига ўхшамаслиги мумкин. Бу йилги Рамазон  дунё мамлакатлари халқлари саломатлигига хавф солиб турган тожсимон вирус касаллиги авж олган, кучли шамол ва сув тошқинлари каби табиий офатлар билан синалаётган мураккаб кунларга тўғри келди. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг синовли кунларидир.   Мамлакатимиз аҳолиси синовли кунларни бошидан ўтказмоқдалар. Аллоҳнинг инояти билан Муҳтарам Президентимиз бошчилигидаги ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида  зарур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида талофат оқибатлари бартараф этилиб, юртдошларимиз ўз уйларига қайтиб келмоқдалар. Эзгуликка ташна халқимиз эса бундай синовли кунларда одамийликнинг энг юксак намунасини кўрсатиб, ўзгалар дардини ўз дарди деб қабул қилдилар. Жабрдийда юртдошларимизга меҳр-мурувват, саҳоват ва кўмак қўрсатдилар. Уларни  ҳам моддий ва ҳам маънавий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлашда давом этмоқдалар.

Мамлакатимизда карантин ва чеклов қоидалари амал қилиб турганлиги сабабли, мўмин-мусулмонлар ушбу Рамазон ойида ўтказадиган ифторлик эҳсонларини оммавий тарзда ўтказиш мумкин эмас. Албатта бу муборак ойда эҳсон учун атаган маблағларни қўлларида қолиб кетмаслиги учун ҳар-бир киши қайғуриши лозим бўлади, бошқача қилиб ифодалайдиган бўлсак,  эҳтиёжманд кишиларлар учун очилган махсус ҳисобга ўтказиб беришимиз жуда фазилатли ва савобли иш бўларди. Маҳаллий ҳокимликларимиз томонидан меҳр-саҳоватга муҳтож хонадонлар рўйхати шакллантирилган. Эҳсонимизнинг ана шу муҳтож инсонлар қўлига бориб тушиши эса, ўша инсонларнинг дилини равшанлаштиради, мушкулини осон қилади, ҳаётга, яшашга бўлган иштиёқини оширади.

Муборак Рамазон ойи барча юртдошларимизга хайрли ва барокатли бўлсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

  Н.Темирова - ЎМИ вилоят вакили хотин қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси

 


Киритилган вақти: 15/05/2020 10:49;   Кўрилганлиги: 962
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/ramazonning-savobi-cheksiz
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 04:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг