Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қуръон ўқиб йиғламайдиган кўзларимиз учун йиғлайлик.

 
 

Қуръон Карим мўъмин-мусулмонларнинг кундалик дастури амали бўлганлиги учун уни доим ўқиб, эшитиб унга амал қилиб боришга буюрилганмиз. Қуръон Карим тиловатининг ўзи бир ибодат. Усмон ибн Аффон р.а. Расулуллоҳ с.а.в.нинг бундай деганларини ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир”. (Имом Бухорий ривояти).

Жалолиддин Румий ҳазратлари: “Қуръонга кўзинг билан боқсанг ёзувни кўрасан. Ақлинг билан қарасанг илмни кўрасан. Қалбинг билан боқсанг ишқни кўрасан. Бутун руҳинг билан боқсанг Роббингни кўрасан.”- деган. Ҳар бир мўъмин-мусулмон ушбу тўрт мартабанинг бирида бўлишлиги лозим деб ҳисоблаймиз. Афсуски, бугунги кунда орамизда бешинчи ҳолат, яъни Қуръон Каримни ўқишга интилмаётган биродарларимизга маслаҳат беришга мажбурмиз.

 Ойша онамиз р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:“Қуръонни маҳорат билан ўқувчи қорилар улуғ фаришталар билан биргадирлар. Уни тили қийналиб ўқийдиган қориларга икки ҳисса ажр берилур”. (Бухорий ва Муслим ривояти). Қарангки, равон ўқийдиган қориларга нисбатан, қийналиб ўқиганларга Аллоҳ таолонинг марҳамати яна ҳам кенгроқ экан.

Пайғамбаримиз а.с. яна бир ҳадисларида айтган эканлар: “Ким Қуръонни ўқиб, унга амал қилса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг ота-онаси бошига бу дунё қуёшидан ҳам чиройли нур берувчи тож кийгизади. Қуръонни ўқиб унга амал қилган қорининг ўзига нима гумонингиз бор?!”(Имом Абу Довуд ривояти).Бугунги кунда ёшлари кексайиб қолган кишиларга ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматини қарангки, фарзанди ёки неварасини Қуръон ўқишга муяссар қилган кишиларни қиёматдаги мақомларига ҳамма ҳавас қилади. Шундай экан, ҳар биримиз, бизни йўқдан бор қилган буюк Роббимиз бўлган Зотнинг каломини ўқиб, ўрганиб тушуниш ва унга амал қилиш ҳаракатида бўлмоғимиз лозимдир.

Абу Саид Худрий р.а. Пайғамбаримиз Муҳаммад а.с.дан ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Улуғ Раббимиз бундай дейди: “Ким Қуръон тиловати билан машғул бўлса ва Мендан бирор нарса сўрамаса, сўровчилар сўраганидан афзалроқ нарсаларни унга ато этаман”. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан афзаллиги Аллоҳнинг бошқа махлуқотлардан афзаллигидекдир” (Имом Термизий ривояти). Биз бандалар ҳамиша нимагадир муҳтожлик сезамиз. Буни Аллоҳ таоло билиб туради. Дуо қилиб уни Аллоҳдан сўраймиз. Қуръон ўқувчини Аллоҳ таоло шунчалик ўзига яқин олар эканки, ўша ҳожатларимизни сўрамасак-да Ўзи ундан афзалроқ қилиб беришни ваъда қиляпти. Бизларга бу неъматдан бошқа яна нима керак?

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Уйларнинг энг ёмони, унда Аллоҳнинг китобидан бирон нарса бўлмаганидир”(Имом Ҳоким ривояти)

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Каломини ўқувчилардан ва унга амал қиладиганлардан қилсин!

Ҳожи Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ  Ургут тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 14/10/2020 09:55;   Кўрилганлиги: 803
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/quron-oqib-yiglamaydigan-kozlarimiz-uchun-yiglaylik
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 01:36
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг