Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Одоб иймон гавҳари

 
 

Аллоҳ таолога У Зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин! Набийларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал саловату саломлар бўлсин!

Ислом одоб динидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг гўзал одобларни етказиш учун юборилганликларини баён қилиб бундай  дедилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мен яхши ахлоқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Одоб сўзи арабча «адаб» сўзи бўлиб, яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп экан, деганидир. «Кийиниш одоби» деганда яхшилаб кийиниш тушунилади. «Суҳбат одоби» деганда суҳбатни энг яхши савияда олиб бориш кўзда тутилади.

Одоб сўзига бир нечта таъриф берилган. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз. Абу Зайд роҳматуллоҳи алайҳи: “Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши урунишга ишлатиладиган ном”, деган бўлса, Абу Муҳаммад ўз асарида: “Одоб одамларни мақталган нарсаларга чақирганлиги учун одоб деб номланган”, дейди. Яна, одоб ҳақида “Мақтовга сазовор сўз ва амални ишлатиш ва риоя қилиш одобдир”, “Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир”, “Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир”, дейилган.

Ислом дини ҳар бир ишни мукаммал даражада пухталик билан бажаришга буюради. Шунингдек, динимиз ҳар бир ишда одоб-ахлоқ масалаларига ҳам катта эътибор қаратади.Чунки Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишда одобнинг ўрни жуда муҳим. Беодоблик барча нарсани, жумладан, амални ҳам, қалбни ҳам, тилни ҳам, бошқа барча уринишларни ҳам бузади. Одобсиз одам бирор нарсага эришиши, жамиятда яхши ўрин топиши мумкин эмас. Одобсиз киши ҳатто бошқалар билан алоқаси, муносабатларини ҳам яхшилай олмайди. Қуръони карим, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ҳамда буюк уламои киромларимизнинг панду насиҳатлари бизни одоб ва гўзал хулқ билан зийнатланишга чақиради. Уламоларимиз бутун умрларини илм ҳосил қилишга сарфлаганлар. Улар фақат илм олибгина қолмай, эгаллаган илмларини одоб билан безаганлар. Ҳаётлари давомида орттирган тажриба ва кўникмалари билан барчага намуна бўлиб, ўзларидан кейин шогирдларига мана шу одобларга амал қилишларини васият қилиб кетганлар.

Яхши одоб аслида нафснинг камолотга етгани, унинг интизомлилиги, жиловлангани ва яхшиликда эканининг аломатидир. Аксинча, беодоблик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомда эмаслиги аломатидир.

Шунинг учун ҳам ота-она болаларига доимо одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари лозим. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси  ва зарурийси одобдир. Саъийд ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига яхши одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қила олмайди”, - дедилар” (Термизий ривояти). Демак, ота–она ўз фарзандига берадиган одобдан яхши ҳадя бераолмас экан. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Киши фарзандини одобли этиб тарбиялаши унинг учун ҳар куни ярим соъ садақа қилишидан яхшироқдир”, дедилар” (Имом Термизий ва Аҳмад ривлят қилган). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизни ҳурматланг ва уларнинг одобини гўзал қилинг”, - дедилар” (Ибн Можа ривоят қилган).

Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу: “Аввал одоб, сўнг таълим беринглар”, - деганлар. Абу Абдуллоҳ Балҳий: “Нафснинг одоби илмнинг одобидан кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидан каттароқ”, деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак айтганлар: “Агар менга, бир кишида аввалгилару охиргиларнинг илми бор, деб сифатлашса-ю, унда одоб бўлмаса, у билан учрашмаганимга афсусланмайман. Агар бир киши ҳақида нафс одоби бор деб эшитсам, унга йўлиқишни орзу қиламан, учрашмасам афсусланаман”.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, одоб – инсоннинг кўрки, ҳаётимизнинг мағзи, иймон гавҳари деган хулосага келиш мумкин.

Боходиров Фахриддин - Каттақўрғон тумани “Янгиравот” жомеъ масжиди имом-хатиби


Киритилган вақти: 26/06/2020 09:41;   Кўрилганлиги: 957
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/odob-iymon-gavhari
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 14:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг