Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ОЧИЛГАН ҚАЛБ

 
 

Анора онасини кириб келишини кутмагани учун, шошиб ўрнидан турди, кўз ёшларини шоша-пиша артиб, онасига пешвоз чиқди.

-Келинг онажон, ассалому алайкум, яхши келябсизми, уйдагилар яхшими. Она барибир онада, Аноранинг юзлари сўлғин, кўзлари шишган ҳолатда кўрган она ҳеч нарсани сезмайди дейсизми.

Тўртта опа сингил ичида шу Аноранинг ҳаёти озгина нотинч, хўжайини Давлат кўп ичадиган муштизўр эди. Унга на онаси, на қариндошлари гап уқдира олишади. Гап бошлашлари билан, - ичсам сенлардан пул сўраябманми, деб оғзидан чиққанини ёқасига ёпиштиради.

Яхшиямки Анора ибодат билан машғул. Номозлари бор, жойномозга чиққан вақт, бутун дунёни ташвишини унутади. Ҳеч шу сокин ҳаловатдан ажралгиси келмайди. Қанийди, бўш вақти кўп бўлсаю, тоатларини узоқ давом эттирса.

Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор деганларидай, кун ора ичиб келиб, тўртта қиз туққани учун дўппослайдиган Давлатнинг ҳам бир яхши одати, хотини номоз ўқиб бўлгунича бирор марта халақит қилмаган. Анора шунисига ҳам шукр қилиб, Худодан бир ножот кутиб яшар эди.

Орадан яна беш йил ўтди. Ҳамон эски одат, эски хулқ. Шу жанжал, шу можаро. Қизлар анча улғайиб қолишган, фариштадай бўлган оналарининг кўз ўнгида аёвсиз калтакланиши улар учун жуда оғир эди. Ўзларини қиз бўлиб туғилганлари учун гуноҳкордай сезишар эди.

Бир куни Давлат шу қадар кўп ичганидан уни ўртоқлари кўтариб олиб келдилар. Бир соатча кўзи илинган Давлат уйғониши билан, -Анора! деб ҳўкиздай бўкириб юборди. Қизларига дарс тайёрлатиб ўтирган Анора шўрлик ўқдай отилиб эрининг олдига чопди. Калтаклаш учун баҳоналар қидираётган Давлатга Анора бир оғиз тек гапирмас, жимгина тинглар эди. Ярим соат жавраган Давлатнинг негадир бир зумга овози ўчди. Қулай пайтдан фойдаланган Анора Хуфтон номозини ўқиб олишига рухсат сўраб ўрнидан қўзғалди. Ҳар куни ўн минутда ўқиб бўлинадиган номоз бугун бир соатда ҳам тугамас эди, негадир хотини номозни узоқ ўқигани учун, ажабланиб унга тикилди. Ҳаёлидан шу фикрлар ўта бошлади, Шу бечора менга тегиб нима кун кўрди, урмаган куним йўқ. Нега ҳеч кимга шикоят ҳам қилмайди, қанча хўрласам, шунча уйим жойим дейди. Мен ношуд нималар қилябман ўзи. Фақат қиз туғилса бундами айб, Худонинг берганида.Шундай аёлни қадрламасам кўзларим кўр бўлмайдими. Охирги сўзларини овоз чиқариб айтиб юборгани учун,бу гапни Анора ҳам эшитди. Жойномоздан тушсам эрим уради, деб қўрқиб туша олмай ўтирган Анора, ибодатдан тўхтаб эрига ўгирилди. Унга қараб йиғлаётган Давлат ўзига нима бўлаётганига ўзи ҳам ҳайрон эди. Беркитилган қалбнинг очилиши балки шудир. Оллоҳ ҳар ишга қодир, буюк зот эканлигига Анора яна бир гувоҳ бўлди, ҳамду сано айта туриб ўзи ҳам йиғлаб юборди. Оллоҳ барчамиздан рози бўлсин.

Хайринисо Эргашева - Иштихон отинойилари аъзоси


Киритилган вақти: 11/07/2020 09:58;   Кўрилганлиги: 115
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/ochilgan-qalb
Чоп этилган вақт: 12/08/2020 02:11
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг