Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мотуридийлик таълимотида иймон масаласи (1-мақола)

 
 

Иймон масаласига тарихда турли оқимлар томонидан турлича ёндашилган. Суннийлик йўналиши олимлари томонидан ушбу оқимлар қарашларининг иллатлари кўрсатиб берлиши билан бирга ўзаро жузъий маслаларда унга таъриф бериш ва униннг шартларини баён этишда ихтилоф қилганлар. Умуман ушбу ихтилофлар асосида кишининг мўмин ёки мўмин эмаслги, унга иймон номини мансуб қилиш ёки мансуб қилмаслик масаласи кабилар юзага келган.

Тарихдан маълумки, илк пайдо бўлган фирқа ва оқимлардан хорижийлар биринчи бўлиб, бу масалани бузиб талқин этганлар. Яъни унга кўра улар ўз томонларида бўлмаган мусулмонларнинг барчасини кофирга чиқариб, ўлдириш ҳалол деган қарашга асосланганлар. Улар гуноҳ ишларни қилган кишини мушрик ва кофирга чиқарганлар ҳамда иймондан чиқишига сабаб бўлувчи амалларга фарзларни бажармасликни ҳам киртиб юборганлар.

Мўътазила оқими эса гуноҳ содир этган мўминни икки манзил ўртасидаги манзилда, яъни мўмин ҳам кофир ҳам эмас балки оралиқ ҳолатида бўлади ва охиратда эса дўзахийдир деган ақидани илгари сурганлар. Бунда улар катта гуноҳларни қилганлар оралиқ ҳолатда бўлади деган қарашни асоссиз равишда келтирганлар.

Мана шундай тарзда ислом оламида диндаги асосий масала бўйича баҳс мунозаралар авж ола бошлади. Мовароуннаҳр ҳам бу тортишувлардан четта қолмади. Сўнг юртимиз олимлари бу борада юзага келган масалаларга ҳанафийликни асос қилиб, турли оқимларнинг нотўғри талқинларига муносиб илмий раддиялар бера бошлади. Жумладан, Имом Мотуридий ўз илмий салоҳияти билан ақидавий масалаларга мукаммал ечимларни берганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Айнан унинг қаламига мансуб асарлар кейинги даврларда турли оқим ва фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қалқон бўлиб, юртимиз уларнинг ғоявий таъсиридан омонликка эришди. Худди шу даврда яшаган суннийлик йўналиши имоми сифатида танилган иккинчи олим – имом Абул-Ҳасан Ашъарий ҳам ақида борасида фаолият кўрсатган. Бироқ унинг ақида масаласидаги мухтасар ёндашуви турли оқимларнинг барча тушунчаларига аниқ раддиялар бермаслигини кузатиш мумкин. Абул-Ҳасан Ашъарийнинг асари кичик ҳажмдаги рисола тарзида юзага келди ҳамда кейинги давр Ашъарийлик олимлари томонидан унинг қарашлари ривожлантирилиб, катта ҳажмли асарлар яратилган.    

Имом Мотуридий илмий меросида эса, ўша даврдаги оқимларнинг қарашлари моҳияти, тушунчаларига раддиялар берилиши билан бирга уларнинг қарашларининг юзага келиш ва омилларига ҳам тўхталинади. Натижада ислом оламида суннийлик қарашларининг бошқа оқимларга берган мукаммал раддиялари мажмуаси юзага келади. Олимлнинг қарашлари “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот аҳл ас-сунна” асарида ўз аксини топган.

Айнан иймон масаласи бўйича суннийлик йўналиши ишлаб чиққан ақидавий тушунча ҳам мукаммал тарзда Мотуридий ва унинг издошларига тегишлидир. Энг аввало айтиш лозимки, иймон шартига амални киритиш сабабидан мўмин кишининг иймонини кучли ва заиф ёки зиёда ва ноқис бўлиши мумкин деган қарашлар юзага келган ҳамда бу ўз навбатида бирор амални қилмаган ёки гуноҳкор ёхуд гуноҳ содир этган кишиларнинг иймонларини ноқис, заиф, ҳатто кофирга чиқаришига олиб борадиган йўлдир.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 13/02/2020 14:43;   Кўрилганлиги: 1100
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/moturidiylik-talimotida-iymon-masalasi-1-maqola
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 16:54
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг