Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари

 
 

Мотуридия мазҳаби ривожига салмоқли ҳисса қўшган уламолар жуда кўп бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги уламолардир:

  • Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий. Имом Мотуридийнинг машҳур шогирдларидан бири. Мавъиза ва ҳикматли гапларни кўп гапиргани учун Ҳаким (ҳикмат билан сўзловчи) номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 345 (милодий 957) йилда вафот этган;  
  • Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (Турли илмлардаги қўшимчалар ва фойдалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 (милодий 961) йилда вафот этган;
  • Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 (милодий 983) йилда вафот этган;
  • Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий. Пазда Насаф шаҳри яқинидаги қишлоқ бўлиб, шу қишлоққа нисбатан бу зотга Паздавий деб нисбат берилган. Паздавий фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан, бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 (милодий 1000) йилда вафот этган. Бу зотнинг зурриётларидан Абулюср Паздавий каби мотуридия мазҳабининг етук намоёндалари етишиб чиққан.

Ушбу шогирдлари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини оммага тушунтириб ва асарларини шарҳлаб мотуридия таълимотини ривожлантириш йўлида хизмат қилганлар. 

Абу Мансур Мотуридийнинг ушбу шогирдларидан кейин яшаган кўплаб олимлар ҳам уларнинг ишларини давом этказганлар ва Мотуридия таълимотини Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур олимлардир:

–  Муҳаммад ибн Муҳаммад Абулюср Паздавий. Ҳижрий 421 (милодий 1030) йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр номи билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:

  • “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;
  • “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;
  • “Воқеот” (Воқеалар);
  • “Мабсут” (Батафсил баён). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.

Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 (1100) йилда Бухорода вафот этган.

–  Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абул Муин Насафий. Абул Муин куняси билан машур бўлган. Ҳижрий 438 (милодий 1046) йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:

  • “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);
  • “Баҳрул калом” (Калом денгизи);
  • Тамҳид лиқоваидит тавҳид (Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш);

Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 (милодий 1114) йилда вафот этган.

–  Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Ҳижрий 461 (милодий 1069) йилда Насаф шаҳрида туғилган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” (инсу жин имоми) номи билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:

  • “Назму жомеъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);
  • “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;
  • “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
  • “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар);
  • “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);
  • “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.

Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 (милодий 1143) йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

  • Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий.  Туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:
  • “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);
  • “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);
  • “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 (милодий 1184) йилда Бухорода вафот этган.

Ушбу олимлар мотуридия таълимотининг ривож топиши ва Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига хизмат қилган энг машҳур олимлар ҳисобланади.

Мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳрдан ташқарида ҳам кенг ёйилишига кўплаб олимлар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:

 Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Бу зот Хуросон[1] ўлкасида яшаб фаолият олиб борган. “Усулуд дин” (дин асослари), “Ақоидул Ғазнавий” (Ғазнавий ақидалари) каби асарлари бор. Жамолиддин Ғазнавий ҳижрий 593 (милодий 1197) йилда вафот этган.   

  • Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан Баёзийзода Румий. Ҳижрий 1044 (милодий 1634) йилда туғилган. “Ишаротул маром мин ибаротил имом” (Имом Аъзамнинг гапларидаги кўзланган мақсадларнинг ишоралари) “Усулул мунифа лилимом Абу Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифанинг юксак асослари) каби асарлари бор. Ҳижрий 1097 (милодий 1686) йилда вафот этган.

– Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳам Камол ибн Ҳумом. Ҳижрий 788 (милодий 1386) йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Камол ибн Ҳумом кўплаб асарлар ёзиб қолдирган:

  • “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати) каби асарлари бор. “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати). Ушбу китоб Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири ҳисобланади. Аммо муаллиф бу шарҳни охирига етказишга улгурмаган. Чунки “Ваколат китоби”га етганда вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода[2] бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфир румуз вал асрор” (Ишоралар ва ички маъноларни очишдаги хулосавий фикрлар) деб номлаган.
  • “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш). Бу китобга Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий[3] “Ҳошияту ала “Мусаяро” (“Мусаяро”га ҳошия) ва Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий[4] “Мусамаро фи шарҳи Мусаяро” (“Мусаяро” шарҳидаги суҳбатлар) шарҳини ёзган.
  • “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси); 
  • “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола).

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 (милодий 1457) йилда Қоҳирада вафот этган.

  • Мулла Али Қори. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султон Муҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган. Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:
  • “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг ҳадис илмига оид “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси) китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;
  • “Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;
  • “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;
  • “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи). Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;
  • “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси). Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир.
  • “Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.
  • “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи ҳақида чаманзор ҳадялари). Бу асар имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.   

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабристонига дафн этилган.

Ушбу машҳур олимлар ўзларининг қимматли асарлари билан Мовароуннаҳрдан ташқаридаги диёрларда ҳам Мотуридия таълимотининг кенг ёйилишига сабабчи бўлганлар. Албатта, бунда Усмонли турк султонларининг Мотуридия таълимоти ривожи йўлида қилган хизматлари ҳам муҳим омиллардан бўлган.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

 

[1] Хуросон жанубий Осиёдаги қадимий минтақа бўлиб, Найсобур, Ҳирот, Балх ва Марв каби шаҳарлари бўлган. Ҳозирги кунда Эрон, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудларига бўлиниб кетган.

[2] Аллома Қозизода ҳижрий 988 (милодий 1580) йилда вафот этган.

[3] Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий ҳижрий 879 (милодий 1474) йилда вафот этган. 

[4] Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий ҳижрий 905 (милодий 1500) йилда вафот этган.


Киритилган вақти: 29/08/2020 12:25;   Кўрилганлиги: 931
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/moturidiya-mazhabining-mashhur-ulamolari
Чоп этилган вақт: 17/04/2024 00:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг