Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мазҳаб бизга нега керак?

 
 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг оила аҳлларига ҳамда бизларга шариат ҳукмларини тўғри тушунтириб, унга тўғри амал қилиш йўлларини кўрсатиб берган мазҳаббоши имомларимизга салавоту саломларимиз бўлсин.

Маълумки, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг ўз динига амал қилишидан асосий мақсади Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир. Бўйсуниш эса унинг буйруқларига итоат этиш ва у қайтарган нарсалардан қайтиш ила бўлади. Аллоҳ таоло ўз буйруқ ва қайтариқларини Қуръони карим ва пайғамбаримиз тилларидан ҳадис шарифларда баён қилган. Шунинг учун ҳам мусулмон киши амал қиладиган барча ҳукмларнинг асоси, яъни далили мана шу икки нарса ҳисобланади. Лекин ҳар қайси инсон Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукмларини тўлиқ ва тўғри тушуниб амал қила олмайди. Шу сабабдан ҳукмларга тўғри ва тўлиқ амал қилиши учун, бу далилларни мукаммал тушуниб, ундан ҳукм олишга қодир инсондан сўрашга мажбур бўлади, эҳтиёжи тушади. Бунга Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам буюрган. Қуръони каримнинг ушбу оятида шундай марҳамат қилинади:

«Агар сизлар билмасангизлар, зикр аҳлидан сўранг» (Наҳл сураси, 43-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери амал қилиб келишмоқда. Асри саодат даврида саҳобалар бир масаланинг жавобини билмасалар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраганлар. У зотдан сўнг эса инсонлар ўзлари муҳтож бўлган масалаларида уламолардан фатво сўраб, унга амал қилиб келганлар. Модомики, инсонлар фатво сўрайдиган муфтийнинг илми ва тақвоси қаттиқ бўлса, унинг айтган гапига ҳужжат талаб қилмасдан амал этилса, мана шу истилоҳда тақлиднинг айни ўзи ҳисобланади. Зероки, тақлидга «бошқа бировнинг гапига далилини билмасдан ёки талаб қилмасдан эргашиш» деб таъриф беришган.

Дастлабки ҳижрий асрларда кўплаб авом халқлар ўзлари ишонган, унинг фатвосини бошқанинг фатвосидан устун қўйган кишиларига мурожаат қилган. Бир пайтнинг ўзида бир кишининг берган фатвоси билан чекланмасдан, хоҳлаган кишидан масала сўрайдиганлар ҳам бўлган. Бунга ўша пайтда мазҳаблар ўзига хос, ҳозиргидек услубда тартибланмагани сабаб бўлган. Лекин улар бу ишларидан фақат динни тушуниб, унга амал қилишни исташган, холос.

Кейинчалик тўрт мазҳаб ўзига хос кўринишда тузилиб, ҳар бир мазҳабнинг китоблари ёзилиб, мадрасалар уларни ўрганиш билан чекланган пайтда бу мазҳабларнинг сўзлари инсонлар ўртасида машҳур ва маъруф бўлди. Барча мазҳаббошилар ўз мазҳабларини Қуръон ва ҳадисдаги далиллар асосида барпо қилдилар. Улар ҳукмларни чиқариб олиш йўлларини араб тили нуқтаи назаридан, ҳукмларни баён қилиш услуби нуқтаи назаридан маълум қоида шаклида тартибладилар. Яъни улар ўз мазҳабларини Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосига кўра тартибладилар. Энди бу пайтга келиб, ўзи шу ишга қодир бўлмаган, яъни шариат асосларидан ҳукм олишга қудрати етмайдиган, бунга етарлича илми бўлмаган ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши вожиб бўлади.

Бир мазҳабга эргашгандан сўнг эса бошқа мазҳабга ўтиб кетиши мумкин эмас. Шу ўринда савол туғилади: нима учун бир пайтнинг ўзида тўрт мазҳабга эргашиб, улардан хоҳлаган бирининг сўзига хоҳлаган пайтда амал қилиш мумкин эмас? Ваҳоланки, барча мазҳаб тўғри йўлда-ку...

Бунга асосий сабаб шуки, агар бирор кишига бу мазҳаблардан хоҳлаган биттасининг сўзига хоҳлаган пайти амал қилишига рухсат берилса, ўша инсон бу ишни шариатнинг асоси бўлган далилга асосланиб эмас, балки ҳавои нафсига эргашиб, ўзининг фойдасига ишлаганда, шахсий манфаатини ўйлаб бу ишни амалга оширади. Яъни бир мазҳабга кўра баён қилинган ҳукмга ўзининг фойдасига ишлаб турганда амал қиладию, зарарига ишлаганда эса уни тарк этиб, ўзининг ҳавойи нафсига мос бошқа мазҳаб сўзига амал қилади. Бу кейинчалик ўша инсоннинг дини бузилишига, яъни тўғри йўлдан озишига сабаб бўлгани учун ҳам бирор уламо бу ишга рухсат бермаган.

Ҳар бир мазҳабнинг кўплаб масалалари ўзаро бир-бирига боғлиқ кўринишда тузилган, уларнинг ўз доирасида амал қилинадиган ўзига хос низоми мавжуд. Агар бир ҳукм олиниб, унга боғлиқ бошқа бир ҳукм тарк қилинса, бу низом бузилиб кетади ва бирор уламо тўғри деб айтмаган талфиқнинг бир кўриниши юзага келади. Омма-халқнинг дақиқ ҳукмларни билиши қийин бўлгани, агар уларга мазҳаблар фикрлари ўртасида танлов эшиклари очилса, улуғ шариат ҳукмларида тартибсизлик ҳолати юзага келгани боис бир мазҳабга амал қилишга эҳтиёж тушади. Мазҳабга эргашиш масаласини тўғри тушуниш керак. Бир мазҳабга амал қилиш дегани ўша мазҳаббошининг ўзигагина бўйсуниш эмас, Аллоҳ сақласин, балки унинг шариат ва унинг далиллари борасидаги илми бошқаларникидан кўра кўпроқ деб ва уни шариат ҳукмларини тушунишига кўмакчи деб ишонилгани учун ёки ўша мазҳабни ўрганиш бошқа мазҳаблардан кўра осонроқ бўлгани учун амал қилинади демакдир.

Инсон модомики ўзи Қуръон ва суннатдан далил олишга етарлича билим ва савияга эга бўлмас экан, танлаган мазҳабининг имоми айтган сўзларига амал қилиши лозим бўлади.

Биз юқоридаги маълумотлардан тўрт мазҳабдан бирига эргашиш вожиб эканлиги, бирига эргашгандан сўнг эса бошқасига ўтиб кетиши мумкин эмаслигини билиб олдик. Шу ўринда савол туғилади: «Қайси бирини танлаймиз, хоҳиш ўзимиздами? Хоҳлаган биттасига эргашаверамизми?..»

Бу тўғрисида Шайх Валиюллоҳ Деҳлавий шундай деганлар:

“Агар бир оми (етарлича илми бўлмаган) инсон ҳинд ёки Мовароуннаҳрнинг қайсидир бир шаҳрида бўлса, у ерда на шофеий, на моликий на ҳанбалий олим бўлмаса ва уларнинг мазҳабларидаги бирор китоб ҳам бўлмаса, унга ҳанафий мазҳабига амал қилиши вожиб бўлади. Ўша мазҳабдан чиқиши эса ҳаром бўлади. Чунки бундай қилмаса, шариатга бўйсунишдан чиқиб кетади. Агар у ҳарамайнда бўлса, унга барча мазҳабларни ўрганиш муяссар бўлгани учун, бир сўзни гумон билан олиши ёки авом халқнинг тилидан олиши, ёки машҳур бўлмаган китобдан олиши кифоя қилмайди. Бу «Канзуд дақоиқ»нинг шарҳи «Наҳрул фоиқ»да зикр қилинганидекдир”.

Булардан маълум бўладики, асосий мақсад Қуръони карим ва ҳадиси шарифда баён қилинган шаръий ҳукмларга амал қилиш, эргашишдир. Авом халқнинг шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга, чиқариб олишга билим ва савияси етмас экан, бир мазҳабга эргашиши вожиб бўлади. Ўзларича ҳукм олиб, шариатга нотўғри амал қилиб қўймасликлари учун. Бир мазҳабга амал қилишни бошлагандан сўнг эса фақат ўша мазҳабга амал қилиш керак бўлади. Бир масалада гоҳида ўз мазҳаби сўзини, гоҳида бошқа мазҳаб вакилининг сўзини олиши, яъни талфиқ қилиши мумкин эмас. Чунки бу ишни кўпинча нафсга енгиллик истаб бажаради. Бу иш эса қайтарилгандир.

Лекин бир мазҳабга амал қилувчи кучли олим бир масала борасида барча далилларни чуқур ўрганиб чиққанидан сўнг бошқа мазҳаб вакилининг сўзини олиши жоиз. Чунки бу ўринда нафсга эргашиб амал қилиш йўқ. Бизларга маълум, ҳанафий олимлари мазҳаббоши Абу Ҳанифа сўзларига қарши фикр билдирган масалалар оз эмас. Худди шерикчиликка экин экиш масаласи сингари: Абу Ҳанифа жоиз эмас деганлар, икки имом эса урф жорий бўлгани учун муайян шартлар билангина жоиз бўлади, деганлар. Чунки мужтаҳид ҳукмларни шариатга киритувчи эмас, фақатгина уни баён қилиб берувчи, ёрқинлаштирувчи ва Аллоҳнинг муродини кўрсатиб берувчи, холос.

Агар инсон бу ишга қодир бўлмас экан, ўша мужтаҳиднинг сўзи Қуръон ва суннатга хилоф бўлмас экан, унга эргашиши вожиб. Агар зукко, тақводор ва инсофли олим ўзи эргашаётган мазҳабидаги масаланинг далилидан бошқа мазҳабнинг далили устунлигини, уларни тўлиқ идрок қиладиган даражада илми бўлиб, чуқур изланишларидан сўнг билса, ўша бошқа мазҳаб вакилининг сўзини олиши дуруст бўлади. Ўша масалада етарлича илмга эга бўлгани сабаб.

Яъни бир мазҳабга эргашувчи дин илмлари билимдони бўлган олим бир саҳиҳ ҳадисни етарлича ўрганиб чиққанидан сўнг унинг ўз мазҳабидан айтилган ҳукмга тескари ва ўша ҳукмнинг далилидан кучли эканини билса, ўша саҳиҳ ҳадисдаги ҳукмга амал қилади. Унга тескари бўлган мазҳабидаги ҳукмга эмас. Лекин бу мазҳаббошисининг қолган сўзларига эргашмаслигига сабаб бўла олмайди. Чунки саҳобалар даврида ҳам уларга баъзи ҳадислар етиб бормаган саҳобалар ҳам бўлган. Энди бу ҳолат тобеин ёки табаа тобеин ҳисобланган мазҳаббоши уламоларда батариқа аъло кузатилиши мумкин. Яъни ўша ҳадисни билмагани учун ёки ўша ҳадис бошқа бир заиф санад билан унга етиб боргани учун ундаги ҳукмга амал қилмай, бошқа бир далилдан ҳукм олиб, ундаги ҳукмга зид ҳукм айтган бўлиш эҳтимоли мавжуд. Зеро, мазҳаббошилар Қуръон ва суннатга билиб туриб, зид гап гапирмайдилар.

Шулардан маълум бўладики, тақлиднинг ҳам бир неча даражалари бор. Улар қуйидагилар: 

  1. Қуръон ва суннатни тўла тушунмайдиган, унинг илмларини чуқур эгалламаган авом халқнинг тақлиди. Буларга диний мадрасаларни битириб, фиқҳий ҳукмларни Қуръон ва суннат ёғдусида бир-бирига таққослай олмайдиган талабалар ҳам киради. Уларнинг барчалари ўз мазҳабига тўлиқ амал қилмоқлари лозим бўлади.
  2. Ижтиҳод қилиш даражасига етмаган, лекин Қуръон ва суннат илмларини билиш доираси кенг бўлган, ўз мазҳабини яхши билган, моҳир устоз қўлида узоқ йил фиқҳ ва фатво билан шуғулланган олимнинг тақлиди. Бундай олим мазҳабининг асосий масалаларида имомга эргашса-да, ўз имомини сўзини шаръий далилга қарши топса, узоқ изланишлардан сўнг далилга мос сўзни топа олмаса, ўша пайт имомининг сўзини кучли деб топган далил сабабидан тарк қилиши мумкин. Бу мазҳаббошининг барча ҳукмлаларда сўзи тарк қилиниши ёки заифлигини келтириб чиқармайди. Чунки ўша далилдан мазҳаббоши хабардор бўлмаган бўлиши ёки ўша далил заиф санад билан етиб келган бўлиш эҳтимолоти бор.
  3. Мазҳаб ичидаги мужтаҳиднинг тақлиди. У ўз имомига асл масалаларда эргашса-да, баъзи фаръий қўшимча масалаларда, янги пайдо бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш имкониятига эга. Аҳли тахриж ва таржиҳ уламолари бунга мисол.
  4. Мутлақ мужтаҳиднинг тақлиди. У мустақил равишда Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукмларни истинбот қила олиш малакасига эга. Унинг тақлиди баъзи саҳоба ва тобеинларнинг сўзида фикр юритиб, Қуръон ва суннат ҳукмларни шарҳлашда ўша сўзни ушлаши билан бўлади. Худди Имом Абу Ҳанифанинг кўпинча Иброҳим Нахаийнинг сўзини, имом Шофеийнинг Ибн Журайжнинг сўзини, Имом Моликнинг Мадинанинг етти фақиҳини сўзини олиб, унга эргашгани сингари.

Хулоса ўринида шуни айтишимиз мумкинки, мусулмон кишининг асосий вазифаси шариат ҳукмаларига тўла-тўкис ва тўғри амал қилишидир. Бу ҳукмларни тўғри тушуниш билан бўлади. Инсон бу билим ва савияга эга бўлмаса, шу ишга қодир шахсга эргашиши билан бунга, яъни динга тўғри ва тўла-тўкис амал қилишга эришади. Умрининг охиригача ҳидоятда тўғри йўлда бўлиши эса ўша мазҳабга ҳаёти давомида эргашиши лозим бўлади. Тоинки, ҳавои нафсига эргашиб, мазҳаблар ўртасини талфиқ қилиб, залолатга кетмасин. Аллоҳ барчамизни ўзининг ҳидоятида то сўнгги нафасимизгача бардавом қилсин.

Акмалжон Ғаниев,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси      

Манба: Azon.uz


Киритилган вақти: 21/11/2019 12:07;   Кўрилганлиги: 1183
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mazhab-bizga-nega-kerak
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 10:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг