Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Мафкуравий иммунитетни шакллантиришда диний қадриятларнинг аҳамияти

 
 

Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бўлган Мустақиллик сабабли юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. Узоқ йиллик исбибдодли тузумдан сўнг миллий ва диний қадриятларимиз қайтадан равнақ топди.

Азалдан халқимизда “дин” деганда инсонни яхши, савобли ишларга, саодатга етакловчи омил сифатида тушунилган.  Ислом дини асосида шаклланган диний ва миллий қадриятлар халқимизнинг турмуш тарзига айланиб, уларни бир-биридан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Ислом дини — миллий маънавиятимизнинг ажралмас бўлагидир. Аммо, ғаразли кимсалар томоннидан бу ҳолатдан фойдаланган ҳолда ислом дини ниқоби остида жамият ичида турли хил экстремистик ва террористик ғояларни тарғиб қилишга бўлган ҳаракатлар ҳозирги вақтда авж олиб кетди. Ислом дини номидан амалга оширилган бундай бузғунчи ғоялар ҳаракати тарихнинг ҳар бир асрида учрайди. Техник воситалар ва ахборот алмашуви чегара билмас даражада ўта ривожланган бир даврда бунёдкор ва бузғунчи ғоялар ўртасидаги бундай ғоявий палигон кенг миқёсда дунё бўйлаб тарқалаётганлиги ҳар бир оқил инсонни хавотирга солмоқда. Мустақиллик сабабли муқаддас динимиз даҳрийлик тазйиқидан ҳалос бўлди, даҳрийлик сиёсатига барҳам берилди. Аммо, ботил ақидалар хуружи дин ва диндорлар учун, жамият учун улкан хавфни юзага келтирмоқда.

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризмдан жамиятни асраш, дини ниқоби остидаги бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий кураш олиб бориш ҳар бир дин арбобининг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолди.

Мафкуравий кураш жараёнлари билвосита инсоннинг энг нозик нуктаси эътиқод ва дин ниқоби остида олиб борилганда бу жуда хавфли тус олади. Бундай жараёнга қарши иммунитетни шакллантиришда диний қадриятларнинг, хоссатан мамлакатимизда аҳолининг катта қисми ислом динига эътиқод қилишини ҳисобга олган ҳолда ислом динининг асл моҳиятини оммага етказиш  муҳим ўрин тутади. Бу сабабли жамиятда биринчидан, диний ақидаларнинг нотўғри шаклланиши олди олинса, иккинчидан исломофобик қарашларнинг тарқалашининг олди олинади.

Ислом динининг асл моҳиятини, ҳозирги вақтда ислом дини даъвоси билан бўлаётган турли зарарли ҳаракатлар динимизга ёт эканини кенг жамоатчиликка тушунтириш лозим. Буюк аждодларимиз, диний арбоб ва уламоларимизнинг тикланаётган илмий мерослари, одоб-ахлоқ ва дин-диёнат ҳақида ёзилган асарлари мафкуравий иммунитетни шакллантиришда энг муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Турли хил бузуқ ақидаларга қарши иммунитетни шакллантиришда ислом дини равнақи ва тараққиётига улкан ҳисса қўшган имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, имом Шоший, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳрор Валий каби уламоларнинг маънавий мерослари жуда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг “Ал-Адаб ал-муфрад” ва “Саҳиҳи Бухорий” ҳадис тўпламлари айниқса диққатга сазовордир. Мафкуравий иммунитетни шакллантиришда ёшларимиз онгига миллий истиқлол ғояларини сингдириш билан бир қаторда диний қадриятларни ҳам етказиш ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон бўлишини таъминлайди. 

Шубҳа йўқки, миллий ва диний қадриятларимизнинг тарбиявий жиҳати жуда кенг ва серқирра жараён бўлиб, ёшларимиз тарбиясидаги ўрни беқиёсдир. Улардаги ватанпарварлик, инсонийлик, меҳр оқибат каби тушунчалар фарзандларимизни иймонли инсофли, юртимизга астойдил хизмат қилувчи юксак маънавиятли шахслар қилиб тарбиялайди.

 

Нодир Қобилов, Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими,

Пайариқ туман “Соғиш ота” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 07/10/2019 16:26;   Кўрилганлиги: 1392
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/mafkuraviy-immunitetni-shakllantirishda-diniy-qadriyatlarning-ahamiyati
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 16:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг