Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Кўринмас душман

 
 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Куч ва Қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар ҳамда оламларга раҳмат ўлароқ юборилган, тўғри сўз ва ишончли бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оиласи, саҳобалари ва тобиъинларига кўплаб солату саломларимиз бўлсин.

Бугунги кунда ўзининг мусулмонлигини даъво қилиб, бироқ динини асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмай, ўрганмай, душманнинг ҳийлаларию найрангларига ишониб, ҳатто билмаганлиги ва англамаганлиги туфайли уларга бу ишларда ёрдамчи бўлиб юрган кишиларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Энг ёмони ана шу динининг асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмаган, ўрганмаган кишилар умрининг аксарини кераксиз, фойдасиз ишлар, кўпроқ ИНТЕРНЕТдаги фитналар, бузғунчиликлар, туҳматлар, ғийбату бўҳтонлар ва шуларга ўхшаш қабоҳатларни ўқиш ҳамда томоша қилиш билан инсонга бериладиган бебаҳо ва қайтарилмас бўлган ВАҚТ неъматини самарасиз ўтказишларидир.

Бунинг оқибатида муқаддас динимизда қораланган, у сабабли кўплаб тоъату ибодатлар, яхшилигу олийликлар ўз вақтидан қолиб кетишига ёки тарк қилинишига сабаб бўладиган, унинг зарари ҳамда оқибатлари нафақат бу қабиҳ сифат эгасига, балки ўзгаларга ҳам юқадиган, доимо ўрганилиши ва ўргатилиши шарт ҳамда инсониятга кўринмас, туганмас душман бўлган дангасалик, эринчоқлик ва ишёқмаслик сифатига эга бўлганларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бунинг зарари нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга бўлиши барчамизга аниқ ва равшандир.

Ана шу маънода яна бир карра динимизда бу касалликнинг зарарлари, оқибатлари ва унга қарши туришда ҳамда сизу биз бу касаллик билан касалланиб қолмаслигимиз учун динимиз кўрсатмаларини ўрганишимиз ва эслашимиз лозим деб билдим ва унга умумий қилиб, “КЎРИНМАС ДУШМАН” дея ном бердим. Бундан буён ушбу мавзуда давомли шаклда мақолаларимизни бериб борамиз.

Бу борадаги барча изланишларимизни ҳамда ўрганаётган илмимизни манфаъатли ва унга амал қилишимизни Аллоҳ таолонинг ўзи осон қилсин.   

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,

ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 


Киритилган вақти: 06/03/2020 18:29;   Кўрилганлиги: 1015
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/korinmas-dushman
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 18:27
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг