Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

КИШИНИНГ МАЗҲАБНИ ЛОЗИМ ТУТИШЛИГИ

 
 

Мазҳаб сўзи луғатда: “مكان الذهاب وهو الطريق” ‒ “Мазҳаб - борадиган макон яъни у йўлдир”, деб баён қилинади.

Истилоҳда:  Мужтаҳидлардан бирининг оят ва ҳадислардан шаръий ҳукмларни чиқариб, ишлаб чиққан йўлига “мазҳаб” дейилади.

Исломда дастлабки фиқҳий ҳукмлар, турли масалаларнинг ечимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан баён этилган. Агар, Қуръонда шаръий ҳукмлар нозил бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ёки амаллари ёки тақрирлари орқали ушбу ҳукмларни инсонларга тушунтирар, батафсил баён қилар, унинг шартларини белгилаб берар, ундаги тўғри йўлни тавсифлаб берар эдилар.

Сўнг ижтимоий ҳаёт тарзининг ривожланиши, ислом ҳудудларининг кенгайиши ва юзага келган турли хил масалаларни аниқлаштириш зарурати туфайли фиқҳий мазҳаблар пайдо бўла бошлади.

Фиқҳий мазҳаблар муайян фиқҳий қоидалар ва принциплар асосида Қуръон ва суннатда келган далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариб олишга асосланган. Мазҳаблар орасида чиқарилган ҳукмлар борасида бироз фарқ бўлиши мумкин.  Аммо, улар жузъий масалаларда бўлиб, ўша ҳукмлар орасидаги ихтилоф мусулмонлар ўртасига тафриқа солмайди.

Мусулмонлар орасида кенг тарқалган ва аксарият катта китобларда расмий деб тан олинган мазҳабларнинг энг машҳурлари Аҳли сунна вал жамоадан бўлган тўрт имомнинг мазҳабларидир.

Улар тарихий келиб чиқишига кўра қуйидагилардир:

  1. Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг “Ҳанафий” мазҳаби. У Ироқда шаклланган.
  2. Имом Молик ибн Анаснинг “Моликий” мазҳаби. У Мадинаи мунавварада шаклланган.
  3. Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъийнинг “Шофиъий” мазҳаби. У Ироқда шаклланган.
  4. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ҳанбалий” мазҳаби. У ҳам Ироқда таъсис этилган.

Энди ҳар бир мусулмонга ана ўша мазҳабларнинг бирига эргашиш лозимдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”[1], деб марҳамат қилади.

Ушбу оятдан, билмайдиган кишилар билмаган нарсаларини доимо олимлардан сўраши ва уларга эргашиши лозимлиги маълум бўлади.

Дарҳақиқат, барча усул уламолари оми одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил сифатида мана шу оятни келтирадилар[2].

Бу ҳақиқат бизларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган иқтидомизда ҳам ўз ифодасини топади. Зеро, биз у зотга оддийгина бир шахс сифатидаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлганлари учун эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг (буйруқ ва қайтариқларини бандаларга) етказувчиси бўлганлари сабабли иқтидо қиламиз, холос[3].

Худди шундай саҳобалар даврида ҳам ислом уммати олим саҳобага эргашган. Ўзларига мавҳум бўлган бирорта масалага жавобни фақиҳ саҳоба орқали топишган ва ўзи учун ўша саҳобага эргашишни лозим тутган. Шу тариқа турли ҳудудларга юборилган фақиҳ саҳобалар ўша ҳудудларнинг мусулмонлари учун эргашиладиган йўлчи юлдуз вазифасини ўташган.

Саҳобалар даврида Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар, ундан кейинги даврда Имом Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрин, Муҳаммад ибн Муслим Зуҳрий, Икрима, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус ва Саид ибн Жубайрлар турли ҳудудлардаги мусулмонлар эргашадиган кишилар бўлдилар.

Бора-бора одамлар юқорида айтиб ўтилган тўрт фиқҳий мазҳаб имомларига эргашишни ўзларига лозим тутдилар. Чунки, ўша тўрт имом ўз даврининг энг етук олимларидан эди. Уларга эргашувчиларнинг сони кўпчиликни ташкил этар эди.

Бу эргашишни янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўша имомлар бутун ислом умматининг, гўёки шогирдлар эргашадиган устозларига айланишдилар.

Ушбу тўрт мазҳаб муаммо ва масалаларни кенг тарзда қамраб олиши билан бирга, ўша мазҳаб имомларининг шогирдлари ҳам устозлари асос солган мазҳабларини ривожлантириб бордилар. Шу тариқа, Ҳанафий, Шофиъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари Ислом миллати учун асл бўлиб қолди.

Мусулмон киши маълум бир мазҳабга эргашмай туриб ўзича исломга амал қила олмайди. Қуръон ёки ҳадисдан тўғридан-тўғри бирор бир ҳукм чиқара олмайди. Бунинг учун мужтаҳид даражасидаги олим бўлса, бошқа гап. Аммо ҳозирги кунда етук олим бўлишига қарамай улар ҳам бирор бир мазҳабни тутиши лозим. Давр нуқтаи назаридан ҳам ушбу тўрт имом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин даврда яшаган.

Шу туфайли, мазҳаб имомлари бирор бир масала ёки муоммога дуч келишса, энг ишончли манбалар ва далил-ҳужжатларга таянган ҳолда уларга ечим топиш имкониятига эга бўлишган. Улар Пайғамбаримизга икки ёки уч киши орқали етиб боришган, холос.

Кейинчалик ислом уммати орасида турли ихтилоф ва келишмовчиликлар чиқиб, турли оқим ва фирқаларнинг ислом шариаъти асосларига салбий таъсирлари сабабли, ўша тўрт фиқҳий мазҳабдан бирини тутиш лозим бўлиб қолди. Чунки, Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган ўша тўрт мазҳабнинг йўли айни салафи солиҳларнинг йўли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломни одамларга қандай етказган бўлса, у худди шу тарзда ана ўша тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида сақланиб қолди.

Дарҳақиқат, ушбу тўрт мазҳаб ҳам исломни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давридагидай соф ҳолда сақлаб қолиш мақсадидаги фаолият натижасида шаклланган.

Шайх Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. 

Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид (эргашиш) йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Бу билан у сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилади”.

Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганида уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Бу билан ибн Ваҳб, ҳадисларни тушуниш ва уларни танлашда Имом Молик тушунча бермаса эди адашиб кетар эканман, деб айтмоқчи бўлган.

Яна у шундай дейди: “Агар фиқҳ имоми бўлмаса ҳадис илмлари кишини адаштирар эди. Имом Таҳовий, ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”.

Шу сабабли, ҳар бир мусулмон киши исломга тўғри амал қилиши учун ўша мазҳабларнинг бирига эргашиши лозимдир.

Шуни айтиб ўтиш керакки, ўлкамизнинг аксарият аҳолиси қадимдан то ҳозирги кунга қадар ўша тўрт мазҳабнинг Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит асос солган Ҳанафий мазҳабига эргашиб келади. Юртимиздаги деярли барча китоб ва манбалар ҳам ушбу мазҳаб доирасида ёзилгандир.

 

Равшан ЭЛМУРОДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими

 

 

[1] Наҳл сураси, 43-оят.

[2] Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий. Мазҳабсизлик ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли Бидъатдир. Алоуддин Хофий таржимаси. ‒ Т: “HILOL-NASHR”, 2013. ‒ Б. 95.

[3] Ўша асар. ‒ Б.110-111.


Киритилган вақти: 14/11/2020 11:24;   Кўрилганлиги: 901
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/kishining-mazhabni-lozim-tutishligi
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 07:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг