Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Кечиримлилик-мўминга хос.

 
 

Маълумки, инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири - бу кечиримли бўлишдир. Аллох таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган.

Жумладан: “Агар сизлар афв этсангиз,койимасангиз ва кечирсангиз, у холда, албатта, Аллох (хам сизларга нисбатан) мағфиратли ва рахмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).

Демак, киши биродарини кечириши билан Аллох таоло ҳам унинг гуноҳини кечирар экан. Яна бир ояти каримада кечирган кимсага ажр бериш Аллоҳ таолонинг зиммасида эканлиги баён қилинган:

 “Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳнинг зимасидадир, Албатта, У золим (тажовузкор)ларни севмас” (Шуро сураси 40-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган:

 (Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир.Аллох эзгулик килувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).

Дархақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга харакат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳабаттимиз зиёда бўлади.

         Барча яхши хулк ва сифатларни ўзларида мужассам қилган зот – Пайғамбаримиз соаллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.

         Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари хақида сўралганда шундай жавоб берганлар:

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қурайшликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз соллалоҳу алаҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса разияллоҳу анҳу хамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оксоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо, улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алаҳиссаломни масхара килдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзларининг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ соллалоҳу алаҳи васаллам ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юбордилар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз соллалоҳу алаҳи васалламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифлигидан Аллоҳга илтижо килдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг хузурларига фариштани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар: “Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).

Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз  Пайғамбаримиз соллалоҳу алаҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.

Киши ғазабини ютиб, биродарини кечирса унга жаннатда ҳури ийнлар ваъда қилинган. Бу ҳакда Пайғамбаримиз соллалоҳу алаҳи васаллам шундай деганлар:  “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ тало Қиёмат куни уни чақириб, бутун холойиқ олдида шаҳло кузли хурлардан хохлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш-ғазабни ютишнинг давомидир. Яъни хақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютмайди, балки ана шу ғазабини қузғаган одамдан ўч олишга кучи етса хам, уни кечиради.

 

Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу хақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алаҳи васаллам шундай деганлар:

 “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади:  “Одамларга кечиримли булганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар.Қайси бир мусулмон кечиримли булса,жаннатга киришликка хақлидир””(Имом Мурдавайх ривоятлари).

Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан  саналади. Албатта ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Кечиримли бўлиш инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.

 

Хусен Мирзоахмедов, 

Самарқанд шаҳар “Намозгоҳ” жоме масжиди

имом хатиби 


Киритилган вақти: 10/07/2020 09:40;   Кўрилганлиги: 1232
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/kechirimlilik-mominga-xos
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 02:00
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг