Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Жаноза намози ҳақида

 
 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Жаноза намози дуруст бўлиши учун жамоат шарт қилинмаган. Бир киши (хоҳ у эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин) жаноза намозини ўқиса, намоз дуруст бўлади ва бошқалардан фарз соқит бўлади. Ҳатто жаноза ўқувчи балоғатга етмаган бола бўлса ҳам намоз дуруст бўлади.

Маййитга жамоат бўлиб жаноза ўқиш афзал. Чунки жаноза маййитнинг ҳаққига дуодир. Мусулмонларнинг жамоат бўлиб дуо қилишлари дуонинг қабул бўлишига катта  сабаб бўлади (“Ал-Мухтасар фил-фиқҳил-ҳанафий” китоби).

Бу мавзуда ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан бири “Ал-Фатовол ҳиндия” китобида шундай дейилади: “Жаноза намози ёлғиз имомнинг адо қилиши билан ҳам дуруст бўлади. Чунки жамоат бўлиб намоз ўқиш – жаноза намозининг шарти эмас, “Ниҳоя” китобида шундай келган” (Китобус солаҳ, боб фил жаноза).

Жанозага қатнашувчилар кам бўлганда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида ҳанафий Аллома МуҳаммадАмин ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва васаллам: “Кимнинг жанозасини уч саф мусулмонлар ўқиса, унинг гуноҳлари кечирилади”, - деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом ал-Ҳоким ривоятлари).

Шунинг учун ҳам “Муҳит” китобида айтилади: “Жанозада уч саф қилиш мустаҳабдир. Агар жаноза ўқийдиганлар етти киши бўлса, бири олдинга чиқиб имом бўлади, орқасидан уч киши туради, кейинги қаторда икки киши, охирги қаторда бир киши туради”.” (“Раддул Муҳтор” китоби).

Гувоҳ бўлиб турганимиз хатарли вирус тарқалган карантинли кунларда, шу вирусдан ёки бошқа сабаблар билан вафот этганларнинг жанозаларига камида етти киши йиғилса, фазилатли жамоатга айланар экан. Юқорида зикр қилингани каби уч саф мусулмонлар жанозасини ўқиган маййитга Аллоҳнинг раҳмати бўлишини умид қиламиз.

Демак, бугунги кунда жанозаларга карантин сабабли, заруратдан келиб чиқиб катта жамоат йиғилмаётган бўлсада, мўмин-мусулмонлар тушкунликка тушмасдан, имкон қадар ўз бурчларини бажаришлари ва Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан умидвор бўлишлари айни муддаодир. Чунки Аллоҳ таоло ундан умид қилганларни ноумид қилмайди. Аллоҳ таоло ўтганларимизни раҳматига олсин! Омин! Валлоҳу аълам.

Муаллиф: Ё.Мансров, ЎМИ Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 17/04/2020 12:01;   Кўрилганлиги: 1067
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/janoza-namozi-haqida
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 19:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг