Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ

 
 

Бугунги кунда энг замонавий технологиялардан ва кишилар учун муқаддас ҳисобланган туйғулардан фаол фойдаланган ҳолда инсон онги ва қалби учун олиб борилаётган кураш ўта нозик тус ва хатарли кўлам касб этмоқда. Турли мутаассиб кучларнинг динимиз асосларини, Қуръон карим оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиш, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни ислом билан боғлашга уринаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Мазҳабларни бутунлай рад этиш, замонавий мусулмон жамоаларини исломий тусларини йўқотганликда айблаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлудларини нишонлашни нотўғри, деб ҳисоблаш ҳам экстремистлар ўз ғоявий бузғунчилигида алоҳида эътибор бераётган масалалрдан ҳисобланади.

Воқелик шуни кўрсатмоқдаки, Ер юзининг турли нуқталарида давлатга қарши тарғибот олиб бориш, жамият асосларини, мамлакатдаги тинчлик ва тартибни, мавжуд тузум ва бошқарув тизимини издан чиқаришда ҳам ислом дини ғояларини ғаразли талқин этиш услубидан фаол фойдаланилмоқда.

Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилаётгани, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғ савдоси амалга оширилаётгани, корхоналар ва иншоотларга зарар етказилаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бундай ҳаракатлар ижтимоий барқарорликнинг издан чиқишига, миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шакилланишига замин яратмоқда.

Жаҳолат, ҳаддан ошиш ва ғулувга кетиш, фирқа ва ҳизбларга бўлиниш, фитна ва хиёнат ҳам замонавий экстремизимнинг асл қиёфасини намойиш этувчи хусусиятлардан ҳисобланади. Қасам ичириб, унга қатъий риоя қилишни талаб этиш, зулм ва зўравонлик, маънавий-руҳий босим ва тазйиқ ўтказиш билан инсон иродасини синдириш ва берилган кўрсатмани сўзсиз ижро этишга тайёр манқуртга айлантириш услублари ва технологияларини такомиллаштириб бораётганлари эса мутаассиб кучларнинг ўз ниятлари йўлида ҳар қандай разил ишлардан тап тортмаслигидан далолат беради.

Бугунги кунда экстремистик ҳарактлар ўзларининг мудхиш фаолиятини давом эттираётгани замонамиз уламоларини ҳам мазкур масалага яна ва яна мурожаат қилишга, ислом оламининг йирик ва обрўли ташкилотларини махсус фатволар ва қарорлар қабул қилишга мажбур этмоқда. Улар билан танишиш мусулмонларга мавжуд ҳаракатларнинг миқёси ва кўламини англашга ёрдам беради, лоқайдлик ва бефарқликка йўл қўймасликка ундайди, деб ишонамиз ва бу хайрли ишда мақола ва чиқишларимиз билан фаол хизмат қиламиз.

 

Муаллиф: З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби.


Киритилган вақти: 08/10/2019 21:52;   Кўрилганлиги: 1533
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/jaholatga-qarshi-marifat
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 04:10
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг