Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСЛОМДА САБР АХЛОҚИЙ ФАЗИЛАТДИР!

 
 

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга мукаммал саловоту – дурудлар бўлсин! У зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин!

Исломда сабр ахлоқий фазилатлардан бўлиб, мусулмон кишининг руҳий таянчларидан биридир. У мусулмонлар қалбига сукунат ва хотиржамлик солиб, қийноқ бераётган дардига малҳам бўлади. Сабрли киши қийинчиликарни сабот билан қарши олади. Уни чуқурроқ ўйлаб кўрилса, албатта ҳар бир қийинчилик ортида ажойиб ҳикматлар ётади.

Шундай пайтда жоҳил киши хафа бўлади, ўзини ҳар ёнга уради, ғам-ғуссага ботади. Аммо оқил инсон эса, Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар қандай қийинчилик орқасида ҳам ўзига бир яхшилик топишга уринади. Агар сабр бўлмаса, инсон етган балолардан ҳалок бўлиши ҳамда ҳаётдан ортда қолиши турган гапдир.

Сабр – руҳий ҳаёт билан моддий ҳаётни ажратиб турувчи бир тушунчадир. Шунинг учун ҳам Қуръони карим сабрга катта аҳамият бериб, уни мақтаган, обрўсини кўтарган ва сабрли кишиларни “Жуда ҳам ажойиб кишилар” деб атаган. Қуръони каримда сабр тушунчаси 70 та ўринда зикр қилинган бўлиб, бошқа ҳеч қандай фазилат бунчалик кўб зикр қилинмаган. Мана шунинг ўзи ҳам сабрни қандай улуғ тушунча эканлигига ва бошқа кўпгина фазилатларнинг ҳам асоси эканлигига далилдир.

Айтиш жоизки, сабр – барча фазилатларнинг онаси ҳисобланади. Чунки, у инсони қалбида яхшилик оширади. Инсондаги ҳар бир фазилат эса сабрга муҳтождир. Қуръони каримда сабрлилар икки дунёда ҳам Аллоҳнинг зиёда фазлу-марҳаматига сазовор бўлишини таъкидлайди. Жумладан Зумар сураси 10 – оятида шундай дейилади: “Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилр”.

Бошқа оятда эса “Албатта, сабр етганларни қилиб юрган амаллариниг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз” дейилади (Наҳл сураси, 96-оят).

Ким сабрни ўзига лозим тутса, албатта у ютиққа эришади. Сабр енгиллик эшигини очувчи калитдир. Ким сабр қилса, қадр топади. Сабрнинг мукофоти зафарга эришишдир. Баъзи ҳакимлар “Ечими йўқ мушкулнинг ечими сабрдир” – деб айтадилар.

Сабр билан зийнатланиш улуғ зотлар хусусиятларидан бўлиб, улар қийинчиликларни кенг юрак, кучли ирода ва мустаҳкам ифтихор билан қарши олишади. Анас розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳ таоло: Мўмин бандамни суюкли кишиси вафот этса, сўнг у мусибатга сабр қилса, унинг ажри жаннатдир” – дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Сабрнинг турлари бир нечта бўлиб, қуйида баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Сабрли. Сабр ҳавойи нафсни тизгинлаб, ҳурлайди. Натижада сабр инсон учун одатга айланиб қолади. Сабрли инсон жазавага тушмайди, ҳавойи нафс ҳам у билан тортишмайди. Бу мартабага фақат ростгўйлар ва муқарраб бандалар етадилар.
  2. Сабрсиз. Ҳавоий нафс сабр устидан ҳукумронлик ўрнатади. Натижада қалбда сабр учун жой қолмайди. Ушбу турдаги сабр ҳозирда кўплаб учрайди.
  3. Баъзида сабрли ва баъзида сабрсиз.

М.Чориева – Пастдарғом туман бош отинойиси (манбалар асосида тайёрланди)


Киритилган вақти: 16/05/2020 15:07;   Кўрилганлиги: 1151
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islomda-sabr-axloqiy-fazilatdir
Чоп этилган вақт: 23/04/2024 22:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг