Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом – тинчлик дини

 
 

Бугун биз шундай даврда яшаяпмизки “фалон киши коинотда яшаш учун жой буюртма қилибди, фалон компания у номдаги энг юқори технологияларга эга маҳсулотини тақдимот қилибди, буниси қуёш нури билан ҳаракатланадиган учар машина ишлаб чиқибди”, деса ҳеч ким ажабланмай қўйди.

Лекин дунёнинг фалон мамлакатида террорчилик хуружи кузатилибди деса, ер юзидаги етти миллиарддан зиёд одам юрагини ҳовучлайдиган бўлиб қолди. Энг ёмони, сайёрамиз аҳолисининг аксарияти террорни ҳали-ҳануз дин билан ёнма-ён ишлатмоқда.

Қўли қонга ботган, на дини, на миллати, на виждони бор разил кимсалар – террорчилар ўлдирса ҳам, қайсидир жойни портлатса ҳам, қаёққадир ўт қўйса ҳам энг улуғ калима – “Аллоҳу акбар”ни талаффуз қилаётгани диндан бехабар кишиларнинг ана шундай хулосага келишига сабаб бўлаётгандир. Хўш, аслида ҳам шундайми?

Бугун кўпчилик ўйлаганидек, Ислом қўпорувчилик дини эмас, балки тинчлик динидир. Динимиз тинчлик, хотиржамлик, ҳузур-ҳаловат, сулҳ ва омонлик каби маъноларни англатади. Бу номни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаган. Зотан, Буюк Раббимизнинг гўзал исмларидан бири ҳам “Ас-салом”дир.

“Ислом” сўзи “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмас, балки уни Аллоҳ таоло ихтиёр қилган. Ислом, бу – Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

Бу дин шундайки, ҳатто бошқа динларни ҳам инкор этувчи шахсларга нисбатан ширинсуханлик билан чиройли муомала қилишга ундайди. Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга ўзини Худоман, деб даъво қилган Фиръавнга ҳам Аллоҳ таоло юмшоқ ва мулойим сўз билан гапиришга буюрди: (Эй, Мусо!) Сен ўзинг ва биродаринг (Ҳорун) Менинг оятларимни (одамларга) олиб борингиз ва Мени зикр қилишда сустлик қилмангиз! Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у (“Мен – худоман”), деб ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 44-оят).

Ва ҳолбуки, Худойи таоло қодир эди Мусо алайҳиссаломга: “Эй, Мусо, Фиръавнни олдига борганингизда асонгизни ушланг, аждаҳога айланиб Фиръавнни ютиб юборсин” дейишликка. Лекин Худойи таоло Ўзининг энг улуғ пайғамбарларидан бири бўлган, Аллоҳ таоло билан воситасиз гаплашган, Қуръони Каримда у кишининг номлари 136 марта зикр этилган, алоҳида бир Муқаддас китоб нозил қилинган, севимли пайғамбарларидан битталари бўлган бўлсалар-да ширин сўз ва мулойимлик ила муносабат қилишни амр-фармон қилади.

Ислом террорни, фасод ва бузғунчиликни бутунлай қоралайди, лаънатлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида бузғунчилик қилмасликни буюриб: “Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят), шу суранинг 60-оятида эса: “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” деб марҳамат қилган.

Моида сурасининг 32-оятида эса: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”, деб марҳамат қилинган.

Муфассирларнинг таъкидлашларича, аслида ушбу оят ҳукми Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, бироқ у барча мусулмонлар учун ҳам тегишлидир. Оятнинг тақозо этишига кўра, Ер юзида фитна-фасод, бузғунчилик, қотиллик, қўпорувчилик, қароқчилик каби разил ишларни қилган кимсалар қилмишларига яраша жазога тортилиши керак.

Ҳадиси шарифларда: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти); “Ҳақиқий мусулмон унинг қўлидан ва тилидан бошқа мусулмонга озор етмайдиган кишидир” (Имом Бухорий ривояти), дейилган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.

Мана шу таклифлардан келиб чиқиб БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2017 йил 21 декабрь куни “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатга кўра, терроризм, зўравон экстремизм ҳеч бир дин, миллат ва цивилизация билан алоқадор эмас ва боғлиқ ҳолда талқин қилинмаслиги керак.

“Террор” атамаси пайдо бўлганига чорак асрдан ошди. Террор дастидан минг-минглаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлмоқда, миллионлаб заминдошларимиз ўз уйидан, ватанидан чиқишга мажбур бўлиб, сарсон саргардон юрибди. Минглаб болалар таълим олиш у ёқда турсин, уйсиз бошпанасиз, баъзилар ҳатто яқинларисиз ёлғизликда, ночор ҳаёт кечирмоқда. Бу эса терроризм, экстремизмнинг аччиқ мевасидир.

Иброҳимжон ИНОМОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Манба: Hidoyat.uz


Киритилган вақти: 13/02/2020 16:09;   Кўрилганлиги: 1110
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/islom-tinchlik-dini
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 11:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг