Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ислом динида бағрикенглик ғоялари (4-мақола)

 
 

Кўпинча Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги баъзи ўринларни, айниқса, муқаддас уруш – жиҳод тўғрисидаги кўрсатмаларни нотўғри, жангарилик руҳида талқин қилинади. Ваҳоланки, соф исломий нуқтаи назардан қаралса, бундай урушлардан асосан мудофаа мақсадлари кўзланган. Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом) вафотларидан кейин у зотнинг ишларини давом эттирган Хулафои рошидин (тўғри йўлдаги халифалар)лар ҳам озод қилинган ўлкалардаги маҳаллий аҳолига, мусулмон бўлиш ё бўлмаслигидан қатъий назар, мурувват ҳамда бағрикенгликнинг олий намунасини кўрсатишган.

Халифа Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) Шом фатҳига жўнаётган қўшинга берган қуйидаги кўр­сатмалари, бу борада тўлиқроқ тасаввур қилиш имконини беради: «Болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва буталарни кесманг. Туяларни, бошқа ҳайвонлар подасини ўлдирманг... Сиз ўзга ишлар, охиратига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг...».

Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ўзга динларга меҳр-муруввати ва адолат парварлиги билан ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди.

 Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг Қуддус насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ, шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди.

Бу зот Қуддусга фотиҳ сифатида кирганларида «Қуддус ал-кубро» черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортгандилар. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуяб II дўстига ёзган мактубида шундай сўзларни битган эди: «Худо Ўзининг иродасини адо этган... бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Хақиқатан, улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатгоҳларимизга ҳурмат билан қарашди» (давоми бор) 

ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов тайёрлади


Киритилган вақти: 10/07/2020 09:12;   Кўрилганлиги: 82
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/islom-dinida-bagrikenglik-goyalari-4-maqola
Чоп этилган вақт: 12/08/2020 03:40
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг