Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳар қандай гуноҳ – жиноят саналади

 
 

Биз ҳаётда қилишлигимиз ман қилинган ишлар қонунларимиз олдида жиноят, шариатимиз хукумларида эса гуноҳ ҳисобланади-суҳбатимиз давомида жиноят сўзини-гуноҳ деб сўз юритамиз.

Инсон бу ҳаёти дунёда яшар экан, тинимсиз турли гуноҳлар содир этиб туради. Аллоҳ таоло имтиҳон учун гуноҳларни нафсга ёқадиган қилиб, устига-устак шайтонга уни безаб-зийнатлаб туришни амр қилди. Киши гуноҳларга йўлиққанида ўзини тийиб, сақланиши учун ҳам анчагина сабр-матонат лозим бўлади. Ўша сабр матонат фақат иймон туфайли пайдо бўлади.

Аллоҳ таола  Куръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг”. Бақара 188. 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳалол ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча ҳам бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Мен бир одамман, холос. талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиб юбориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», – деганлар. Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, мол топиш, ҳаром касбларни қилиб, мол топиш ва бошқалар киради», – деганлар.

Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Тижорат ниятида йўлга чиққан савдогар сафар мобайнида турли муаммо ва машаққатларга рўбарў бўлади. У на еб-ичишда ва на ётиб-туришда хузур- халоватга эга бўлади. Балки қўлига кирган нарсани еб-ичиб, тўғри келган ерда ётиб-туриб кетаверади. Ва дуч келган машаққатларга эътибор бермай, сабр-матонатли бўлади. Унинг бундай хотиржам ва сабрли бўлишига далда бераётган нарса - ўз юртига олиб бориб сотадиган молидан эришадиган фойдадир. Савдогар шу сабабли ҳар турли машаққатларга қўл силтайди, ўтиб кетади деб хотиржам бўлади. Тижоратидан кўрадиган фойда, уни ҳар қандай машаққат олдида матонатли қилиб қўяди.”

Азизлар қисқача маърузамиздан хулоса шулки ҳақиқий мўмин ҳам худди шу кабидир. Сафардаги савдогар фойдага кўзи етгани учун ҳар қандай машаққатларга сабр қилгани каби, мўмин киши ҳам охиратда кўрадиган фойда - Жаннатни эслаб ҳар қандай лаззатли кўринган гуноҳдан воз кечиб, сабр-қаноатли бўлади. Гуноҳдан воз кечиб қилмадими демак жамиятимизда жиноят камаяди, жиноят йўқ юртда албатта файз барака меҳр-оқибат,тараққиёт ривожланиш бўлади.

Шижоатнинг, жасоратнинг маҳсули бу,

Ироданинг, заковатнинг маҳсули бу,

Улуғ Инсон танлаб олган ҳақ йўли бу,

Ўзбекистон, бундайин бахт ўзи келмас,

Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.   Иқбол Мирзо

Аллоҳ юртимизни тараққиётини зиёда қилгин халқимизни бу йўлда фидойи қилгин.

М.Элмуродов - Нарпай туман Хўжақўрғон жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 25/07/2020 17:49;   Кўрилганлиги: 72
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/har-qanday-gunoh-jinoyat-sanaladi
Чоп этилган вақт: 11/08/2020 21:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг