Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҲАР БИР ИНСОН ЎЗ ЙЎЛИДАН АДАШМАСИН

 
 

Динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга уриниш қаттиқ қораланади.

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш, имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради. Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган бўлиб, “синов, имтиҳон, ҳақ йўлдан тўсиш, оловда азоблаш, ширк, куфр келтириш, ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш” маъноларида учратиш мумкин.

Ҳозирги кунда мусулмонлар ўртасидаги ўзаро келишмовчиликлар, уларни бир-бирига гиж-гижлаш, мусулмон юртларда уруш чиқариб, одамларни қатл ва қувғин қилиш ҳам катта фитна ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси, 217-оят).

Фитнанинг энг кўп ишлатиладиган маъноси бузғунчилик, фисқу фасод қўзғатиш, жамиятда турли асоссиз миш-мишлар тарқатиш, халқни ўз давлатига қарши қўйишдир. Фитнанинг энг ёмон томони шундаки, кўпчилик унинг асл моҳиятини англамайди.

“Жиҳод”, “Ислом давлати қуриш” каби ниқоблардаги урушлар, хунрезликлар қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетди. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар бундай ҳолларда чет элдаги гумашталарининг “фатво”лари билан фитнани оқламоқчи бўладилар.

Мусулмонларнинг бошига тушган кулфатларни ёғдирган “ИШИД” террорчи ташкилоти ҳам замонамизнинг ана шундай фитналаридан биридир. Бинобарин, бу машъум ташкилот сабаб қанчадан-қанча тинч  аҳоли уйини ташлаб, қочоқликка маҳкум бўлди. Миллионлаб ёшлар мактабга боролмай қолди. Қанчадан-қанча аёллар бева, норасида гўдаклар эса етим  қолди. Обод юртлар хонавайрон бўлди. Фикр, мушоҳада қилган киши борки, бу фитналар мусулмонлар бошига фақат кулфат ва аччиқ азоб келтиришини англаб етади. Фитналар домига тушиб қолмаслиги учун ёшларимиз биринчи навбатда дўст билан душманнинг фарқига боришлари керак. Ким бизга тўғри маслаҳат беради, хато ва камчиликларимизни тўғрилайди, кимлар бизнинг қоқилишимизни пойлайди. Ўзини дўст тутиб, фурсат келганда орқадан пичоқ урадиганлар ким? Буларнинг фарқига бориш керак. Ҳар кимнинг гапини ҳақиқат билиб, кўр-кўрона эргашиб кетавермаслик керак.

Бирор янгиликни эшитган тақдирда ҳам, унинг манбасини яхшилаб текшириш керак, бу қанчалик ҳақиқат экани, у кимнинг фойдасига хизмат қилишини аниқлаш керак. Баъзан ёшларимиз интернет ижтимоий тармоқ сайтларида эълон қилинган ёлғон-яшиқ маълумотларни ҳам бошқаларга тарқатадилар, уни муҳокамага қўйиб, одамларни чалғитадилар. Фитналар қаршисида ҳар кимнинг асл қиёфаси фош бўлади. Ҳақиқий ватанпарвар, имонли-эътиқодли кишилар кимлару, хоин-худбинлар кимлар, ҳаммаси аниқ бўлади.

Бизнинг жонажон Ватанимиздаги тараққиёт, бугунги ижобий ўзгаришлар, тинч-фаровон ҳаётимиз кимларгадир ёқмаслиги ва улар бизни чалғитиш учун турли-хил иғво ва фитналар уюштириши табиий. Биз эса бу фитналарга алданмаслигимиз, ёшларимизни ҳам тўғри йўлга бошлашимиз керак. Негаки, юрт тинчлиги, инсон саломатлиги катта неъмат. Улар бор жойда ривожланиш, эркинлик ҳам бўлади. Минг афсуски, айни шу кунларда ҳам фитна ўчоқларида қурбон бўлаётган, уй-жойсиз қолиб, қочоқ бўлиб юрган, урушдан қўрқиб, болаларини мактабга ҳам юбормай қўйган миллионлаб кишилар бор. Бу воқеаларни тафаккур қилган киши, аслида инсон ўз уйида хотиржам истироҳат олиши улкан неъмат эканлигини англайди. Аллоҳ таоло қийинчиликда қолган инсонларга ҳам хотиржамликни қайтарсин!

 Рустамхон ЭРГАШЕВ, Оқдарё туман “Қум” жоме масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 24/10/2019 16:07;   Кўрилганлиги: 361
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/har-bir-inson-oz-yolidan-adashmasin
Чоп этилган вақт: 16/07/2020 09:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг