Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ҳалоллик - барака манбайи

 
 

Аллоҳ таоло инсон зотини ер юзида яшашини ихтиёр қилди ва яшаш учун инсонга беҳисоб нематларни ато қилди. Шу нематлар ичида инсон учун фойдали бўлганлари ва зарар етказадиганлари мавжуд.

Аллоҳ таоло ўз китобида: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз , Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, унга шукр қилингиз!” деб марҳамат қилган. (Бақара сураси, 172-оят).

Демак оятдан кўриниб турибдики, нематларни фақат покиза ва ҳалолидан истефода қилишимиз зарур экан. Аллоҳ таоло ўзининг китобида барча нарсаларни ҳалол ва ҳаромини англатиб қўйган. Муқаддас Ислом динимизда ҳалолликка жуда катта эътибор берилади. Ибодат масалаларида ҳам, тижоратда ҳам, муомилада ҳам. Чунки қилган ибадатларимизни Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши албатта ҳалолликка боғлиқ.

Абу Ҳурайра( розияллоҳу анҳу)дан қилинган ривоятда: “Эй инсонлар, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покни қабул қилур. У мўминларни расулларни буюрган нарсага амр қилган”, деб қўйидаги оятларни ўқидилар. “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: (Пайғамбарларимизга шундай дедик): “Эй пайғамбарлар! Пок (таом) лардан танаввул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, мен қилаётган ишларингизни билувчидирман” .(Муминун сураси, 51 оят).

Тижорат масаласи - инсонларнинг доимий ҳожати тушиб турадиган нарса бўлиб, тижорат билан шуғулланадиган кишилар ҳам ундаги ҳалол ва ҳаром масалаларини яхши билишлари лозим, акс ҳолда ўзларига ва ўзгаларга ҳам зулм қилган бўладилар. Уламолар тижоратнинг таърифида бир бирига яқин, бир неча маъноларни айтишган:”Тижорат – бирон нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учун сотиб олишдир”, “Тижорат – олди сотди ила фойда излашдир”, “Тижорат – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир”.

Савдода икки томоннинг розилиги шартдир. Бировни зўрлаш, алдаш, мажбурлаш ҳаром ҳисобланади. Имом Муслим ривоят қилган  ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “ Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, деганлар.

Ҳозирги кунда одамлар ичида билиб ёки билмасдан, илмсизлик сабаб турли кўринишдаги  олди бердилар масаласида ҳаромга аралашиб қолиш ҳолатлари мавжуд. Жумладан:

  1. Рибо яъни судхўрлик
  2. Эҳтикор (монополия)
  3. Тармоқли маркетинг яъни (пирамида). Бунда кишиларга кўп ваъдалар беришади ва шулар орқали одам тўплашади. Аъзо бўлганларга турли хилдаги бонуслар беришади. Дунёда тармоқли маркетингни ҳар хил тури бор. Ҳар бирининг ўз йўналиши ва шартлари мавжуд. Бундай савдоларнинг ҳукми ҳаром ҳисобланади.

Сабаби, бу каби ишлардан мақсад олди-сотти эмас, балки кўпроқ фойда кўришдир. Бунда ўн минга сотилаётган маҳсулотнинг асл нархи юз сўмдан ҳам ошмаслиги мумкин. Бундай компаниялар кишиларни кичикроқ миқдордаги пул билан ( бирор махсулотни сотиб олиш билан) компанияга қўшилиш, кейин эса бу пулни бир неча баробар қилиб қайтариб олиш иконияти билан ўзларига жалб қиладилар. Аслида компаниянинг маҳсулот таклиф қилиши кўзбуямачилик холос. Компаниянинг асосий мақсади махсулот сотиш эмас, балки пирамидага кўпроқ одамларни жалб қилишдир. Бу эса қуйидаги сабабларга кўра ҳаромдир. (Илмий тадқиқотлар ва Фатво бериш доимий қўмитасининг 22935- рақамли фатвоси).

Ислом динида нафақат ҳаром, балки шубҳали ишлардан ҳам йироқ бўлиш лозимлиги айтилади. Шубҳа бу - ҳукми ноаниқ бўлган, аслини билиб бўлмайдиган нарсаларга айтилади. Бунинг ҳукмини олимлардан сўраб, кейин фойдаланиш лозим бўлади.

Нуъмон ибн Башир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:”Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:”Абатта, ҳалол очиқ ойдиндир, албатта ҳаром очиқ ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. Уларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади”, дедилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида, ким бўлишимиздан қатъий назар ҳалолликни ўзимизга лозим тутишимиз, динимиз ва жамиятимизни бундай ҳаромга олиб борадиган иллатлардан сақлашимиз лозим бўлади.

А.Яқубов - Иштихон туман бош имом хатиби


Киритилган вақти: 22/06/2020 15:34;   Кўрилганлиги: 910
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/halollik-baraka-manbayi
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 22:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг