Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ГИЁҲВАНДЛИК-УМРНИНГ ЭГОВИ

 
 

Сўнгги пайтларда тобора авж олаётган одам савдоси, наркобизнес, халқаро терроризм ва экстремизм дунё миқёсдаги энг хавфли жиноятлардан саналади. Чунки улар ҳудуд ва чегара билмайди, миллат ва элат танламайди, аксинча, барча халқлар тинчлиги ва равнақига  бирдек раҳна солади. Инсониятни турли кулфатларга гирифтор қилиб, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий ва ҳуқуқий  жиҳатдан ўта хунук ва мудҳиш оқибатларни келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам барчаси юқумли ўлат – вабога қиёсланади. Бу таъриф бежиз эмаслигига гиёҳвандлик балоси мисолида ҳам ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Наркотик моддаларга ружу қўйган кишида аввал тажанглик, кайфиятсизлик, хотира сусайиши каби руҳий ўзгаришлар, кейин терлаш, юрак уриши, оғиз қуриши, озиб кетиш, қўл-оёқ қалтираши сингари жисмоний ўзгаришлар ва боғланиб қолишлар рўй беради. Заҳри қотилни вақтида қабул қилмаса, хуморлик синдроми деб аталувчи оғир дардга йўлиқади. Мунтазам истеъмол қилса, ўткир ёки сурункали заҳарланади. Биринчисида жазавага тушиб, бесабаб кулади, гоҳида йиғлайди. Бора-бора гиёҳвандлик моддасига руҳан ва жисмонан муте бўлиб қолади, ҳаёт завқини уларсиз тасаввур қилолмайди.

Сурункали заҳарланишда банги одамнинг  руҳияти ва феъл-атвори тез-тез ўзгариб туради. У тажовузкор, жаҳлдор ва тажанг кимсага айланади, иродаси ва ақлий қобилия­ти сусайиб, хатти-ҳаракатларини назорат қилолмайди. Ўз талабини қондиришни, қийинчиликларга дош беришни эплолмайди. Гўёки биров уни таъқиб қилаётгандай, сал нарсадан хавотирланиб, васвасага берилади. “Тапбосди” қилганда юрак-қон томир ва нафас олиш тизими сусайиб, териси кўкаради, қон аралаш ичи кетиши, териси қичиши, баданини ҳар хил тошмалар қоплаши, вужуди қалтираши, кўнгли айнаши, қон босими пасайиши кузатилади. У ўлиб қолишдан ваҳимага туша бошлайди.

Гиёҳвандлик инсониятни таназзул ботқоғи сари бошлаётган энг хавфли воситалардан бири ҳисобланади. Чунки энг ваҳший қотиллик ва хунрезликлар кўп ҳолларда гиёҳванд моддалар таъсирига тушиб, ўзлигини тамоман йўқотган одамлар томонидан содир этилаётир.

Энди бутун башариятнинг гиёҳванд бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг. Бу ҳолда ҳеч қандай соғлом муҳит қолмайди, мақсад ва маслаклар ўз кучини йўқотади. Шу жиҳатдан ҳам гиёҳвандлик тарқалишининг олдини олиш, наркотик моддалар савдосига чек қўйиш энг долзарб муаммолардан биридир.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса – пок; покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодатдир. Агар бунинг акси бўлса, ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи, айниқса, ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсалар динимизда ҳаром қилинган. Ҳадисларда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг ифодасидир.

Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”, дейилади. Бу ҳадисдан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром экани аён бўлади. Шунга кўра, маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар гиёҳванд моддаларга ҳам тегишлидир. Гиёҳвандликнинг  ўлимга олиб келишидан уни истеъмол қилган киши ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади, деган хулоса келиб чиқади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни манъ қилган. Банда ушбу чегарадан чиқса ҳамда манъ қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса динимиз кўрсатмаларига зид амалдир.

Демак, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиз экан. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлмоғи зарур. Шу қабиҳ иш ортидан тез бойиб олишни истаган одамлар қанчадан-қанча кишиларнинг умрига зомин бўлаётганига бефарқ қараб туриш мумкин эмас.

Бу разолат манбаи саналмиш гиёҳлар олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, бошланғич ва ўрта таълим даргоҳларигача кириб келаётгани, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб фалак ёзаётгани ақл-идрокли кишиларни бефарқ қолдирмаслиги керак.

Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилояти вакили (манбалар асосида)

 


Киритилган вақти: 02/12/2019 16:34;   Кўрилганлиги: 278
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/giyohvandlik-umrning-egovi
Чоп этилган вақт: 27/05/2020 00:33
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг