Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ер юзида бузғунчилик қилишдан сақланиш

 
 

Ер юзида бузғунчилик, фисқу фасоднинг тури кўп. Ҳар бир тури учун Аллоҳ таоло алоҳида жазо тайин қилган. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Қайси бир қавм савдода ўлчов ва тарозидан уриб қолса, Аллоҳ азза ва жалла уларга ёмғирни тўхтатиб қўяди. Қайси қавм зинони очиқчасига қилар экан, улар орасида ўлим кўпаяди, қайси қавмда рибо авж олса, улар тепасига ақлсиз кимсани ҳоким қилади, қайси қавм ичида қотиллик кўпайса, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмдор қилиб келтиради. Қайси қавм ичида баччабозлик зоҳир бўлса, уларни Ер ютиб юборади. Қайси қавм амри маъруф ва наҳйи мункарни тарк этса, уларнинг амаллари ва дуола­ри қабул бўлмайди”.

Мисол тариқасида ушбу ўхшатиш кифоя қилади: “Тана бир мамлакат, нафс унинг шаҳридир. Қалб мамлакат маркази, тана аъзолари ишчи-хизматчилардир. Ақл унга насиҳат қилувчи мушфиқ вазир. Ғазаб миршаб кўринишидаги разил қул. Олдинги миядаги ўйлаш қуввати хазинабон. Фикрлаш қуввати мия ўртасида, хотира эса орқа мияда жойлаш­ган. Тил таржимон мақомида. Дарҳақиқат, бу аъзолардан ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Кўз ранглар оламига, қулоқ эса овозлар оламига масъул. Булар каби қолган аъзоларнинг ҳам ўз вазифалари бор”.

Айримлар: беш сезги аъзоси нафснинг хизматкори бўлиб, нафс хоҳлаган нарсани уларга етказади, дейишади. Бошқалар эса кўз, қулоқ ва ҳидлаш нафс қарайдиган деразалар. Қалб подшоҳ кабидир. Раҳбар солиҳ экан, қўл остидагилар ҳам со­лиҳ бўлади. Қалб соғломлиги унинг адоват, нафрат, ҳасад, бахиллик, кибр, масхара қилиш, хўжакўрсинлик, макр-ҳийла, тамагирлик каби ботиний касалликлардан холи бўлишидир, дейди.

Ер юзида об-ҳавонинг бузилишига, табиий муҳитнинг издан чиқишига, экин-тикинлар ва қанчадан-қанча масканларнинг вайрон бўлишига мазкур ботиний касалликлар сабаб бўлмоқда. Қуръони каримда бундай дейилган:

Одамларнинг қилмишлари cабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун (ва) қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазоси)ни уларга тоттириш учундир (Рум, 41).

Яъни, қаҳатчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша жазо бўлиб, шу билан бирга, уларни огоҳлантириш учундир. Бу борада буюк муҳаддис, аллома Абдуллоҳ ибн Муборакнинг фикри нақадар тўғри эканини ҳис қиламиз. У зот айтади: “Гуноҳлар қалбни ўлдирганини ва унга доимий хорликни мерос қилганини кўрдим”.

Муқаддас Ислом дини тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликсеварлик Ислом динининг моҳиятини ташкил этади.

Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз кечаю кундуз бу неъматлар шукронасини адо этиб боришимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ибодат ва Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шук­ронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан би­ри юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида радиодан эшитиб, телевидениедан кўриб турибмиз.

Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шук­ро­налар айтишимиз лозимдир. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадри­га етмайди. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойлар­да табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш сабаб шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқда. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, ҳаётимиз тинчлик ва осойишталик неъмати соясида осуда давом этмоқда.

Ҳақиқатан, тинчлик бўлмаса, кўнгилга бошқа нарса сиғмайди. Юрт тинч бўлса, тараққиёт, ривожланиш бўлади, аҳоли меҳнат қилади, ризқини териб, оиласи билан баҳам кўради, уй-жой қилади. Шунинг учун ҳам бу неъматлар қадрига етишимиз лозим.

“Ислом” сўзи тинчлик деган маънога эга эканини инобатга олсак, муқаддас динимизда жамият тараққиётининг асоси бўлган осуда ҳаёт нақадар улуғланишига иқрор бўлиш мумкин. Дарҳақиқат, Ислом динида тинчлик бебаҳо неъмат деб эъзозланади. Шунинг учун ҳам, Қуръони карим оятлари тинчлик учун курашишга даъват қилади. Хусусан, Қуръони каримнинг Бақара сураси 208-оятида:

 Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киринг ва ша­тоннинг изидан эргашманг!..” деб марҳамат қилинади. Оятдаги “ёппасига” сўзи тафсир китобларида келтирилиши­ча, бир томондан, барча инсонларнинг бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги, иккинчи томондан эса, қай йўсинда бўлса ҳам уни барқарор қилишга ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.

Шу билан бирга, Аллоҳ таолонинг:

“У (ер)га соғ-саломат, тинч-омон киринг!” (Ҳижр, 46), деган оятида жаннат аҳлининг ҳаёти тинчлик, осудалик ва саломатликда кечиши таъкидланган. Демак, бу оят бизга тинч­лик ва омонлик нафақат бу дунёда қадрли, балки жаннатда ҳам жуда катта неъмат эканини ҳамда ер юзи инсониятнинг фаровон, ўзаро тотув ва ҳамжиҳат яшаши учун яратилганини билдиради.

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мў­минликнинг му­ҳим белгиларидан ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шартидир. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Қуръ­о­ни каримда:

“Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро,83), дейилган.

Тинчликка рахна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши Ислом динининг тинчлик ҳақидаги таълимоти асосини ташкил этади. Ҳужурот сурасининг 9-оятида ўзаро низоларни ярашиш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка таҳдид қилишда, тажовузкорлик ва зўравонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш зарур. Озодлик, ҳурликни соғиниб, шу йўлда курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнати, орзу-умидлари ва интилишлари рўёбга чиқди. Истиқлол Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратди.

Азалдан юртимизда тинчлик ва тотувлик, ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юксак қадрланган. Чунки инсонлар онгини эзгу фикр эгалласа, ҳар қандай келишмовчилик, бузғунчилик ва ёвузлик рад этилади. Эзгу фикрнинг ифодаловчиси бўлган тил яхшилик ва хушмуомалаликнинг кенг ёйи­лишига, эзгу амалларнинг чуқур илдиз отишига, ҳар бир инсоннинг ўз вазифасини самимий ва сидқидилдан адо этишига ва шу йўл билан мамлакат ривожи ва бунёдкорлигига йўл очади.

Юрт тинчлиги – Ватан озодлиги истиқлол билан чамбарчас боғлиқ. Раҳматли Юртбошимиз таъкидлаганидек: “Агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиз­дан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”. Демак, ҳар бир инсоннинг ўз ишини чин дилдан амалга ошириши, лоқайдлик, бепарволикнинг бўлмаслиги, ўз атрофида кечаётган воқеаларга теран нигоҳ билан қараб, Ватан тинчлиги йўлида ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаши, аждодларимизга армон бўлиб қолган, лекин биз эришган мустақилликни мустаҳкамлашимиз ва тинчлик-осойишталикни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Усмонхон АЛИМОВнинг “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Манба: hidoyat.uz


Киритилган вақти: 15/02/2020 14:47;   Кўрилганлиги: 1135
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/er-yuzida-buzgunchilik-qilishdan-saqlanish
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 11:34
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг