Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Диний бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт кафолати

 
 

Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда тинч-тотув яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган ҳолда таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда ўз миллий ва диний анъана ҳамда қадриятларига риоя қилишлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган.

Бундан ташқари, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бу билан миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди.

БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида нишонланади. Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диний бағрикенгликни таъминлашда Марказий Осиё давлатларининг тарихий қадриятларини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари” мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, УНEССОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, мамлакатимиздаги дипломатик корпус, турли давлат ва жамоат ташкилотлари, юртимизда расман рўйхатдан ўтган 16 та диний конфессия вакиллари, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертлар, Академия ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Зоом платформаси орқали ўтказилган онлайн конференцияни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов олиб борди. Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректор, профессор Шуҳрат Ёвқочев кириш сўзи билан очди.

– Бугунги конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш, истиқболдаги белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилишда таклифлар ишлаб чиқишдир, – дейди Шуҳрат Ёвқочев. – Зеро, мамлакат тараққиётида барқарорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик муҳитини сақлаш устувор аҳамият касб этади. Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти учун ҳам ғоят долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. 1995 йил 16 ноябрда БМТнинг Фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти УНEССО томонидан “Бағрикенглик тамойиллари” декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида “Диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат кўп ўтмай, БМТнинг 73-сессиясида аъзо давлатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинди ва 50 дан зиёд мамлакатлар ушбу ҳужжатни қабул қилиш истагини билдирди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раҳбари Дилором Файзиева мамлакатимизда диний бағрикенгликка бўлган эътибор, миллатлараро тотувликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари хусусида сўз юритди.

Онлайн конференция давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Абдуғаффор Аҳмедов сўзга чиқиб, юртимизда конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат ва ислоҳотлар, амалий чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

– Муҳтарам Президентимиз томонидан сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча соҳалари қатори диний-маърифий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов. 

– 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масаласига бағишлангани, мазкур масала давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини кўрсатади. «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюция жаҳонда турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида илгари сурилгани билан янада аҳамиятлидир. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга экани бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда. Учрашув мобайнида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар ҳамда Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Масулевич ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятга айланганини таъкидлашди. – Асрлар давомида мана шу заминда ривожланиб келган миллатлараро ва диний бағрикенглик ғояларини қадрли мерос сифатида сақлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз керак, – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар. 

– Чунки барқарорлик, бирлик, баҳамжиҳатлик бор жойдагина қудратли давлат ва ривожланган жамият барпо этилади. Энг муҳими, Ўзбекистон халқида ана шундай бағрикенглик бор. Тарихан бу исбот топган. Иккинчи жаҳон урушида турли ҳудудлардан олиб келинган юз минглаб оилалар ва болаларга ўзбек халқи бошпана берди. Ҳар бир оила уларни ўз бағрига олиб, ота-оналик меҳрини улашди. Ўзбек халқининг ана шу бағрикенглиги авлоддан авлодга мерос бўлиб ўтиб келаётгани жуда муҳим. – Мазкур анъанавий халқаро конференцияда мунтазам қатнашиб келаман, – дейди Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Масулевич. 

– Конференция йилдан йилга иштирокчилар сони, мавзулар ранг-баранглиги ҳамда қатнашувчи мамлакатлар географияси кенгайиб бормоқда. Халқаро бағрикенглик байрами бизга Ўзбекистонда кўплаб диний, миллий, маданий марказларнинг тинч-тотув яшаётганини кўрсатяпти. Ҳаётий бир воқеани ёдга олсам: Самарқанддаги черковга борганимда машина ҳайдовчиси айтиб берган ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди. У ўзи тожик, бир қўшниси яҳудий, бошқаси насроний экан. Улар ўз байрамларини бирга нишонлашларини айтганди. Мана шу — ҳақиқий бағрикенглик. Шунингдек, конференция давомида «Тарихий қадриятлар, динлараро алоқа ва диний бағрикенглик; қиёсий таҳлил», «Марказий Осиё давлатларидаги диний вазият», «Замонавий дунёда бағрикенглик: диний, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатлар», «Тарихий қадриятларда диний бағрикенглик тамойиллари», «Ўзбекистон Республикаси – кўпмаданиятли жамият модельи сифатида», «Диний бағрикенглик – жамият тараққиёти пойдевори» ва бошқа мавзуларда диний конфессия вакиллари, диншунос ва ҳуқуқшунос олимлар, соҳа бўйича экспертларнинг маърузалари тингланди. – Асрлар давомида Турон заминида яшаган аждодларимиз диний бағрикенглик тамойилларини ўз турмуш тарзига айлантирган, – дейди Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раиси Серикбай Усенов. 

– Диний бағрикенглик ўзбек халқининг турмуш тарзида муҳим ўрин тутган. Бошқа халқлар ва динларга нисбатан этник маданий бағрикенглик ва тотувлик ўзбек халқига хос фазилатлардан биридир. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон илк диний қарашлар ва тасаввурлар ўлкаси эканига гувоҳ бўламиз. Қадимги Хоразм ҳудудида зардуштийлик эътиқоди вужудга келган бўлса, буддавийлик Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларига эрамизнинг бошларида Кушон империяси орқали кириб келгани ёзма манбаларда ёзиб қолдирилган. Бу эса Ўзбекистонда қадимдан диний бағрикенглик тамойили устувор бўлганидан далолат беради. Қизғин мунозара остида ўтган конференция қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Йиғилганлар томонидан бу каби тадбирлар республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини ҳурмат қилишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғуси, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз экани таъкидланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 19/11/2020 09:04;   Кўрилганлиги: 797
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/diniy-bagrikenglik-tinchlik-va-taraqqiyot-kafolati
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 00:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг