Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Бугуннинг имоми қандай эканидан бехабарларга!

 
 

Шу кунларда интернет тармоқларида “Янги Ўзбекистоннинг янги имомлари қандай бўлиши керак?” номли мақола эълон қилинди. Дастлаб ушбу мавзунинг ёритилишида юртимиздаги ўзгаришларга жонкуярлик борга ўхшайди. Лекин теранроқ мутолаа қилувчи муштарий маълумотлар фақат бир ёқлама экани, муаллиф республикадаги сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан бехабарлиги намоён бўлади.
Аввал, ушбу мавзуга қўл урган муаллифнинг иш тажрибаси, маълумоти, салоҳияти ва диний соҳадан қанчалик хабардор экани билан қизиқдик. Маълум бўлишича, у Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Деҳли университетида, АҚШнинг Шимолий Каролина университетида таълим олган. Хориждаги ташкилотларда фаолият олиб борган. “ВВС”, “Озодлик” дастурларида ҳам чиқишлар қилган. Энди бир ўйлаб кўринг? Сўнгги йиллардаги янгиланишларни ҳис этмаган, аксар умрини чет элда ўтказган ва бугунги кунда кечаётган жараёнларни ич-ичидан билмаган инсон қандай қилиб, юртнинг бугуни ҳақида холис фикр айтиши мумкин.
Таъкидлаш зарурки, диний соҳа ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли диний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш лозим. Уларга нисбатан кўр-кўрона муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳар бир кишининг ўз соҳаси бор. Ўша соҳа доирасида хизмат қилса, аввало ўзига фойдали бўлади. Қолаверса бошқалар учун ҳам керакли мутахассис бўлади. Аммо, ўз доирасидан чиқса, аввало ўзига, қолаверса атрофидагиларга нохолис маълумот билан зарар етказади.
Шу ўринда соҳадан бехабар муаллифга қуйидагиларни билдириб қўйишни лозим топдик:

Биринчи, мақолада “Бугунги мадрасалар дунёвий илмларни бера олмайди”, дея иддао қилинган. Айтиш мумкинки, юртимиздаги диний таълим муассасаларида диний фанлар билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий ва табиий фанлар ҳам ўқитилиб келинади. Жумладан, Ўзбекистон тарихи, фуқаролик жамияти, математика, информатика ва ахборот технологиялари, география, педагогика, психология, мантиқ, оила психологияси, ҳуқуқшунослик, фалсафа, иқтисодиёт каби фанлар ўқув дастурига киритилган.

Иккинчи, муаллиф яна “Қани эди улар бу илмларни хориждаги нуфузли олий ўқув юртларида ўқиса…” деган гапни ёзишдан аввал имомлар фаолиятига доир хабарларни кўздан кечирса яхши бўлар эди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ал-Азҳар университети томонидан имзоланган ҳужжатга асосан масжидларда меҳнат қилаётган имомлар Миср давлатидаги малака ошириш курсларида таълим олади. Имомларга ал-Азҳар университетининг фазилатли шайхлари, таниқли уламолари ва етук олимлари томонидан диний фанлар бўйича ўқув машғулотлари олиб борилади. Шунингдек, ушбу ҳужжатга асосан диний таълим муассасалари талабалари ҳам ал-Азҳар университетида таҳсил олишлари назарда тутилган.

Учинчи, диёримиздаги масжидлар имом-хатиблари томонидан АҚШ, Россия, МДҲ, Шарқий Осиё ва қўшни мамлакатлардан келган таклифлар асосида ушбу минтақалардаги маҳаллий аҳоли ҳамда меҳнат мигрантларининг диний-маърифий эҳтиёжларини таъминлаш ва соф Ислом маърифатини тарқатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўринадики, имом-хатибларимиз ушбу ҳудудлардаги мўмин-мусулмонларнинг илм-маърифатларини янада ошириш учун жуда ҳам зарурдир.
Тўртинчи, биргина 2019 йил давомида имом-хатиблар томонидан 61 мингдан зиёд маърифий тадбир ўтказилгани, телевидениеда 1500 та, радиода 600 та, матбуотда 1000 та, Интернетда 17500 та чиқиш қилинганги бу борада нақадар самарали ишлар бажарилгани, натижа эса имом-хатиблар фаолияти жамият билан чамбарчас боғлиқ эканини яққол ифода этади. Шунингдек, ўтган йилнинг ўзида 3000 нафар ушбу соҳа вакилининг билим ва кўникмалари оширилгани соҳадаги ўзгаришлар замон талабларига мос ҳолда кетаётганини билдиради.

Бешинчидан, аксар уламолар ва имом-домлалар юртимиз ҳамда хориждаги нуфузли олий даргоҳларни тамомлаганларини алоҳида қайд этиш керак. Масалан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Термирхон ўғли ҳазратлари Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида, биринчи ўринбосар Ҳомиджон Ишматбеков Саудия Арабистонидаги Мадина ислом университетини таҳсил олганлар. Яна бир ўринбосар Иброҳимжон Иномов Россия Федерациясидаги Омск давлат университетининг Юридик факультетини тугатган. Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров олий диний маълумот билан бирга Фарғона давлат университетини тамомлаган.
Бир қатор имом-хатиблар Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Россия Федерациясидаги Булғор ислом академияси каби нуфузли даргоҳларда ҳамда дунёвий олийгоҳларнинг сиртқи бўлимларида ўз илмий салоҳиятларини янада ошириш борасида жидду жаҳд қилмоқдалар.
Хулоса шуки, бугунги кунда имом-хатибларнинг билимлари, касб-маҳоратларини ошириш ва замон талабларига муносиб дин пешволари бўлиб етишишларини таъминлаш йўлида амалий ишлар бундан кейин ҳам давом этади.
Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати


Киритилган вақти: 01/02/2020 15:58;   Кўрилганлиги: 1037
 
Материал манзили: https://sammuslim.uz/articles/actual/bugunning-imomi-qanday-ekanidan-bexabarlarga
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 22:48
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг