Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Бефарқлиқ энг ёмон иллат.

 
 

Мартин Лютер Кинг айтади:

Дўзахдаги энг ёмон жой катта ахлоқий муаммоларга бефарқ бўлиб четда турган лоқайд кишиларга тайёрлаб қўйилган бўлса керак".

Мартин Лютер Кинг асли Африкалик бўлган Америка фуқароси. У ўтган асрда Америкада ҳуррият ва инсон ҳуқуқлари учун курашган кўзга кўринган кишилардандир. У куч ишлатишнинг барча турига қарши эди. У ҳатто қурол ишлатиш йўлини тутган қора танлиларнинг ҳаракатига ҳам қарши чиққан эди.У Нобель мукофотини олган энг ёш инсон бўлган. Аммо тинчлик учун бутун кучини сарфлаган бу инсон ирқчиликнинг қурбони бўлди. Унга 1968 йил 39 ёшида суюқасд уюштиришди.

Энди юқоридаги унинг гапига қайтадиган бўлсак, мен кишиларни жаннатий ёки дўзахий дейишдан йироқман. Илло ваҳий билан собит бўлган ҳолатлар бундан мустасно.

Аммо инсон қилмишлари ичида энг ёмони бефарқлик, лоқайдлик, муаммолардан четда туриш эканини биламан. Агар таъбир жоиз бўлса уни хорлик деган бўлар эдим.

Ундай инсонларнинг ҳаётда ўрни йўқ. Дунёда шундай муаммолар борки, ҳатто ҳайвонлар ва жонсиз предметлар ҳам бефарқ бўлмайди ундан. Ҳайвонлар ҳам бу тўғри ўз мавқифига эга бўлмасликни айб ҳисоблайди. Гапларимдан ажабланманг. Ҳали далил келтираман бунга.

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Уҳуд бизни яхши кўради, биз Уҳудни " деганлар.

Яна айтадилар:

"Мен Маккада шундай тошларни билар эдимки, улар менга пайғамбарлигимни айтиб салом берар эди".

Биродарлар! Тошлара, тошлар?! Ҳақ билан ботил курашида бефарқ бўлиб, лоқайд бўлиб туришмаяпди.

Баъзи инсонлар эса дунёда бўлаётган қирғин-баротни, қон тўкилишини худди уруш тўғрисида бораётган қизиқали кинони кўраётгандек бемалол томоша қилиб ўтиради.

Иброҳим алайҳис салом Намруд томонидан оловга ташланганларида ҳатто ҳайвонлар ва паррандалар ҳам бефарқ турмасдан оловни ўчиришга ҳаракат қилган.

Тумшуғида бир томчи сув ташиётган қалдирғочни бефарқлар танқид қилишди:

Ҳой нодон! Сен олиб келган бир томчи сув нимани ҳал қилар эди?!Қалдирғоч деди:

- Биламан, мен олиб келган бир томчи сув бу оловни ўчира олмайди. Аммо мен қайси томонда эканлигимни кўрсатмоқчиман. Қиёмат яқин қолганида мусулмонлар яҳудийлар билан жанг қилишади. Унда яҳудийлар беркиниб олишади. Шунда тошлар, дарахтлар, ўсимликлар тилга кириб: "Эй мусулмон! Эй Аллоҳнинг бандаси! Мана менинг ортимда яҳудий яшириниб ётибди" деб ўзининг бефарқ эмаслигини изҳор қилади. Лоқайдлар арзимас махлуқлардир.

Аммо бу дегани ҳар-бир жанжалга бурнингни тиқавер дегани эмас. Аммо энг камида ўз фикрига эга бўлмоқ бу муҳимдир. Қолаверса ният ва туйғулар инсонни кишиларнинг хаёлига келмаган мақомга кўтаради.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Мағозий" китобида келтирадилар: "Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотидан қайтаётиб Мадина томон юргач дедилар:

"Мадинада шундай кишилар борки, улар сиз билан юрган йўлингизда, босиб ўтган водийингизда бирга бўлишди". Саҳобалар сўрашди:

-Мадинада турибми? Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: Ҳа Мадинада туриб. Уларни узрлари ушлаб қолди.

Усмонли султонлардан бири ўз устозидан сўрайди:

 Устоз! Давлатни нима нарса таназзулга олиб келади?

Устоз деди:

"Менга нима" яъни, устоз айтмоқчики, "менга нима" деб мамлакат тақдирига бефарқ бўлиш мамлакатни таназзулга олиб келади .

Гапимни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг бир гаплари билан якунлайман:

"Лоқайд инсон ботилга ёрдам бермади, аммо ҳақни ёрдамсиз қолдирди".

Ибрагимов Ҳусниддин Ургут тумани “Ёқуб Охун” жоме масжиди имом-хатиби (манбалар асосида)


Киритилган вақти: 06/08/2020 11:58;   Кўрилганлиги: 88
 
Материал манзили: http://sammuslim.uz/articles/actual/befarqliq-eng-yomon-illat
Чоп этилган вақт: 27/09/2020 08:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг